2025 йил 9 февраль куни «Айритом» чегара божхона пости орқали республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ўтиш учун кириб келган юк автотранспорт воситасига ортилган 13,5 тонна оғирликдаги супурги ходимларнинг диққатини тортди, деб хабар беради Божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, автотранспорт «Термиз» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости тасарруфидаги божхона омборига келтирилиб, ундаги товарлар тўлиқ божхона кўригидан ўтказилди.
Аниқланишича, юк автотранспорт воситасига 180 та қопда супурги жўхориси ўсимлигидан тайёрланган 22 минг 500 дона хўжалик супургилари ортилган.
Мазкур супургиларни синчиклаб кўздан кечириш давомида, 2986 дона супургиларнинг дасталари орасига айнан супурги рангига мос равишда – сариқ рангдаги скотч билан ўралган ўртача 25 см узунликдаги полиэтилен ўрамлар моҳирлик билан яширилгани фош бўлди.
Ушбу ўрамлар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичига ўртача 200 гр. оғирликдаги, ўткир ҳидли, тўқ жигаррангли гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатда 2986 дона супурги дастакларидан ажратиб олинган ўрамлардаги модда дастлабки тезкор анализ натижаларига кўра «гашиш» гиёҳвандлик воситаси бўлиб, уларнинг умумий оғирлиги 612 кг.ни ташкил қилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур гиёҳвандлик воситасининг қора бозорлардаги нархи тахминан 16,5 млн АҚШ долларидан ошади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.