Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Бугун биз ишлатаётган “ақлли” қурилмаларнинг 80 фоизи сунъий интеллектнинг қайсидир жиҳатини ўзида мужассам этган. Бундан ташқари, молиявий ҳисоботларда айтилишича, биз сунъий интеллект инқилоби марказида турибмиз. 2026 йилга бориб, унинг глобал бозори 39,7 фоизгача ўсиши прогноз қилинаётир.
Шундай бир пайтда сунъий интеллект замонавий илм-фанни қандай ўзгартирмоқда? У илм-фандаги ихтиролар, кашфиётлар ўрнини боса оляптими? Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази — UNICON.UZ
Янги рақамли технологияларини ўқитиш маркази бошлиғи Сайдиаҳрол САЙДИАКБАРОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
— Сунъий интеллект замонавий илм-фанга сезиларли ўзгаришлар киритиб, тадқиқот усуллари, маълумотларни таҳлил этиш ва қарор қабул қилиш жараёнини ўзгартирмоқда, — дейди Сайдиаҳрол Сайдиакбаров. — Инсон биология, кимё, физика, астрономия каби замонавий фанлар ҳар куни ишлаб чиқарадиган терабайт маълумотларни қайта ишлашга қодир эмас. Шу боис, сунъий интеллектга ёрдам сўраб мурожаат қилаётган олимлар сони ортиб бораётир.
Кундалик ҳаётимизда ҳамма билган ChatGPT ёки Алиса каби сунъий интеллектга асосланган виртуал ассистентлардан фойдаланаётганларни кўп кўрамиз. Улар инсон учун энг қадрли бўлган ресурс, яъни вақтни тежашга ёрдам беради. Масалан, машҳур инсон ҳақида маълумот керакми, марҳамат, уч сонияда сизга таҳлил қилинган маълумот электрон кўринишда тақдим этилади. Агар сиз ушбу маълумотни ўзингиз қидирсангиз, бир неча адабиётни таҳлил қилишингизга, ҳаттоки Googleдан қидирсангиз ҳам ўзингизга маъқул келадиган ҳаволани топишингизга 3 сониядан кўп вақтингиз кетади.
Чангюткич кашф қилинганига бир асрдан ошди. Бугунги кунга келиб, чангюткичлар сунъий интеллект ёрдамида инсон ёрдамисиз ишлай олади. Яна бир мисол, қўлимиздаги телефонларда олинган тасвирларга сунъий интеллект ёрдамида ишлов бериш орқали тасвирлардан кераксиз объектларни олиб ташлаш имкониятига эга бўлдик.
Сунъий интеллект тадқиқотларни жадаллаштиришга қанчалик таъсир қила олади, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. У маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш каби кундалик вазифаларни автоматлаштириш имконини беради. Тадқиқотчилар вақтини янада ижодий ва мураккаб вазифалар учун бўшатади. Мураккаб моделлар ва симуляцияларни яратиш учун ишлатилиши мумкин, бу эса фаразларни тезроқ синаб кўриш ва тажриба ўтказиш имконини беради.
Улкан ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлашда унинг ўрни беқиёс. Замонавий илмий тадқиқотлар кўпинча катта ҳажмдаги маълумотларни яратади (масалан, геномика ёки астрономияда). Сунъий интеллект бу маълумотларни тезда таҳлил қилиб, инсон учун ноаниқ бўлган қонуниятлар ва алоқаларни аниқлашга қодир. Машинавий ўқитиш алгоритмлари маълумотларни таснифлаш, натижаларни прогнозлаш ва аномалияларни аниқлашда ёрдам бериши мумкин.
— Фанлараро тадқиқотларда сунъий интеллект қандай вазифани бажаради?
— У илмий фанларни бирлаштиришга ёрдам беради. Масалан, биотиббиёт тадқиқотлари соҳасида сунъий интеллект янги даволаш усулларини ишлаб чиқиш учун генетика, кимё ва клиник тиббиёт маълумотларини бирлаштириши мумкин. Шунингдек, сунъий интеллектдан экология, социология ва иқтисодиёт каби соҳаларда фойдаланиш мураккаб тизимларни ва турли омиллар ўртасидаги ўзаро таъсирларни ўрганиш имконини беради.
Аниқлик ва ишончлиликни яхшилайди. Прогнозли таҳлилларда қўл келади. Клиник тиббиётдан иқлимшуносликкача бўлган турли соҳаларда прогнозлар аниқлигини ошириши мумкин, бу эса янада асосли қарорлар қабул қилишга йўл очади.
Инсон омилини камайтиради. Сунъий интеллектдан фойдаланиш маълумотларни таҳлил этиш ва натижаларни талқин қилишда инсон хатосининг таъсирини камайтиради.
— Янги кашфиёт ва инновацияларда қандай ўринга эга?
— Сунъий интеллект муайян хусусиятларга эга янги материалларни топишга ёрдам беради, бу электроника ва энергетика каби технологиялар учун муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, фармацевтикада сунъий интеллект янги дори ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштириш, молекулалар ўртасидаги ўзаро таъсирларни таҳлил қилиш ва самарадорлигини башоратлаш учун қўлланилади.
Илмий адабиётлар таҳлилида унинг ўрни алоҳида. Тадқиқотчиларга ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича долзарб мақолалар ва тадқиқотларни тезда топишга ёрдам беради, бу эса билим олишни осонлаштиради ва янада самарали таълим олишга кўмаклашади.
Ақлли қидирув тизимлари орқали олимнинг олдинги ишлари асосида тегишли тадқиқотларни тавсия қилиши мумкин.
Сунъий интеллект илмий тадқиқотларга ёндашувларни тубдан ўзгартириб, уларни янада самарали, тезкор ва аниқ қилади. Бироқ илм-фанда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ахлоқий жиҳатларини, жумладан, алгоритмлар шаффофлиги, маълумотларни ҳимоя қилиш ва қабул қилинган қарорлар учун жавобгарлик масалаларига ҳам эътибор қаратиш муҳимдир. Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, сунъий интеллект келажакдаги илмий тараққиётда муҳим роль ўйнашда давом этади.
Швейцариялик астрофизик Кевин Шавински 2007 йилда Galaxy Zoo номли стартапини ишга туширди. Мазкур стартап лойиҳанинг асосий мақсади коинотдаги галактикаларни морфологик таснифлашдан иборат. Лойиҳа номидан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, Galaxy Zoo, яъни галактикалар зоопарки коинотдаги галактикаларнинг кўриниши, ёши ва рангларига қараб уларни саралаш имконини тақдим этди. Мисол учун, Сомон йўли (Milky way) спиралсимон галактика сифатида таснифланади. Интернет фойдаланувчилари ўз тахминлари орқали олимга галактикалар учун тоифаларни таснифлашда узоқ йиллар давомида ёрдам берди. Кевин Шавински интернет фойдаланувчилари тахминлари асосида ишлаб чиққан сунъий интеллект модели эса бу ишни бир кечада уддалай олди.
Бугунги кунда энг машҳур генератив моделлаштириш тизимлари генератив-рақобатли тармоқлар ҳисобланади. Бу тармоқлар шикастланган тасвирларни тиклаш, хиралаштирилган тасвирларни аниқроқ қилиш имкониятига эга. Тармоқ икки қисмдан иборат: биринчиси — ёлғон маълумотлар генератори, иккинчиси — ёлғон маълумотларни ҳақиқий маълумотлардан фарқлаши керак бўлган детектор. Шу тарзда мусобақалашиб, тармоқ етишмаётган ахборотни аниқлашни ўрганади ва аста-секин ривожланиб боради.
Глазго университети кимёгари Ли Кронин янги бирикмалар олиш учун кимёвий моддаларни тасодифий равишда аралаштириш имконини берувчи сунъий интеллектдан фойдаланган. Реал вақт режимида кимёвий реакцияларни масс-спектрометр, ядро магнит резонанси ва инфрақизил спектрометр ёрдамида кузатиш орқали тизим энг реакцион қобилиятли бирикмаларни олдиндан аниқлашни ўрганди.
Крониннинг фикрича, бундай роботлаштирилган тизимлар кимёгар олимлар ишини 90 фоиз тезлаштириши мумкин.
Цюрихда олимлар жамоаси маълумотлар асосида физиканинг машҳур қонунларини қайта ишлаб чиққан нейрон тармоғидан фойдаланган. У Қуёш ва Марснинг осмонда Ерга нисбатан жойлашуви ҳақидаги маълумотларни ўрганиб, Қуёш тизимининг гелиоцентрик моделини қайта кашф этди. Шунингдек, у бир-бирига урилаётган шарларни кузатиш орқали импульснинг сақланиш қонунини яна бир бор тасдиқлади.
“The Book of Why” (2018) китобида информатик олим Жуд Перл ва фан тарғиботчиси Дана Маккензи сабаб-оқибат саволларига жавоб бериш учун маълумотлардан фойдаланиш бефойда эканини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, моделлаштирилмаган маълумотлар таҳлилига асосланган ҳар қандай тадқиқот фақат умумлаштириш ва ўзгартиришга қодир, аммо маълумотларни ҳеч қандай талқин қилмайди.
Бундай тадқиқотларда сунъий интеллектни қўллашнинг муваффақияти илм-фанда одамлар энди керак эмаслигини англатмайди. Бироқ бундай тизимларга маълумотларни қайта ишлашнинг оддий воситаси сифатида қарамаслик керак, сунъий интеллект илмий фикри тўлиқ бўлмаса-да, автоматлаштиришга хизмат қилади.
— Сунъий интеллект соҳасидаги глобал тенденциялар ва илғор технологиялар нималардан иборат? Унинг мамлакат иқтисодиётига таъсири қай даражада?
— Бугунги кунда сунъий интеллект бизнес жараёнларини автоматлаштиришда қўл келмоқда. Ишлаб чиқариш, логистика ва хизмат кўрсатиш каби турли соҳаларда кундалик вазифаларни автоматлаштириш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш ортиб бормоқда. Бу самарадорликни ошириш ва харажатларни камайтириш имконини беради. Сунъий интеллект катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилишда фаол қўлланилади, бу эса компанияларга янада асосли қарорлар олиш ва бозор сиёсатини башорат қилишга ёрдам беради.
Буюмлар интернетини ривожлантиришда ҳам унинг роли катта. Сунъий интеллект интеграцияси туфайли ақлли қурилмалар янада ақлли бўлиб бормоқда, бу эса ресурсларни бошқаришни яхшилаш ва хизмат кўрсатиш даражасини ошириш имконини беради.
Сунъий интеллект этикасини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд. Сунъий интеллектнинг қўлланилиши ортиб бориши билан ахлоқ, махфийлик ва масъулият масалалари пайдо бўлмоқда. Стандартлар ва қоидаларни ишлаб чиқиш муҳим мавзуга айланмоқда.
Илмий тадқиқот ишларида UNICON.UZ томонидан ҳам сунъий интеллект йўналишида турли тадқиқотлар қилиниб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Масалан, сунъий интеллектга асосланган мослашувчан интерполяция усули ёрдамида сифатсиз шовқинга учраган тасвирлар сифатини яхшилаш имконияти пайдо бўлди. Ишлаб чиқилган мазкур усул AdobePhotoshop дастурининг “bicubic” усулидан самаралироқ экани олинган натижаларда тасдиқланди.
Шу билан бирга, учувчисиз учар қурилмалар ёрдамида қуш парвози баландлигидан олинган тасвирлардаги объектларни, жумладан, дарахтларни сунъий интеллект ёрдамида санаш учун мутахассисларимиз томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминот катта-катта ҳудудларни назорат қилиш имконини беради.
Сунъий интеллект асосида ишлайдиган ҳар қандай дастурий таъминот 100 фоиз аниқликни башорат қила олмайди. Мисол учун, тасвирда олинган расмда қўл билан санаб чиқилса, 100 та дарахт бўлиши мумкин. Лекин сунъий интеллект бир сонияда тасвирдаги дарахтларни 98 та деб башорат қилади. Бу машинавий ўқитиш услубига боғлиқ.
Самарадорликни ошириш, иш ўринлари яратиш, янги хизмат турларини тақдим этиш орқали сунъий интеллект иқтисодиётга таъсир ўтказади. Чунки жараёнларни автоматлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш меҳнат самарадорлигини сезиларли даражада ошириши мумкин, бу эса ялпи ички маҳсулот ўсишига олиб келади. Иш ўринларини йўқотиш хавотирларига қарамай, сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқиш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқариш билан боғлиқ янги касбларни ҳам яратади.
Келажакда сунъий интеллект рақобатга бевосита таъсир қилиши мумкинлигини, бу эса компаниялар, меҳнат бозорлари ва иқтисодиёт учун ижобий ўзгаришларга олиб келишини ҳисобга олган ҳолда, Халқаро телекоммуникация иттифоқи асосий хулосаларини тавсиянома сифатида бериб ўтган. Сунъий интеллект бешта технология гуруҳини бирлаштиради —
машина кўзи, табиий тил, виртуал ёрдамчилар, роботлаштирилган жараёнларни автоматлаштириш ва кенгайтирилган машинавий ўқитиш ва, умуман олганда, глобал иқтисодий фаолиятга ҳисса қўшиш учун улкан салоҳиятга эга. Баъзи компаниялар алоҳида функцияларни бажариш учун сунъий интеллект технологияларидан бирини қўллашга ҳаракат қилади, бошқалари эса санаб ўтилганларнинг барчасини қўллаши мумкин. Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш жадал суръатлар билан амалга оширилади ва 2030 йилга келиб, глобал ялпи ички маҳсулотнинг 1,2 фоиз ўсишини таъминлайди, бу илгари жорий этилган барча технологиялардан кўпроқдир. Шу билан бирга, сунъий интеллектнинг иқтисодий самараси аста-секин, тезлашган суръатда намоён бўлиши ва фақат вақт ўтиши билан сезиларли бўлиши мумкин. Чунки бошида жорий этиш учун сезиларли харажатлар, кейинчалик рақобат ва бир-бирини тўлдиришнинг кучайтирувчи таъсири зарур.
Сунъий интеллект глобал иқтисодиёт самарадорлигини ошириши мумкин, аммо олинган фойда тақсимоти нотекис бўлиши эҳтимоли юқори. Уни жорий этиш ривожланаётган мамлакатларнинг ривожланганларидан ортда қолишини ва шу билан давлатлар ўртасидаги ҳозирги рақамли тафовутни кучайтиради. Компаниялар даражасида сунъий интеллектдан фойдаланиш ушбу технологияларни жорий этиш бўйича етакчилар ва жорий этишни кечиктирган ёки ўз фаолиятида технологиялардан умуман фойдаланмаганлар ўртасидаги самарадорлик фарқи ошишига олиб келиши мумкин. Ниҳоят, сунъий интеллект жаҳон меҳнат бозоридаги талабни одатий вазифаларни бажаришни талаб қиладиган касблардан ижтимоий ва когнитив йўналтирилган мутахассисликларга, шунингдек, автоматлаштириш қийин бўлган фаолият билан боғлиқ касбларга ўтказиши мумкин.
Бошқача айтганда, агар сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш самарасиз бўлса, миллий иқтисодиётлар, алоҳида компаниялар ва меҳнат бозоридаги ишчилар ўртасидаги тенгсизлик кучайиши мумкин, бу эса эҳтимолий ижтимоий зиддиятларни келтириб чиқаради. Бунга йўл қўймаслик учун мамлакатлар ҳукуматлари бизнес билан биргаликда ишчиларни қўллаб-қувватлаши ва талаб юқори бўлган янги иш ўринларига муаммосиз ўтишини таъминлаши, одамларнинг ўзлари эса динамик ўзгарувчан меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ янги кўникмаларни ўзлаштириши керак бўлади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.