Талабни ўрганиб, импортни таҳлил қилиш янги лойиҳаларга йўл очади

    24 та туманни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш таклифини қўллаб-қувватланди.

    Бугунги кунда энергия тежамкор қурилиш материаллар ишлаб чиқариш, инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда 13 мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, улар томонидан тайёрланаётган материаллар сони 180 тадан ошди.

    Валюта бозорининг либераллашгани, бошқа давлатлар билан ҳамкорлик кенгайиб, маҳаллий ва хорижий инвесторларга кенг йўл очилгани, банк сектори ривожланиб, имтиёзли кредитлар кўпайганлиги сабабли қурилиш материаллари соҳасида ҳам ўтган беш йилда катта силжишлар рўй берди. Хусусан, 2016 йилдан 2021 йилгача 7 минг 385 та инвестиция лойиҳаси бўйича 5 миллиард 386 миллион доллар ўзлаштирилди. Шунингдек, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турлари ҳам 2016 йилга қараганда 70 тага, корхоналар сони 12 ярим мингтага кўпайди.

    Улар томонидан керамик плитка, гипсокартон, шифер, цемент, оҳак, базальт арматураси, темир-бетон маҳсулотлари, безакли ойна, деворбоп ва норуда материаллар каби асосий турдаги қурилиш материаллари бўйича ички талабни тўлиқ қоплаш ва экспортга ушбу маҳсулотларни сотиш имконига эга бўлган ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.

    Эътиборлиси, кейинги йилларда соҳани ислоҳ қилиш, корхоналар самарадорлиги ва салоҳиятини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Тармоқдаги ҳар бир корхона фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, энергия тежамкор, инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳисобига таннархни пасайтиришга қаратилган йўналишлар аниқ белгилаб олинди.

    Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2016 йилда республикада қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 6 831,1 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йил охирига келиб, ушбу кўрсаткич 22 триллион сўмга етди. Яъни соҳадаги ўсиш суръати 2 ярим баробарга ортди. Жумладан, 2020 йил мабайнида 12,5 миллион тонна цемент (ўсиш 1,7 баробар), 56,5 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси (7 баробар), 18 миллион квадрат метр керамик плиткалар (124 баробар), 650 минг дона сантехник буюмлари (5,2 баробар) ишлаб чиқарилди.

    Корхоналарда “рақамли технологиялар”ни қўллаш, инсон ҳаёти учун хавфли жараёнларда автоматизация даражаси ошириб борилаяпти. Қурилиш материаллари соҳасида янги йўналишларни ривожлантириш, бунга хорижий инвесторларни кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг нтижасида экспорт ҳажми 2016 йилда 55,3 миллион доллар бўлган бўлса, 2020 йилга келиб 200 миллион долларни ташкил этди.

    Юртимизда кўплаб уй-жойлар, завод ва корхоналар, ижтимоий объектлар бунёд этилаётгани қурилиш материаллари, турдош маҳаллий саноат маҳсулотларига талабни оширмоқда.

    Шу боис Президентимиз раислигида жорий йилнинг 30 апрель куни ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишларни “ички талабни ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳалар ишлаб чиқиш” занжири асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

    Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 24 та туманни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу ҳудудлардаги мавжуд хомашё ва йирик заводлар инфратузилмасидан фойдаланиб, уларга яқин жойда янги корхоналар ташкил этишга эътибор қаратилади. Инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан қўшимча 400 миллиард сўм, геология ишларини амалга оширишга 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.

    Айни пайтда қурилиш материаллари тармоғида умумий қиймати 5 миллиард долларлик мингдан зиёд янги лойиҳалар шакллантирилган. Бу орқали 25 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мумкин бўлади. Жорий йилда тасдиқланган Инвестиция дастурига асосан, соҳада умумий қиймати 3 миллиард 829,1 миллион доллар бўлган 175 та йирик истиқболли лойиҳа ўзлаштириш белгиланган. Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ҳам инвестиция лойиҳалари амалга ошириш кўзда тутилган.

    “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан ушбу соҳадаги лойиҳалар учун 300 миллион долларлик кредит линияси очиш, банк филиалларидаги консалтинг марказлари орқали тадбиркорларга амалий ёрдам бериш таклифи билдирилган эди. Президентимиз йиғилишда бунга қўшимча, мазкур банк орқали давлат томонидан 200 миллион доллар ажратиш бўйича кўрсатма берди. Шу билан бирга, эндиликда янги турдаги қурилиш ва пардозлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларига 15 миллиард сўмгача кафиллик бериладиган бўлинди. Бундай корхоналарга миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банк ставкасидан 10 фоизгача ортиқ қисми ва хорижий кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 50 фоизи қопланиши тадбиркорликни ривожлантириш, янги лойиҳаларга чўчимасдан киришиш имкониятини яратади.

    Бундан ташқари, қишлоқ жойларидаги саноат зоналари ҳамда конлар ва карьерлар учун ер солиғи 10 бараваргача камайтирилади. 500 та норуда қазилмалар кони аукцион орқали сотилиб, уларнинг негизида саноат корхоналари ташкил этилади.

    Демак, зиммамиздаги масъулиятли вазифалар аён. Имкониятлардан фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги лойиҳалар эвазига маҳсулот турларини кўпайтириб, импорт ўрнини тўлдиришимиз зарур. Бу борада энг самарали йўл – туман ё шаҳарга кириб келаётган импорт таркибини таҳлил қилиб, шу маҳсулотларни ҳудуднинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳисобланади. Чунки, сўнгги икки йилда 6 мингга яқин кўп қаватли уйлар қурилган бўлса, уларга ишлатилган материаллар 30 фоизгача четдан келтирилган. Ана шу материалларни босқичма босқич ишлаб чиқаришнинг ўзи салоҳиятимизни камида учдан бир баробарга оширади.

    Ўз навбатида, ҳозирги кунда керамик плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, гулқоғоз, қуруқ қурилиш аралашмалари, пишган ғишт, табиий тошдан ясалган пардозбоп плиталар, оҳак, полипропилен қувурлар, дераза ойнаси, фитинг каби маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. Президентимиз томонидан берилган топшириқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажариш бундай рақобатбардош маҳсулотлар турини бир неча баробар ошириш имконини ҳам беради.

    Бахтиёр БОБОҚУЛОВ,

    “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раиси ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates