Денгиз ва океан йўллари ҳали очилмаган қадим даврларда антик Римдан то Япониянинг эски пойтахти Нара шаҳригача чўзилган муҳташам Буюк Ипак йўли Шарқ ва Ғарбни бир-бирига боғлаб, савдо алоқаларига кенг йўл очди. Азим дарахтнинг шодаси каби шохланиб, ҳар тарафга ёйилиб кетган бу улкан йўлнинг бир қисми Тошкент, Самарқанд, Хоразм, Фарғона орқали ўтиб, Ғарб томонга элтувчи кўприк вазифасини ўтади.
Бугун ҳам Ўзбекистон ана шу Буюк ипак йўлининг марказида, жаҳон бозорининг 20 фоизини ташкил қилаётган Хитойдан атиги 140 километр узоқликда жойлашгани юртимизга чет эллик инвесторларнинг қизиқишини ошириб, мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал суръатларда ривожланишига замин яратмоқда.
Хориж давлатлари билан савдо алоқалари иқтисодиёт ривожида ҳамиша муҳим ўрин тутади. Бу анъана энг қадимги даврлардаёқ кишиларнинг ўзаро товар айирбошлаши тарзида намоён бўлган. Шу жиҳатдан, сўнгги йилларда мамлакатимизда жаҳон бозорига чиқиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган чуқур саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бунда айниқса, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бирламчи вазифага айланиб, уларни тизимли бажариш учун бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолияти йўлга қўйиляпти. Жорий йил 10 февралда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилиб, янги ташкил этилган Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси ҳам ўз олдига мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, чет давлатлардаги йирик корпорация ва савдо тармоқлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби устувор вазифаларни қўйган.
Тажрибага асосланган ташаббус
Бундан 1,5 йил олдин Ўзбекистонда илк бор Экспортчилар уюшмаси нодавлат ташкилоти иш бошлаган эди. Тузилма қисқа вақтда тадбиркорлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, кичик ва ўрта бизнес соҳасига энди қадам қўйган инсонларни қўллаб-қувватлаш, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқишга кўмаклашишда яхшигина тажриба орттирди. Дунёнинг 20 та давлатида ўзининг савдо ваколатхоналари, Америка, Туркия, Афғонистонда савдо уйларини очишга муваффақ бўлди. Уюшма тажрибаси асосида тузилган Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси ўзида 12 та ана шундай маҳаллий илғор ассоциация ва миллий марказларни қонуний бирлаштириб, мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий кучи бўлган тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган умумий мақсад йўлида ҳаракатлана бошлади.
Аслида, бундай тажриба дунё амалиётида кенг оммалашган. Яъни, бир қанча йирик ташкилотларни бирлаштирувчи корпорация ташкил этиб, уларнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш янгилик эмас. Масалан, Германиянинг Саноат федерал Иттифоқи ўзида 100 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес вакилларини бирлаштирса, Япониянинг “Кейданрэн” тузилмаси 1329 та япон компаниялари, 109 та саноат уюшмалари, 47 та иқтисодий ташкилотларни таркибига қамраб олади. Бунда бизнес соҳаси вакилларининг муаммолари, таклиф ва ташаббуслари давлат идоралари ёрдамида ҳал қилинади.
Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеясининг олдига қўйган асосий вазифалардан бири худди Япония ва бошқа давлатлардаги каби фуқаролик жамияти, давлат ҳамда бизнес секторни бирлаштирган ҳолда, уларнинг ўртасида якдил мулоқот платформасини яратиш, бунда ишончли воситачига айланиш, ҳар учала тармоқнинг умумий мамлакат манфаатлари йўлида ҳаракатланишини таъминлашдан иборат. Шунингдек, ташкилот давлатимиз иқтисодиётидаги ўзгаришлар, қонунчилик ва давлат дастурларида нодавлат бизнес сектори вакилларининг иштирокини таьминлаш, уларнинг маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар фаолиятидаги масалаларини юқори давлат ташкилотларига етказишда кўмаклашади. Шу мақсадда Ассамблея қисқа давр ичида вазирликлар, турли давлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиб, тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ечишда улар билан ҳамкорлик қилмоқда. Тадбиркорликка оид қонун, қарорларни ишлаб чиқишда ишбилармон доира вакилларининг бевосита иштирокини таъминлаяпти. Зеро, юқоридаги уч тизим бирлашса, иқтисодиёт соҳаси кучли “драйвер”га айланади.
Бирлашган ўзар...
Иқтисодиёт ҳақида гап кетганида, кўпчиликнинг ҳаёлига бирданига “ҳисоб-китоблар” келади. Тўғри, иқтисодни ҳисоб-китобсиз тасаввур қилиш қийин. Аммо унинг таг-замирида бошқа асосий мақсад — жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун яхши турмуш шароитини яратиш ётади. Шу асосида иқтисодиёт ривожини таъминлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, одамларни иш билан таъминлаш сингари иккиламчи мақсадлар келиб чиқади. Улар жараёнда айирбошлаш, тақсимот, истеъмол соҳасидаги ижтимоий муносабатлар тарзида фаоллашади.
Бугун Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосида ҳам, аввало, тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш, эркин бозор иқтисодиётини йўлга қўйиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ётибди. Ана шу мақсадда ишбилармонларга кенг имконият, имтиёзлар бериляпти. Монополияга қарши қатъий курашиш натижасида соҳага энди кириб келаётган тадбиркорларда ўзига ишонч, дадиллик ортганига гувоҳ бўляпмиз. Фаолиятини тадбиркорларнинг аъзолик бадаллари ҳисобига ривожлантираётган Иқтисодиёт Ассамблеяси ҳам ишбилармонларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда иш олиб бормоқда.
— Биз энг бошидан олдимизга аввало, тадбиркорларнинг ишончини оқлаш, қолаверса, уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга ҳисса қўшишни мақсад қилиб иш бошлаганмиз, — деди Ассамблея раиси Мухтор Умаров. — Бугунги кунда юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлайдиган кўплаб уюшма, ташкилотлар бор. Ана шуларни бирлаштириб, биргаликда, якдил ҳаракат қилишни кўзлаганмиз. Пандемия шароитида глобализация жараёнлари жадаллашаётган бир пайтда биз тадбиркорлар янада жипслашиб ҳаракат қилишимиз керак. Ҳамон эсимизда, 4-5 йил олдин мамлакатимизга хориждан бирор нарса олиб кириш учун 116 фоизлик божлар бўлган. Бу эса манаман, деган тадбиркорларга ҳам оғирлик қиларди. Қувонч билан айтишимиз мумкинки, ҳозир бундай бож тўловлари йўқ. Юртимизда сўнгги йилларда яратилаётган кенг имкониятлар натижасида Ўзбекистон учун янги бозорлар очила бошлади. Бугунги кунда ҳеч муболағасиз, 7,5 миллиард аҳолиси бўлган йирик жаҳон бозорига кириб боряпмиз. Бу тадбиркорлик субъектлари учун катта имконият. Бироқ бу бозорда ўрин эгаллаш осон эмас. Унда фақат кучлилар, ақллиларгина ҳаракатлана олади.
Яна бир жиҳати, биз узоқ йиллар давомида ёпиқ иқтисодиёт амалиётида ҳаракатландик. Юқори божлар, солиқ ставкалари туфайли фақат ички бозорни ривожлантириш йўлидан бордик. Натижада иқтисодиёт улушида монополияга айланган маълум гуруҳ тадбиркорлари улуши ортди. Бироқ энди вазият мутлақо ўзгарди. Жаҳон бозорига очиқ ҳолда интеграциялашишимиз, улар билан рақобатлашишимиз учун шароит яратилди. Бу борада давлат раҳбарининг қатъий сиёсати туфайли бугун бозор барча учун бирдек очиқ майдонга айланди. Айрим гуруҳ ташкилотларгагина бериладиган алоҳида имтиёзлар қолмади. Энди бозорда соғлом рақобат бор. Унда фақат кучли, ўз устида ишлайдиган тадбиркорларгина қолади.
Янги бозорларни забт этаётган ўзбек маҳсулотлари
Жаҳон бозорига чиқиш осон иш эмас. Ахир, ҳолва деган билан, оғиз чучимайди. Бироқ юртимизда охирги йилларда дунё стандартларига мос сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариб, хориж давлатларига етказиш борасида яхшигина тажриба ҳосил бўлди. Бунинг ҳисобига экспорт ҳажми ҳам ошиб бормоқда. Гарчи 2020 йилда пандемия сабаб экспорт ҳажми 13 фоизга пасайган бўлсада, жаҳон банки статистикасига кўра, жорий йилда Ўзбекистонда экспорт салоҳияти 5 фоиздан 7 фоизгача ўсиши кутилмоқда. Шу жиҳатдан, Президентимиз томонидан экспорт ҳажмини 20 фоизга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилган.
Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси бу борада режалар тузиб, шу асосида ҳаракатларни фаоллаштирган. Бу борада айниқса, бизнес коридорлари, хориж давлатларида савдо уйларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар орқали тадбиркорлар ўз маҳсулотларини ҳамкор давлатлар шоурумларида қўйиб боради. Ўша ернинг ўзида ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, бизнес келишувлар амалга оширилади.
— Экспорт ҳажмини ошириш учун биз савдо уйларини очиш, савдо коридорларини шакллантиришимиз муҳим, — деди Мухтор Умаров. — Биламизки, Ўзбекистон географик жойлашуви жиҳатидан Ўрта Осиёнинг марказидаги давлатлардан бири. Демак, бизда бошқа мамлакатлар учун “Хаб” вазифасини бажариш имконияти катта. Шу боис, савдо уйларини очиш бўйича кўплаб давлатлардан таклифлар тушяпти. Хусусан, Германиянинг “Luno Group” компанияси билан имзоланган меморандум асосида Гамбург портида Ўзбекистон маҳсулотлари учун ҳамда юртимизда улар учун савдо бизнес уйларини очишга келишяпмиз. Иккинчи коридор Россия Федерациясида бўлади. Учинчи йўналиш эса Туркия давлатига йўналтирилади. Ҳозирда туркиялик ҳамкорлар билан Истанбул шаҳрида Ўзбекистон бизнес уйини очиш бўйича келишувлар олиб боряпмиз. Бу шаҳар бизга нафақат Туркия, балки Африка бозорларига ҳам йўл очади. Ушбу давлатларга катта оқимда юклар ҳаракатланиши натижасида логистика харажатларини бир неча фоизга пасайтиришга эришамиз. Бу борада ҳозирда бироз оқсаётган нуқтамиз — рақамли иқтисодиётни йўлга қўйишни ҳам мақсад қилганмиз.
Ана шундай ташкилотларнинг саъй-ҳаракати билан яқин ва узоқ хориж давлатларида юртимизда ишлаб чиқарилаётган қуруқ мевалар, қишлоқ хўжалиги, текстиль, саноат маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда. Ҳатто, Америка бозорида Ўзбекистоннинг қурт маҳсулотлари ҳам анчайин оммалашиб улгурди. Тадбиркорларимиз океан орти давлати халқларига аввал таниш бўлмаган бу маҳсулот тезда уларнинг таъбига ўтирганини мамнуният билан таъкидламоқда. 1992 йилдан буён ички бозорда ўз ўрнини эгаллаб келаётган “Эрмак” бренди остидаги қурт маҳсулотлари ҳам Америка савдо дўконларида анча харидоргир.
— АҚШда осиёликлар кўп бўлгани боис, ушбу давлатга 4-5 йилдан буён катта миқдорда қурт маҳсулотларини экспорт қиляпмиз, — деди “Вали Саркор” МЧЖ иш юритувчиси Зафаржон Солихов. — Ҳамкорларимиз ҳар 2-3 ойда 1,5 тонна атрофида қурт ва писта маҳсулотларини харид қилади. Маҳсулотларимиз қадоқланган ҳолда экспорт қилингани боис ҳам талаб юқори. Бундан ташқари, маҳсулотлар табиий хомашёдан тайёрланиб, ортиқча қўшимчалар билан бойтилмайди. Шу жиҳатлари билан жаҳон бозорида ўз харидорларини топмоқда.
Корхонада тайёрланадиган маҳсулот хомашёсининг асосий қисми юртимиздан олинади. Сут Бухоро, Жиззах, Самарқанд вилоятларидан келтирилса, писта Тошкент вилояти туманларида териб олинади. Корхонада бир кунда 40-50 тонна сут қайта ишланиб, ундан 2 тоннага яқин қурт олинади. Сифат ва нарх асосий устунликларидан бўлган корхонада 300 га яқин киши иш билан таъминланган.
Ўзбекистондан Хитой бозоригача...
Жаҳон бозорига чиқиш тажрибасига эга ана шундай йирик корхоналар юртимизда оз эмас. Аммо ишни энди бошлаган кичик ва ўрта бизнес вакилларига бу борада ёрдам керак бўлади. Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси ана шу вазифаларни ўз зиммасига олгани ҳолда, тадбиркорларга халқаро шартномалар тузиш, улар учун хорижда савдо муҳитини яратиш, фаолиятларини тўғри йўналтиришда амалий ва назарий кўмак беради. Энг муҳими, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиб, уларнинг савдо ҳуқуқи, шартномалар тузиш шартлари, молиявий муносабатларга киришишда ҳуқуқий савиясини оширишга ёрдамлашади.
Шунингдек, Ассамблея ўз дастурига кўра, хорижий иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, халқаро кўргазма ва бизнес форумлар ташкил этиш бўйича ҳам фаолият олиб боради. Миллий брендлар яратиш, маркетинг, менежмент ва бизнес доира вакиллари учун касб байрамларини ташкиллаштириш устида ишлайди. Айни пайтда Ассамблея қошида халқаро арбитраж суди, медиамарказ, тадбиркорликка тайёрлаш ва малака ошириш бўйича бизнес академия, хорижий бозорларга чиқишга мўлжалланган электрон платформа ҳамда IT бўлимлари ишбилармон доира вакилларига хизмат кўрсатмоқда. Хориж давлатларига ташкил этилаётган сафарлар орқали эса тадбиркорларга жаҳон тажрибасини ўргатиш, юртимизга чет эллик инвесторларни жалб қилиш кўзда тутилган.
— Ташкилотимизда ҳуқуқ, халқаро савдо ва менежмент бўйича хорижлик маслаҳатчилар иш олиб боряпти. Улар билан аввало, биринчи галдаги режаларни аниқлаштириб олдик, — деди Мухтор Умаров. — Таҳлилларга кўра, жаҳонда кўпгина ташкилотлар Хитой бозорига 1,5-2 ойда кириб боради. Бордию, улар ишлаб чиқаришни Ўзбекистонда амалга оширса, катта бозорга атиги 3 кунда кириб бориши мумкин. Мана шу жозибадорликни амалиётда синаб кўрдик. Турк компанияларидан бири бизда қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Очилганига 3 ой бўлмасдан, ўз маҳсулотларини жуда катта ҳажмда Хитой бозорига экспорт қилишни бошлади. Мебель ишлаб чиқарувчи яна бир хориж компанияси ҳам юртимизда ўз филиалини очди. Гап шундаки, нафақат Хитой бозори, балки Собиқ Иттифоқ давлатларига кирмоқчи бўлган тадбиркорлар учун Ўзбекистон қулай мамлакат ҳисобланади. Бу биз учун ҳам яхши имконият бўлиб, юртимиз иқтисодиёти ва экспортини жадал ривожлантириб, янги иш ўринлари яратишга йўл очади.
Аслида, иккита инсоннинг бошини бирлаштиришнинг ўзи қийин масала. Янги тузилган Иқтисодиёт Ассамблеяси эса йирик ташкилот ва уюшмаларни “Made in Uzbekistan” бренди остида бирлаштириб, юртимиз маҳсулотларини жаҳон бозорида оммалаштириш, тадбиркорларнинг фаолиятини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга ҳисса қўшиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш йўлида илдам одимламоқда.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири