Табассум ҳам яхшиликдир

    Инсон яхшилик қилишни, аввало, ота-онаси ва яқинларидан бошлаши керак.

    Инсоннинг дунёвий фазилати ўзгаларга яхшилик қилиш бўлса, ухровийси – Оллоҳга тақводир. Яхшилик инсон мартабасини оширади. Юртимиздаги файзу барака, дастурхонларимиздаги тўкин-сочинлик – буларнинг барчаси шундай фазилатли инсонларнинг хайрли ишлари самарасидир. Халқимиз азал-азалдан меҳр-оқибатли, яхшилик улашувчи миллат бўлиб, ҳатто нон ёпганда ҳам муҳтарама оналаримиз: “Болам, мана шуни иссиқлигида қўшнига чиқариб бер, савоб бўлади”, дейди. Миллий қадриятларни ўзида мужассам этиб, чин инсоний фазилатлар ила камол топган ҳар бир инсон, аввало, ўз оиласи, яқинларига, қолаверса, ўзи яшаб турган жамиятдаги муҳтожларга имкон қадар ёрдам беришга, уларнинг ташвишларини аритишга ҳаракат қилади. Инсон бир хайрли ишга ният қилиб бел боғласа, Оллоҳ унинг йўлини осон қилиб қўяди. Қилган яхшилигидан ўша инсоннинг қалби роҳатда бўлади.

    Инсон яхшилик ва тақво йўлида бардавом бўлиши тўғрисида муқаддас манбаларда кўплаб маълумотлар келтирилган. Оллоҳ Қуръони каримда дейди: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Оллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят). Инсоннинг бу дунёда яхши кўрган ва эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсалардан бири, албатта, бу моддий бойликдир. Ҳаётда бой-бадавлат баъзи инсонлар яхшилик қилишга бироз қаттиқлиқ қилади. Қилган хайру эҳсонидан давлати камайиб қоладигандек ҳис этади. Аслида саховат ўзи учун бир яхшилик эканини билмайди. Оятда Оллоҳ яхшиликнинг мукофоти жаннат эканини таъкидламоқда. Хайрли ишимиз сабабли Оллоҳ таоло бизга жаннатни ваъда қилмоқда. Бу инсон учун жуда катта бахтдир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизларга бу борада улкан намуна бўлганлар. У зот бизни доимо шундай хайрли амалларга буюрганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келган ривоятда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг ичида Оллоҳ таолога энг севимлиси инсонларга кўпроқ нафи тегадиганидир. Амалларнинг ичида Оллоҳ таолога энг севимлиси мусулмоннинг қалбига хурсандлик киритиш ёки ундан бирор ташвишни кетказиш ёки унинг қарзини ёпиш ёки ундан очликни қувишдир...”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти). Ҳадиси шарифдан шундай хулоса чиқариш мумкинки, муҳтожлар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга қўлдан келгунича моддий ёрдам кўрсатиш, уларга чиройли муомала қилиш, қалбига хурсандлик олиб кириш энг юксак амаллардан экан.

    Инсон яхшилик қилишни, аввало, ота-онаси ва яқинларидан бошлаши керак. Ота-онага қилинган яхшилик Оллоҳнинг розилигига олиб келади. Ота-она фарзандни кичиклигидан тарбиялаб, ўқитиб, эл орасига қўшадиган улуғ инсонлардир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Оталарингизга яхшилик қилинглар, ўғилларингиз ҳам сизларга яхшилик қиладилар...”, деганлар. (Имом Ҳоким ривоят қилган). Демак, ота-онани ҳурмат қилган фарзандидан ҳурмат топар экан. Баъзилар садақа, хайр-эҳсон қилишда бироз ўйланиб қолади. Сабаби “Мен бу молу-давлатни ўзим ҳалол меҳнат билан, қийналиб топганман, қолганлар ҳам шундай қилса бўлади-ку. Нега мен эҳсон қилишим керак?” деган ўйга боради. Бу нотўғри фикр бўлиб, хайр-эҳсондан мол-давлат камаймайди, аксинча, кўпаяди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа қилиш билан мол камаймайди”, деганлар. Садақа қилиш билан кишининг мол-мулки камайиб қолмайди, балки Оллоҳ таоло унга барака бериб, ёмонликлардан асрайди, охиратда эса мукофотини кўпайтириб беради. Киши ўз хайр-эҳсони ва садақасини ҳар хил риёкорликдан холис ҳолда қилса, савоби ниҳоятда улкан бўлади.

    Яхшилик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ошишига, бир-бирига нисбатан ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисси ортишига хизмат қилиш билан бирга, ҳаётдаги ишларнинг ривож топишига ҳам сабаб бўлади. Инсонлар бир-бирига ёрдам берса, дунё ва охиратда Оллоҳ улардан қийинчиликларни кўтаради. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай марҳамат қилганлар: “Ким бир мўмин биродарининг дунёдаги қийинчилигини енгиллатса, Оллоҳ у банданинг қиёмат кунидаги қийинчилигини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).

    Яхшилик сабабидан Оллоҳ таоло касалликларни аритади, инсондаги хато-камчиликларни кечиради. Инсон қўлидан келгунича яхшилик қилсин. Имкони бўлмаса, жилла қурса, табассум қилсин, бу ҳам яхшиликдир. Инсон яхшилик қилиши учун унинг қалби мусаффо, тақвони ўзига лозим тутган бўлиши лозим. Оллоҳ розилигини истаб тақво қилган инсонгина бировларга тили ва қўли билан озор бермайди.

    Парвардигор меҳрибонлиги сабабли бандаси ўзига яқин бўлиши учун кўпгина йўлларни кўрсатиб қўйган. Оллоҳ айтади: “Эй иймон келтирганлар, Оллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлларини истангиз!(Моида сураси, 35-оят). Ояти каримада Ҳақ таоло иймон келтирган бандаларни Ўзидан қўрқишга, тақволи ҳамда Ўзига яқин бўлишга чақирган. Ҳар бир инсон имконияти доирасида ўзини Оллоҳ розилигига олиб борадиган шундай ишларни бажаришга ҳаракат қилмоғи лозим. Аввало, Оллоҳга иймон келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, қодир бўлса, ҳаж қилиш шунинг учун фарз бўлган. Бундан ташқари, Оллоҳ таолога яқинлаштирадиган амаллар, боя айтилганидек, ота-онага яхшилик, қийинчиликларга сабр қилиб, тоатда бардавом бўлиш, неъматларга шукрона, гуноҳларига истиғфор айтиш, одамларга эзгулик улашиш, хайр-садақа, маҳзун дилларга шодлик олиб кириш кабилардир. Буларнинг негизида тақво ётади.

    Тақво эса, Оллоҳ ва расулининг кўрсатмаларига амал қилмоқдир. Инсонларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳам тақводир. Оллоҳ таоло айтади: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар...”(Тавба сураси, 71-оят).

    Тақвонинг яна бир белгиси ота-она, қариндош-уруғ, қўшниларга доимо яхши муомалада бўлишдир. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик(Нисо сураси 36-оят). Тақводор бўлгиси келса, инсонлар очиқюз ва ширинсўз бўлсин. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликдан ҳеч бирини арзимаган, деб билмагин, гарчи биродаринг билан очиқ юз билан кўришишинг бўлса ҳам”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).

    Гўзал хулқ ҳам тақво аломати бўлади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва қиёмат куни жойи энг яқинингиз хулқи яхшиларингиздир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

    Бинобарин, инсон ота-онага яхшилик қилса, қариндош-уруғлар билан алоқаларни маҳкам қилса, қўшниларга чиройли муомалада бўлса, яхшилик ва эҳсонларни бардавом этса, албатта, барчаси ўзига қайтаверади. Ўзбекистонимиз янада ривож топиб, яхшилик ортидан фақат ва фақат яхшиликлар бўлавериши ҳам ҳар бир ҳамюртимизнинг хайру саховати, ҳалол меҳнати ва албатта, гўзал тақвосига боғлиқ.

    Машраб ХИДИРОВ,

    Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази

    илмий ходими

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates