Унда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги “Қоратепа” ва “Фаёзтепа” ҳамда Шўрчи туманидаги “Далварзинтепа” ёдгорлигини муҳофаза қилиш, ҳудудини ободонлаштириш, инфратузлмасини такомиллаштириш ва сайёҳлар ташриф буюрадиган масканга айлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Қарорда шунингдек:
- 2020 йилнинг июль ойидан бошлаб, Термиз-Сариосиё-Денов-Бойсун-Шеробод-Термиз йўналиши бўйлаб туристлар учун мўлжалланган автобусларнинг “City Tour” принциплари асосида мунтазам қатновини йўлга қўйиш орқали “Олтин учбурчак” лойиҳасини амалга ошириш;
- Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғи, Зовбоши тоғли ҳудуди, Дарбанд қишлоғи ҳудудларини ўз ичига олган – Бойсун кичик туризм зонасига инвесторларни жалб қилган ҳолда, туризм инфратузилмасини барпо этиш;
- “Ҳунарманд” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда вилоятда эсдалик совға маҳсулотларининг турларини диверсификация қилиш, хусусан, тарихий-маданий ва археология, ислом зиёрати, экология, буддизм объектлари, гастрономик ва бошқа туризм турларини акс эттирувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши;
- икки ой муддатда Сурхондарё вилоятидаги Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудида туризмни ривожлантириш мақсадида ушбу ҳудудда жойлашган “Зараутсой қоятош суръатлари” туризм намойиши объектларини қўриқхонанинг қўриқланма зонасига чиқариш;
- уч ой муддатда Зараутсой қоятошларидаги битикларни сақлаб қолиш ва ёш авлодга кенг таништириш мақсадида Зараутсой тарихи ҳақида чоп этилган китобларни саралаш ва янгидан чоп этиш белгиланди.









