баннер
30 мар 2025
16:16

    Сунъий ақл барчамизни сергакликка чорлаши керак

    Фикр 21 феврал 2025 591

    Сунъий интеллектнинг ривожланиши натижасида кўплаб касблар йўқолиш хавфига дуч келиши мумкин. Бу халқаро тадқиқотчиларнинг фикри.

    Йўқолиб кетиш хавфи юқори касблар рўйхати билан танишар экансиз, баъзиларини кўриб ҳайрон қоласиз. Ахир қандай қилиб бу соҳа эгалари ишини сунъий интеллект бажара олиши мумкин?

    Мени ҳайратлантирган бундай касблардан бири — психолог. Тадқиқотчилар фикрича, кела­жакда психологлар вазифасини ҳам сунъий интеллект бажариши мумкин. Яъни сунъий интел­лектга умумий ҳолатингизни тушунтирасиз, у эса буларнинг барчасини чуқур таҳлил қилиб, сизга керакли маслаҳатлар беради. Шу ўринда кичик тажриба ўтказиш фикри туғилди. Бир хил психо­логик муаммо билан ҳам психологга, ҳам сунъий интеллектга мурожаат қилиб кўрсак...

    Ижтимоий тармоқлар орқали кўпчиликка таниш психологларни изладим. Улардан бири билан боғланиб, қабулига ёзилмоқчи эканимни маълум қилдим. Консультация учун тўловлар­ни тўлаб, шундан кейин тажриба учун ўйлаб топилган психологик “муаммо”ни ёзиб юбор­дим. “Муаммо” қуйидагича эди:

    “Умидсизликка кўп тушаман. Бу баъзан аламзадаликка айланади. Қандай иш бошла­май, ана шу умидсизлик туфайли уни охиригача етказа олмайман. Ҳолатим яхшиланиш ўрнига тобора ёмонлашиб бормоқда. Мендаги бу муаммодан фақат ўзим эмас, оила аъзоларим ҳам азият чекяпти. Нима маслаҳат берасиз?”.

    Психологнинг жавоби қуйидаги мазмунда бўлди:

    “Қадрли мижоз!

    Сиздаги бу ҳолатни бартараф этишнинг, албатта, имкони бор. Бироқ бу бир оз вақт олиши мумкин. Энг аввало, сиз ўзингизни тинглашни ўрганишингиз лозим. Нима хоҳлайсиз, нима­ларни хоҳламайсиз, биринчи навбатда, шулар­ни ҳисобга олиш муҳим.

    Сиз бу ҳолатдан чиқиш учун мақсадларин­гизни кичик­-кичик бўлакларга бўлиб олишин­гиз лозим. Шунда уларнинг амалга ошиши осонлашади. Кичкина ютуқлар эса руҳиятин­гиз тикланишига, ўзингизга ишончингиз орти­шига сабаб бўлади.

    Кейин оилангизни севишни ўрганинг, улар сиз учун энг қадрли инсонлар эканини ўзингизга қайта­қайта уқтиринг. Натижа, албатта, бўлади.

    Истасангиз, бу бўйича махсус онлайн кур­симиз ҳам бор. Янги гуруҳга қабул давом этяпти. Қатнашиш ниятида бўлсангиз, ходим­ларимиз сиз билан боғланади.

    Саволларингиз бўлса, бемалол ёзиб юбори­шингиз мумкин”.

    Энди айни шу “муаммо”га сунъий интел­лектнинг жавобини ўқиймиз:

    “Сиз ҳис қилаётган умидсизлик ва алам­задаликнинг қанчалар оғир эканини тушуниб турибман. Бу ҳис­туйғулар ҳаётни қийин­лаштиради, лекин сиз улар билан курашишга, енгишга қодирсиз. Ҳар қандай муаммога ечим топиш учун биринчи қадам уни тан олиш ва қа­бул қилишдир. Шуни унутманг.
    Умидсизлик аксар ҳолларда инсонни ҳара­катсизликка олиб келади ва бу салбий таъсир кўрсатади. Сиз бошлаган ишларингизни тугал­лай олмаётганингиз сабаби ҳам шу — ишни ту­галлашга интилганингизда руҳий ҳолатингиз, яъни умидсизлик сизга тўсиқ бўлиб туради. Бу ҳолатнинг бир неча сабаби бўлиши мумкин, масалан, ортиқча қайғуриш, ажратиш керак бўлган энергияни аниқлай олмаслик ёки ҳар бир ишни бошлаганда шубҳа билан қараш ва бошқалар.
    Шунинг учун ушбу ҳолатни яхшилашга ёр­дам берадиган бир нечта асосий қадамни кўриб чиқишимиз керак. Биринчидан, ҳадиклардан, қийинчиликлардан қочиш эмас, балки уларга юзма­юз қараш, жиддий ёндашиш зарур. Ўзин­гизга беэътибор бўлманг, таваккал фикрлардан қочманг. Бу вақтда сизга атрофингиздагилар катта ёрдам беради, шунинг учун оила аъзола­рингиз билан очиқ мулоқот қилишга алоҳида аҳамият қаратинг. Уларнинг фикрларини тинг­лаб, биргаликда ҳаракат қилиш ҳолатингизга ижобий таъсир кўрсатади.
    Иккинчидан, ҳар куни нима бўлишидан қатъи назар, кичик­кичик қадамлар қўйишдан тортинманг. Шубҳасиз, бу сизга бошлаган ишларингизни тугаллашга ёрдам беради. Ас­лида, бир кунлик мақсадларни белгилаш ва уларга эришиш кичик қадамлар билан қийин ишларни тугаллаш қобилиятини шаклланти­ради.
    Тўғри тушунинг, ҳар бир инсон ҳаётида қийин ва мураккаб даврлар бўлиши табиий ҳолат. Ўзгаришга кеч бўлмасдан, уларни қа­бул қилиб, ҳамиша олдинга қадам ташлашга эътибор берсангиз, оила аъзоларингиз билан биргаликда янада қувончли, тинч ҳаётга қайта эришасиз.
    Агар берган маслаҳатларим фойда берма­са, сизга шифокор қабулига боришни тавсия қиламан. У бу руҳий ҳолатдан чиқиб кетишга қўшимча ёрдам бериши мумкин.
    Яна ёрдам керак бўлса, мен ҳамиша тайёр­ман. Кунингиз яхши ўтсин”.

    Дарвоқе, психологнинг мижозлари кўпли­ги боис, саволларимга 2 соатдан кейин жавоб қайтарди. Сунъий интеллект эса бунинг учун 1 дақиқа сарфлади. Эслатиб ўтамиз, бу ҳолатда биз иккаласидан бирини устун қилиб кўрсатиш фикридан йироқмиз, хулосани ўқувчининг ўзи­га қолдирамиз.

    Сунъий интеллект бугун бутун бошли тад­биркорлик режаларини ҳам тузяпти. Келинг, уни бу жиҳатдан ҳам синаб кўрамиз. Энг би­ринчи, тажриба учун тўқилган молиявий аҳво­лимизни ойдинлаштирамиз. Демак:

    Биз уч киши бозорда савдо дўкони очиб, тадбиркорлик соҳасига кирмоқчимиз. Асосан, озиқ­овқат маҳсулотлари сотиш­ни режалаштиряпмиз. Умумий сармоямиз — 90 миллион сўм, яъни ҳар биримизнинг улушимиз 30 миллион сўм. Савдо дўкони­нинг ижараси — 5 миллион сўм. Коммунал харажатлар ўртача 500 минг сўм. Кундалик харажатлар ҳам 5 миллион сўмни ташкил этади. Тахминимизга кўра, бир кунда ўр­тача 4 миллион сўмлик маҳсулот сотиши­миз мумкин. Шундан фойдамиз — 20 фоиз. Энди айт­чи, биз қандай қилиб фойдани тақсимлашимиз мумкин?”.

    Сунъий интеллектнинг жавобини ўқиймиз:

    Сиз айтган маълумотларга асосланиб, биз фойдани тақсимлашни оддий тарзда амалга ошириб кўришимиз мумкин.
    Кунлик фойда ҳисоб-китоби:
    Савдо дўконининг кунлик савдо ҳажми ўртача 4 миллион сўм. Шундан фойда маржаси 20 фоизлигини ҳисобга олсак, соф даромад:
    4000000 сўм×0,20=800000 сўм.
    Фойдани тақсимлаш:
    Фойдани тақсимлаш учун ҳар бирингизнинг улушингизни ҳисобга олишимиз керак. Ҳар бирингизга 30 миллион сўмдан бўлгани учун фойда тенг равишда тақсимланади. Демак, фойдани 3 киши ўртасида тенг тақсимласак, ҳар бирингизнинг фойдангиз қуйидагича бўлади:
    800000 сўм÷3=266 666,67 сўм.
    Демак, учалангиз ҳам кунлик фойдадан 266666,67 сўмдан оласиз. Бу келишувингизга қараб ўзгариши мумкин, лекин аниқ жадвалда шу тарзда ҳисобласа бўлади.
    Харажатлар:
    Ижара харажатлари — 5 миллион сўм.
    Коммунал харажатлар — 500 минг сўм.
    Кунлик умумий харажатлар ҳам — 5 миллион сўм.
    Харажатларни ҳисоблаш:
    Ижара ҳақи: 5 миллион сўм. Бу суммани бир ой учун ҳисоблаймиз, яъни 5 миллион сўмни 30 кунга бўламиз:
    5000000 сўм ÷ 30=166667 сўм (кунига).
    Коммунал харажатлар: 500 минг сўм (ҳар ойда). Буни 30 кунга бўлишимиз керак:
    500000 сўм ÷ 30=16667 сўм (кунига).
    Бошқа харажатлар: 5 миллион сўм. Буни ҳам 30 кунга бўламиз:
    5000000 сўм : 30=166667 сўм (кунига).
    Шундай қилиб, умумий ойлик харажатларингиз ўртача 10 миллион 500 минг сўм бўлмоқда.
    Энди ойлик фойда ва харажатларни таққосласак:
    Ойлик фойда: 24 миллион сўм.
    Ойлик харажатлар: 10 миллион 500 минг сўм.
    Соф даромад: 24000000 сўм−10500000 сўм=13500000 сўм.
    Умумий фойда тақсимоти:
    Умумий ойлик фойда 13 миллион 500 минг сўм бўлиб, 3 одам ўртасида тенг тақсимланади: 13500000 сўм÷3=4500,000.
    Шу тариқа ҳар бирингиз ой давомида 4 миллион 500 минг сўмдан фойда оласиз.
    Бироқ бу ҳисоб-китобларга тўла ишониш тўғри эмас. Ташқи таъсирлар натижасида бу кўпроқ ҳам, камроқ ҳам бўлиши мумкин.
    Бундай вазиятда энг тўғри йўл савдони оптимизация қилишдир. Бунда реклама баннерлари ясатиб, кўпроқ одамларнинг эътиборини жалб қилиш, маҳсулотлар турини кўпайтириш, талабгир маҳсулотларни аниқлаштириш ва бошқа бир қанча ечимлар ёрдам бериши мумкин. Агар қўшимча саволларингиз бўлса, мен тайёрман”.

    Айни шу масала билан соҳа мутахассисларига мурожаат қилганимизда эса бунинг учун алоҳида даромад стратегияси тузиш лозимлигини маълум қилди. Шубҳасиз, бунинг ҳам белгиланган хизмат нархи бор экан.

    Яна такрорлаймиз, биз бу кичик тажрибаларимиз орқали қайсидир томонни устун кўрсатиш фикридан йироқмиз. Шунчаки, бу орқали сунъий интеллектнинг ривожланиб бораётган имкониятларидан бир нечтасини кўрсатишни мақсад қилганмиз.

    Сунъий интеллектнинг ниҳоятда тез ривожланаётгани барчамизни сергакликка чорлаши керак. Нима касб танлаяпмиз, нима иш билан машғулмиз, қилаётган ишимизнинг вазифалари келажакда сунъий интеллект билан ўзаро кесишадими — шу жиҳатларни чуқур таҳлил қилишнинг айни вақти. Сабаби дунёнинг энг нуфузли тадқиқот марказлари сунъий интеллектнинг келажаги ҳақида статистикаларни аллақачон эълон қила бошлаган.

    Масалан, Goldman Sachs ҳисоботига кўра, сунъий интеллектнинг Ривожланиши сабаб яқин келажакда дунё бўйича 300 миллион киши ишсиз қолиши мумкин.

    Давлатимиз томонидан сунъий интеллектни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

    Унинг имкониятларини ўз вақтида тўғри баҳолай олганимиз қувонарли ҳодиса. Энг муҳими, олдимизга қўйилган вазифаларни аниқ, самарали бажаришимиз, кундалик ҳаётимизни ҳам шунга мослаштириб боришимиз лозим.

    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech