Тадбиркорлар учун ягона ҳуқуқий манба

    Айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари сони 3000 тага яқин бўлиб, улар муайян турдаги норматив–ҳуқуқий тамоиллар ўртасида зиддиятларни келтириб чиқарадиган жиҳатларга ҳам эга.

    Қонунчилик ҳужжати тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишида муҳим омил ҳисобланади. Чунки, ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятини бошлаш, олиб бориш ва кутилган самарага эришишида, турли муносабатларга киришишда маълум тартиб ҳамда қоидаларга риоя қилиши зарур.

    Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқиб, ҳозирда жамоатчилик муҳокамасида бўлиб турибди. Маъдумки, кодекс муайян ҳуқуқ (қонунчилик) соҳасидаги норматив мажмуани ифодаловчи, жамловчи қонуний ҳужжат ҳисобланади. Уни тайёрлаш жараёнида тармоқдаги ҳуқуқий нормалар, турли даражадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилинади, қайта ишланади, ихчамлаштирилади ва такомиллаштирилади.

    Тадбиркорлар учун тизимлаштирилган ҳуқуқий мажмуа зарур экан, уни ишлаб чиқишда қандай омилларга таянилди? Адлия вазири ўринбосари Алишер КАРИМОВ билан суҳбатимиз ана шундай савол билан бошланди.

    — Таъкидлаш жоизки, тадбиркорликнинг ривожланишидан давлат ва жамият ҳам манфаатдор. Яъни, тадбиркор қанча ўсса ва фойда кўрса, мамлакатга шунча кўп инвестиция киритади ва унинг иқтисодиёти тараққий этишига, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади, — деди Алишер Каримов. — Айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тарқоқ ҳолда ва уларнинг сони 3000 тага яқин бўлиб, улар муайян турдаги норматив–ҳуқуқий тамоиллар ўртасидаги қарама-қаршилик ва зиддиятларни келтириб чиқарадиган жиҳатларга ҳам эга. Қолаверса, тадбиркорга ноқулайлик туғдиради, вақтини олади ва ортиқча ресурслар сарфлашни тақозо этади.

    Ҳужжатларни тизимлаштиришдан асосий мақсад эса, соҳадаги энг асосий қонунларни бирлаштириш ва тадбиркорликнинг фундаментал ҳуқуқий устунларини белгилаб олиш ҳисобланади.Табиийки, кодекс кучга киргандан сўнг ҳам тадбиркорлик йўналишидаги қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши давом этади. Бироқ, уларнинг барчаси ундаги фундаментал қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.

    Замон шиддат билан тараққий этиб боряпти. Унинг талабидан келиб чиқиб соҳадаги бўшлиқларни бартараф этиш зарурати юзага келяпти. Чунки, янги ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ тартибга солишни тақозо этади. Масалан, “ўрта бизнес” мезонлари, ижтимоий тадбиркорлик, инновацион тадбиркорлик, бизнес-инкубаторлар ва бошқалар.

    Тартибга солинмаган муносабатлар амалиётда тушунмовчиликлар ва зарарни келтириб чиқариши мумкин.

    Кодекс лойиҳаси Президентимизнинг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, 2020йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонлари, 2021 йилга мўлжалланган давлат дастури ва топшириқлари асосида ишлаб чиқилди.

    Ҳозирда Германия, Франция, Жанубий Корея, Польша, Мексика, Эстония, АҚШ, Туркия, Япония, Қозоғистон
    ва Украинада тижорат (тадбиркорлик) кодекслари мавжуд. Лойиҳани тайёрлашда ушбу мамлакатларнинг соҳага оид қонунчилик тажрибаси ўрганилди, шунингдек миллий қонунчилигимизнинг ушбу йўналишдаги ижобий жиҳатлари сақланиб қолинди.

    Кодекс лойиҳасида тартибга солинаётган энг асосий масалалар қайси жиҳатлари билан аҳамиятли ва қандай фундаментал тамоилларни ўзида мужассамлаштиради?

    — Кодекс лойиҳаси 8 та бўлим, 34 та боб ва 385 та моддадан иборат бўлиб, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан бошлаб уни тугатишгача бўлган барча жараёнларни тартибга солишга қаратилган. Бунда тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи яхлит 9 та амалдаги қонун ва 2 та янги қонун лойиҳаси, 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари бирлаштирилмоқда.

    Илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда (амалда фақат кичик тадбиркорлик субектлари ва йирик солиқ тўловчилар тушунчалари мавжуд). Уларнинг тоифаларга ажратиш давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва расмий статистика маълумотларини шакллантириш мақсадида амалга оширилади.

    5 нафар ходим билан фаолият кўрсатса, якка тартибдаги тадбиркор; 20 нафар ходими, йиллик айланмаси БҲМнинг 18 минг бараваригача бўлса — микрофирма; 100 нафаргача ходим ишлаб, йиллик айланмаси БҲМнинг 90 минг бараваридан ошмаса — кичик; 250 нафаргача ходимдан иборат, йиллик айланмаси БҲМнинг 450 минг бараваридан ортиқ бўлмаса — ўрта; 250 нафар ходимдан ва йиллик айланмаси БҲМнинг 450 минг бараваридан зиёд тадбиркорлик субъектлар йирик корхона ҳисобланмоқда.

    Тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари базаси ихчамлаштирилиб, бизнес ичида оммабоп бўлмаган “хўжалик ширкати” ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинмоқда (Ҳозирда юртимиздав 68 та хўжалик ширкати мавжуд).

    Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда, уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда (Ҳозирда улар 88 та фаолият тури билан шуғулланиши мумкин).

    43 та давлат органининг назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 18 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур кодексга илова сифатида тасдиқланмоқда. Рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда.

    Давлат назоратининг 4 та шакли бўлиб (статистика
    ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш, мониторинг, профилактик тадбирлар, текширув), шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши илгари сурилмоқда. Бунда:

    –молиявий санкциялар суд томонидан қўлланилади (бундан солиққа тортиш ва банк соҳаларидаги санкциялар мустасно);

    – бир хил турдаги ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектига молиявий санкция ва унинг мансабдор шахсига маъмурий жавобгарлик назарда тутилган ҳолларда, фақат молиявий санкция қўлланилади (Масалан, ҳозирда солиқ органининг инкассо топшириқномасини бажармаслик МЖтКнинг 175-моддасига асосан, тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахсини маъмурий жавобгарликка тортишга ва Солиқ кодексининг 228-моддасига кўра, юридик шахсга нисбатан молиявий санкция қўллашга асос бўлади):

    – биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ушбу қонунбузилишни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмани бажарган, шунингдек, етказилган зарарни қоплаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди;

    – барча талабларни ўз ичига олган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар реестри ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантириш ва ошкор этиш назарда тутилмоқда. Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талаблар бўйича жавобгарлик белгилаш тақиқланмоқда (Мазкур реестр электрон кўринишда интернетга жойлаштирилади ва ҳамма учун очиқ бўлади);

    – қўшимча мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қабул қилингандан кейин бир йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади (енгиллаштирувчи нормалардан ташқари).

    Ушбу нормаларнинг ҳаётга амалда татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларига ҳақиқий адолатли иқтисодий ва молиявий эркинликни тақдим этади. Бундай эркинликнинг ҳуқуқий асослари эса фақатгина қонун даражасида ва албатта, Тадбиркорлик кодексида белгилаб қўйилган бўлади.

    Кодекс лойиҳасида давлат корхоналарига рақобатни чекловчи тўғридан-тўғри солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёз ва преференциялар бериш тақиқланмоқда. Мамлакатимизда тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилишини инобатга олсак, рағбат масалалари қандай ҳал этилади?

    — Кодекс лойиҳасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидияларини жорий этишнинг қуйидаги тартиби белгиланмоқда:

    • субсидия Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан жорий этилади, тартиб-таомиллари – Ҳукумат томонидан белгиланади;
    • субсидияларнинг асосий йўналишлари белгиланади ва улар “ягона дарча” принципи асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ажратилади;
    • Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банкининг таклифлари ва халқаро стандартларга (IWA 34:2021 – Women’s entrepreneurship) мувофиқ аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тизими (алоҳида дастурлар асосида) жорий этилмоқда;
    • ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари рўйхати ва уларни, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари белгиланмоқда (Бу борада хорижий тажрибага назар ташланганда, Польша, Корея Республикаси, Малайзия, Италия, Буюк Британия, АҚШда ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари алоҳида қонунлар билан тартибга солинади, Қозоғистонда Тадбиркорлик кодексига киритилган);
    • бизнес-инкубаторларнинг ҳуқуқий мақоми, мақсад ва вазифалари белгиланмоқда.

    Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тарқоқ ҳолда бўлган қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилади

    Лойиҳани муҳокама қилиш жараёни қандай кечмоқда?

    — Ҳозирда лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган. Унга билдирилган таклиф-тавсияларни тўплаш мақсадида “Тадбиркорлик кодекси лойиҳасига таклифлар” телеграм боти яратилган бўлиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган. Унинг муҳокамага қўйилишига қисқа вақтбўлишига қарамасдан жамоатчилик муҳокамаси портали ва ушбу телеграм бот орқали 250 дан ортиқ таклифлар келиб тушган.

    Ушбу таклифларда асосан соҳани қўллаб-қувватлаш борасида ва тадбиркорларнинг амалиётда дуч келаётган муаммолари тўғрисидаги шикоятлар кузатилмоқда. Шуни инобатга олиш лозимки, Адлия вазирлигида вазир бошчилигида махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, ҳар бир таклиф атрофлича ўрганиб чиқилиши таъминланади.

    Шу ўринда фуқароларимиз, тадбиркорлик субъектлари вакиллари олим-тадқиқотчиларимиздан кодекс лойиҳасининг муҳокамасида фаол иштирок этишларини сўраб қоламиз.

    “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates