Лого Лого-пв-уз

    Сунъий интеллект: муаммо ва ечимлар

    Сунъий интеллект ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки, кундалик ақлли қурилмаларнинг қарийб 80 фоизи ўзида сунъий интеллектнинг қандайдир кўринишини ифодалайди.

    Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ташкил этилган “ICTWEEK — 2023” ҳафталиги доирасида “Сунъий интеллект келажаги ва глобал интеграция” мавзусида ўтказилган халқаро саммитда сунъий интеллект технологиялари ва уларни тадбиқ этиш бўйича энг сўнгги халқаро тажрибалар ўртоқлашилди.

    Анжуман доирасида етакчи хорижий компаниялар ва мамлакатларнинг рақамли технологиялари ва сунъий интеллектни амалиётга жорий этишдаги тажрибаси, эришилган ютуқлар, кузатилган муаммолар, ушбу йўналишдаги истиқболли лойиҳалар ва имкониятлар муҳокама қилинди.

    “Сунъий интеллект келажаги ва глобал интеграция” мавзусидаги халқаро саммит юзасидан хорижлик ва маҳаллий экспертлар фикрини ёзиб олдик”

    Сунъий интеллектни тартибга солиш

    Элвира Чаче, Сбербанк, Сунъий интеллектни тартибга солиш маркази ижрочи директори:

    — Бугунги кунда сунъий интеллектни (СИ) тартибга солиш муҳим ва ривожланаётган мавзудир. Шу нуқтаи назардан халқаро саммитда “Сунъий интеллект тизимларини тартибга солишнинг меъёрий, ахлоқий нормаларини ишлаб чиқариш” мавзусида тақдимот қилдик. СИ технологияси ривожланиб борар экан, ундан масъулиятли ва хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун ахлоқий меъёрлар ва қонунчилик асосларини яратиш зарурати пайдо бўлади. Хусусан, СИ технологияларидан фойдаланишда бир неча тавсияларга амал қилиш орқали ҳар бир мамлакатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мумкин.

    Ахлоқий тамойиллар:

    СИ тизимини тартибга солувчи қоидалар инсон фаровонлиги, адолатлилик, ошкоралик ва шахсий дахлсизликни асосланиши керак.

    Маълумотларнинг махфийлиги ва хавфсизлиги:

    ушбу қоидалар СИ тизимларида маълумотларни тўплаш, сақлаш ва улардан фойдаланишга қаратилган бўлиб, шахсий маълумотларнинг ҳимояланганлиги ва масъулиятли тарзда ишлатилишини таъминлаши керак. Шунингдек, маълумотлар бузилиши ва рухсатсиз киришдан ҳимоя қилиш учун киберхавфсизлик чораларига алоҳида урғу бериши лозим.

    Хавфсизлик ва жавобгарлик: мазкур қоидалар СИ тизимларининг хавфсизлик ва жавобгарлик жиҳатларига, хусусан, соғлиқни сақлаш, транспорт воситалари ва иқтисодиёт каби муҳим соҳаларга тегишли бўлиши зарур. СИ тизимлари сабаб бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ёки зарарлар учун ишлаб чиқувчилар, операторлар ва фойдаланувчилар ўртасида жавобгарликни таъминлайдиган аниқ кўрсатмалар белгиланиши керак.

    Умуман олганда жорий этилиши керак бўлган қоидалар инновацияларни рағбатлантириши ва СИдан ахлоқий меъёрларга асосланган ҳолда фойдаланишни таъминлаш ўртасидаги мувозанатни сақлаши зарур.

    “NUWA” таълим ечимлари

    Лео Гуо, Foxconn Industrial Internet бош менежери:

    — “NUWA” ҳозирда СИ технологиясига асосланган маиший хизмат кўрсатувчи роботларни ишлаб чиқарувчи етакчи компания ҳисобланади. Хусусан, бугунги кунда ташкилотимизнинг асосий мақсади бизнес ва таълимни ривожланишига туртки бўладиган дунёдаги энг арзон роботларни ишлаб чиқаришдир. Биз “Сунъий интеллект келажаги ва глобал интеграция” мавзусидаги халқаро саммитга инновацион таълим ечимларига бағишланган тақдимотимиз билан қатнашдик. Хусусан, ушбу саммитда иштирок этишдан мақсад компания томонидан ишлаб чиқарилаётган роботларни намойиш қилиш. Шунингдек, талабалар учун таълим сифатини оширишга қаратилган бир қатор IТ маҳсулотлари ва хизматларни тақдим қилишдан иборат. Саммитда иштирок этиш биз учун ўзаро тажриба янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга кенг йўл очмоқда. Ўйлаймизки, мамлакатимизда таълим тизмини ривожлантиришда 600дан ортиқ мактабларда фойдаланилаётган СИ тизимга асосланган робототехника воситаларимиз Ўзбекистонда ҳам самарали натижалар бериши шубҳасиз.

    “Рақамли трансформацияни тезлаштириш учун Pangu СИ модели”

    Павел Вишняков, Huawei Булутли ечимлар катта архитектори:

    Huawei ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) учун қурилмалар ва ечимлар ҳамда интеллектуал ускуналарни дунё бўйича етакчи таъминотчиси ҳисобланади. Ушбу “Сунъий интеллект келажаги ва глобал интеграция” саммитда қатнашишимиздан асосий мақсад, сунъий интеллект билан юқори аниқликдаги 3Д прогнозларини аниқлаш ҳамда “Pangu Multimodel” модели самарали мода дизайнни намойиш қилиш орқали соҳа мутахассислари фикрларини ўрганишдан иборат. Бизнинг Ушбу “Рақамли трансформацияни тезлаштириш учун “Pangu” СИ модели” номли тақдимотимиз барча иштирокчиларга ҳамда ташриф буюрган талаба ёшларга маъқул келди, деб ўйлайман.

    “Медиа асрида сунъий интеллект: янги муаммолар ва имкониятлар”

    Тоҳир Умаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги ПР-маркази бошлиғи

    — Бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари бир қанча соҳаларда қулай имкониятларни яратиш билан бирга муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Хусусан, “Медиа асрида сунъий интеллект: янги муаммолар ва имкониятлар” дея номланган тақдимотимизда СИ технологияси орқали яратилган сохта хабарлар ва уларни олдини олишда медиасаводхонликни ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтдик. Шунингдек, интернет платформасида кун сайин ахборот хавфсизлигига таҳдид солаётган фейк ва дезинформацияга оид маълумотлар сонининг ортиб бориши медисаводхонликнинг аудитория олдидаги асосий вазифаларини белгилашни талаб қилади. Фикримизча ушбу саммит доирасида айтилган таклиф ва мулоҳазалар юқорида биз санаб ўтган муаммоларга ечим бўлиши мумкин.

    “Сунъий интеллектнинг ақилли шахарлар яратишдаги ўрни”

    Абдул Карим Саван, Presight AI вице-президенти:

    — Сунъий интеллектнинг ақлли шаҳарлар яратишдаги ўрни ва уларнинг фойдали томонлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, аввало сунъий интеллектни давлат корхоналарига тадбиқ қилиб келаётган Абу-Дабида жойлашган Г42 корхонасининг фаолияти бунга яққол мисол бўла олади. СИ тизимига асосланган “Ақлли шаҳарлар” платформаси бир қанча йўналишларда фойдали бўла олади, масалан: транспорт тизимлари, соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари, давлат корхоналари. Сунъий интеллект бошқарадиган шаҳарлар фойдаланувчиларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш, хизматлар сифатини ва операциялар самарадорлигини ошириш, атроф-муҳитга зарарли омилларнинг таъсирни камайтириш учун технология ва маълумотлардан фойдаланади. Ушбу халқаро саммит доирасида муҳокама қилинаётган мавзулар “Ақлли шаҳарлар” лойиҳасини янада такомиллаштиришга сабаб бўлди.

    “Сунъий интеллект келажаги”

    Анвархўжа Қодиров, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий тадқиқот институти директори:

    — Халқаро саммитни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад сунъий интеллект технологиялари ва уларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича энг сўнгги халқаро тажриба билан танишиш ва фикр алмашишдан иборат. Хусусан, мамлакатимизда СИ тизимига асосланган технологияларни ривожлантириш ва турли соҳаларда амалиётга татбиқ этиш юзасидан IТ, робототехника компаниялари ҳамда илмий тадқиқот институтлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланмоқда. Таъкидлаш жоизки, институтимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда турли соҳа тармоқларини рақамлаштириш ва СИ технологияларини жадал ривожланиши шунингдек, халқаро ҳамжамият учун янги имконият эшикларини очишга хизмат қилади.

    No date selected
    декабр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates