Лойиҳада белгиланишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб таълим сифатини назорат қилиш соҳасида:
таълим сифатини баҳолашнинг рақамли технологиялар асосида такомиллаштирилган ички ва ташқи тизимлари жорий қилинади;
таълим сифатини ички баҳолаш таълим ташкилотлари томонидан мустақил тарзда шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида ўтказилади;
таълим сифатини ички баҳолаш механизмлари таълим ташкилотлари томонидан халқаро стандартларга асосланган ҳолда жорий қилинади;
таълим ташкилотлари фаолиятини текширишнинг хавф-хатар таҳлилига асосланган тизими жорий этилади, текширувлар қамрови, давомийлиги ва даврийлиги таълим сифати ёмонлашиш хавф-хатари даражасига қараб белгиланади;
таълим ташкилотларини аккредитациялашнинг институционал (таълим ташкилотининг давлат аккредитацияси) ва махсус (йўналиш, мутахассислик, ихтисослик, касб ва курс бўйича) шакллари жорий этилади;
махсус шаклдаги аккредитация эҳтиёжга кўра институционал аккредитацияга қўшимча равишда Таълим инспекцияси томонидан рўйхати тасдиқланадиган халқаро тан олинган аккредитация ташкилотлари ёки Таълим инспекцияси томонидан ўтказилади;
мактабгача ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини давлат аккредитациясидан ўтказиш амалиёти бекор қилиниб, унинг ўрнига хавф-хатар таҳлилига асосланган сайланма текширувлар орқали таълим сифатини назорат қилиш механизми жорий этилади;
халқаро рейтинг ташкилотлари стандартлари ҳамда миллий рейтингни аниқлаш бўйича халқаро тажриба асосида миллий рейтинг тизими такомиллаштирилади, таълим ташкилотларининг таълим соҳалари кесимида рейтинги (subject ranking) жорий этилади ҳамда уларнинг фаолияти натижадорлигини қиёслашда бенчмаркинг (benchmarking) воситаларидан кенг фойдаланилади;
Ўзбекистон Республикасининг таълим сифатини халқаро баҳолаш (PIAAC, ICILS, ICCS, LANA ва бошқа) дастурларида иштирокини кенгайтириш орқали миллий баҳолаш тизими такомиллаштирилади;
Инсон капитали индекси (Human capital index) ва бошқа нуфузли глобал рейтингларда Ўзбекистон Республикасининг мавқеини мустаҳкамлаш юзасидан идоралараро ҳамкорлик асосида чора-тадбирлар амалга оширилади.