Сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича махсус режимни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 26 август 2021 8542

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4996-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, сунъий интеллект технологиялари асосидаги инновацион бизнес-моделлар, маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш усуллари ривожланиши учун қулай ва мақбул экотизим яратиш, уларни белгилаб берилган устувор тармоқлар ва соҳаларда тезкорлик билан жорий этиш ва амалиётга татбиқ этиш мақсадида:

    1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг экспериментал инновацион тадқиқотлар доирасида Сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича махсус режимни (кейинги ўринларда – махсус режим) жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

    2. Белгилансинки:

    а) махсус режим этиб унинг доирасида сунъий интеллект технологияларига асосланган тажриба-синов ишларини амалга ошириш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва хизматларни кўрсатиш (кейинги ўринларда – тажриба-синов лойиҳалари) билан боғлиқ фаолият юритувчи юридик шахслар ҳамда илмий ташкилотлар учун зарурий ташкилий-ҳуқуқий шароит яратиш, дастурий маҳсулотларни тажрибадан ўтказиш ва амалиётга жорий қилиш жараёнида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларда енгиллик яратиш тушунилади;

    б) махсус режим Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг (кейинги ўринларда – IT-парк) алоҳида бўғини бўлиб, унинг иштирокчилари IT-парк резидентлари ҳисобланади ва улар ўз фаолиятини экстерриториаллик принципи асосида амалга оширади;

    тажриба-синов лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги ПҚ–4996-сон қарори билан тасдиқланган Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалари ҳамда устувор тармоқлар ва соҳалар доирасида амалга оширилади;

    в) махсус режим талабгорлари учун тажриба-синов лойиҳалари доирасида фаолиятга рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни тезлаштирилган ва соддалаштирилган ҳолда олиш тизими жорий қилинади. Бунда:

    махсус режим талабгорларининг аризалари беш иш куни ичида тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилади;

    рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати ваколатли давлат органи томонидан қисқартирилади;

    рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни олиш учун белгиланган тўлов миқдорлари 2 бараварга камайтирилади;

    ваколатли давлат органи тегишли фаолиятни амалга оширишнинг камайтирилган талаблари ва шартларини белгилайди;

    г) махсус режим иштирокчиларига тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш доирасида:

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5099-сон Фармони билан IT-парк резидентларига берилган имтиёзлар ва преференциялар татбиқ этилади;

    ўз ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга кетган харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4862-сон қарорида белгиланган тартибда давлат томонидан компенсация қилинади;

    зарур бўлган маълумот ҳамда ҳужжатларни (давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир белгиларига эга бўлган маълумотлар бундан мустасно), шунингдек, шахсга доир эгасизлаштирилган маълумотларни вазирлик, идора ва ташкилотлардан олиш ҳуқуқи берилади;

    д) махсус режим фаолиятининг муддати беш йилни ташкил этади ҳамда унинг фаолият муддатини узайтириш “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштириш комиссияси)нинг қарори асосида амалга оширилади;

    е) тажриба-синов лойиҳалари бир йилдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

    3. Белгилансинки:

    а) махсус режим иштирокчилари:

    лойиҳалар тажриба-синовдан муваффақиятли ўтказилгандан сўнг уларни тўлиқ амалиётга жорий қилишга рухсат олиши мумкин;

    маҳсулотни реализация қилишда ва хизматларни кўрсатишда буюртмачиларни тажриба-синовдан ўтказилаётганлиги тўғрисида огоҳлантиради ва уларнинг тегишли рўйхатини юритади;

    тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда олинган рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларда белгилаб берилган талаблар ва мажбуриятларга тўлиқ риоя қилиши шарт;

    б) махсус режим ва унинг иштирокчилари фаолиятини ўзаро мувофиқлаштиришни таъминлашга масъул – Мувофиқлаштириш комиссияси;

    в) махсус режим фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш ва бошқариш соҳасидаги ишчи орган – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳисобланади.

    Бунда, махсус режим иштирокчиларининг илмий фаолиятини кузатиб боришга Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ходимлари жалб қилинади.

    4. Белгилаб қўйилсинки, махсус режим фаолияти бўйича масъул органлар ва тузилмалар қуйидаги асосий функцияларни бажаради:

    а) Мувофиқлаштириш комиссияси:

    давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан махсус режим доирасида амалга ошириладиган ишларнинг ўз вақтида бажарилишини тизимли назорат қилади;

    тегишли ваколатли давлат органи билан тузилган шартномалар асосида махсус режим иштирокчилари томонидан шахсга доир эгасизлаштирилган маълумотларни қайта ишлаш тартиби ва шартларини, шунингдек, уларга қўйиладиган талабларни белгилайди;

    тегишли ваколатли давлат органи билан биргаликда махсус режим иштирокчиларига сунъий интеллект технологияларига асосланган дастурий маҳсулотларни тажрибадан ўтказиш ва амалиётга жорий қилиш жараёнида енгиллик яратиш ҳамда иштирокчиларнинг рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда олишини таъминлайди;

    амалдаги қонуности ҳужжатларининг тегишли нормаларини тажриба-синов лойиҳалари муддатида истисно қилиш ҳақида қарор қабул қилади;

    сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш, яратиш, амалга ошириш ва фойдаланишнинг алоҳида шартлари ҳамда тартибини белгилайди;

    б) ишчи орган:

    амалдаги қонуности ҳужжатларининг тегишли нормаларини тажриба-синов лойиҳалари муддатида истисно қилиш тартиблари бўйича таклифларни тайёрлайди;

    махсус режим иштирокчиларига тажриба-синов лойиҳалари доирасида зарур бўладиган маълумотлар рўйхатини шакллантиради;

    махсус режимнинг эксперт кенгашлари низоми, шунингдек, унинг иштирокчиси билан тузиладиган фаолият шартлари тўғрисидаги шартнома шаклини тасдиқлайди;

    тажриба-синов лойиҳаларини татбиқ этишда юзага келадиган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида иштирокчиларга махсус режим доирасида енгиллик яратиш бўйича таклифларни тайёрлайди;

    махсус режим жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди ҳамда кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органига тақдим қилади;

    махсус режим таркибига иштирокчиларни киритиш ва чиқариш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Мувофиқлаштириш комиссиясига тақдим қилади;

    махсус режим иштирокчиларини тажриба-синов лойиҳалари муддати давомида ташкилий-ҳуқуқий, консультатив қўллаб-қувватлайди;

    в) Мувофиқлаштириш комиссияси ва тегишли ваколатли давлат органнинг қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари:

    шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, шахсга доир эгасизлаштирилган маълумотларни тақдим этади;

    рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда беради.

    5. Вазирлар Маҳкамаси йигирма кун муддатда қуйидагиларни назарда тутадиган Сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режимни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин:

    махсус режим ишчи органининг фаолиятини ташкил этиш;

    талабгорлар томонидан махсус режимда иштирок этиш учун ариза билан мурожаат қилиш, аризани кўриб чиқиш, уларни махсус режим иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби ва иштирокчи мақомидан маҳрум қилиш асослари;

    талабгорларга қўйиладиган талаблар, махсус режим иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларга берилаётган имтиёзлар ва преференциялар рўйхати;

    устувор йўналишлардаги соҳалар бўйича эксперт кенгашлари таркиблари.

    6. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича ишларни ташкил этсин.

    7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

    8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир маслаҳатчиси О.М.Умаров ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Садиков белгилансин.

    Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2021 йил 26 август