Таълим сифатини ошириш стратегиясида кадрлар сиёсати

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 13 сентябрь сонида Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ректори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Аюбхон Раджиевнинг "Таълим сифатини ошириш стратегиясида кадрлар сиёсати" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда Президентимиз таълим соҳасини ривожлантиришни асосий вазифалардан бири сифатида қайд этиб, жумладан, шундай деди: “Таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратишни изчил давом эттирамиз. Бунинг учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилади”.

    Ҳақиқатан ҳам, соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли таълимни ривожлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ушбу изчиллик жабҳада босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларда яққол намоён бўлмоқда.

    Мамлакатимизда соҳага қаратилаётган эътибор кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётгани, ўқитувчиларга кўплаб имтиёз ва енгилликлар яратилаётгани ҳақида кўп гапиряпмиз. Бироқ соҳа ходимларининг бунга жавоби қандай бўляпти?

    Ўқитиш сифати педагоглар савиясига боғлиқ

    Ҳар йили август ойининг охирида Давлат тест маркази томонидан навбатдаги ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул бўйича ўтказилган тест синовлари натижалари таҳлили эълон қилинади. Абитуриентларнинг тест синовларидаги кўрсаткичлари тўп ланган балларга қараб гуруҳланиб, 56 баллдан паст натижа кўрсатганлар сони ва уларнинг барча абитуриентларга нисбатан салмоғи кўрсатилади. Охирги йилларда мазкур кўрсаткич жами абитуриентларнинг қарийб ярмини ташкил қилмоқда. Бу эса мактаб битирувчиларининг 50 фоизи талаб қилинадиган билимнинг бор-йўғи ярмига эга экани, яъни мактабларимизда сифатли таълим берилмаётгани ҳақидаги мулоҳазаларга сабаб бўлади. Албатта, қабул имтиҳонларида иштирок этаётганларнинг ҳаммаси ҳам мактаб битирувчилари эмас, бироқ салмоқли қисмини жорий ёки ундан олдинги йилда мактабни битирганлар ташкил қилади.

    Олий таълим муассасаларига қабул жараёнида абитуриентларнинг паст натижа кўрсатиши мактабларимиздаги таълим сифатида айрим муаммолар борлигини намоён қилувчи ягона ҳолат эмас. 2019 йили Сирдарё вилоятида ўтказилган ўрганишлар жараёнига жалб қилинган ўқитувчиларнинг ярмидан кўпи ўзи дарс берадиган фандан қониқарсиз натижа кўрсатган. Ёмони, мазкур ўқитувчиларнинг ўқувчилари ҳам тегишли фанлардан жуда паст балл тўплаган.

    Абдулла Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти охирги икки йилда ўтказган таҳлиллар биология ўқитувчиларининг 90,6 фоизи, физика ўқитувчиларининг 97,6 фоизи ўз фанидан жуда ҳам саёз билимга эга эканини кўрсатди.

    Ўзида йўқ билимни бировга бериб бўлмайди

    Мактабларимизда ўқитувчилар касбий маҳоратининг пастлиги, таълим сифати талаб даражасида эмаслиги, битирувчиларнинг билими етарли бўлмагани учун олий таълим муассасаларига киролмаётгани, сифат таркиби юқори бўлмаган абитуриентлардан шакллантирилган талабалардан тайёрланган ўқитувчиларнинг етарли даражада рақобатбардош эмаслиги каби муаммолар асосий масала ўқитувчининг тажрибаси ва маҳорати билан боғлиқлигини кўрсатяпти. Чунки мактабдаги таълим сифати ундаги ўқитувчилар савиясидан юқори бўлолмайди.

    Таълим сифатига таъсир қилувчи бошқ а омиллар борлигини таъкидловчи фикр лар ҳам кўп билдирилади. Шулардан бири — синфларда ўқувчилар сонининг кўплиги. Юзаки қараганда кам сонли ўқувчиларни ўқитиш кўп сонли ўқувчиларга дарс беришдан кўра, осонроқ туюлади. Бироқ бу кам сонли болаларнинг таълим сифати юқори бўлади, дегани эмас.

    2000 йилларнинг бошида таълим ислоҳотини бошлаган ривожланган мамлакатларда синфлардаги ўқувчилар сонини камайтириш ўқитиш сифатини таъминлашнинг йўлларидан бири ҳисобланган. Кейинги таҳлиллар бундай ёндашув кутилган натижа бермаганини кўрсатди. Европа Иттифоқининг деярли барча ва Осиё минтақасининг бир қатор давлатлари ана шу йўлдан бориб, таълимга харажатни сезиларли даражада оширган. Бироқ уларнинг фақат бир нечтаси таълим сифатининг сезиларли яхшиланишига эришган, аксариятида ўқитиш сифати ўзгармасдан қолган ёки ҳатто пасайган.

    АҚШнинг бир нечта штати ва шаҳарларида, шунингдек, Сингапур ва Жанубий Кореяда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, агар ўртача қобилиятга эга етти-саккиз ёшли икки ўқувчига бир-биридан жуда фарқ қиладиган (юқори ва паст савияли) ўқитувчилар бириктирилса, уч йилдан кейин уларнинг билими даражаси бир-бириникидан 50 фоиздан зиёдроққа фарқ қиларкан. Демак, юқори малакали ўқитувчилар дарс берган синфларда ўқувчилар уч баробар тезроқ ривожланар экан.

    Жорий йил июнь ойида мамлакатимизда бўлган Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти бош котибининг таълим сиёсати бўйича маслаҳатчиси Андреас Шляхерга “Ўқитиш сифатини таъминлаш учун нима муҳим: синфлардаги ўқувчилар сонини қисқартиришми ёки ўқитувчиларнинг савиясини оширишми?” деган савол берилди. Унга жавобан мутахассис шундай деди: “Агар сиз дарсларни қисқартириш ёки ўқитувчиларнинг малакасини оширишдан бирини танлашингиз керак бўлса, педагогларнинг савияси муҳимроқ. Бу борада юқори натижаларга эришган давлатлар, масалан, Хитой тажрибасини ўрганишимиз мумкин. Дарҳақиқат, бу мамлакатда жуда катта синфлар мавжуд. Лекин, иккинчи томондан, бу давлатда педагог кадрлар малакасини мунтазам ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда”.

    Демак, таълим сифатини оширишда ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш бошқа ёндашувларга нисбатан самаралироқ экан. Бошқача айтганда, мактабда, ҳудудда ва ниҳоят мамлакатда сифатли таълимни таъминлаш юқори малакали педагогларга боғлиқ.

    Самарали ўқитиш учун узлуксиз ўқиш керак

    Замонавий дунёда ўқитувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш жамият ривожланишини таъминловчи асосий механизмдир. Таълим сиёсати соҳасида жаҳоннинг етакчи экспертларидан бири бўлган Майкл Барбер бир мақоласида самарали мактаб тизимини тавсифловчи таркибий элементлардан бири юқори малакали ўқитувчилар жамоаси ҳамда уларнинг педагоглик фазилати ва малакасини муттасил такомиллаштиришдир, деб таъкидлайди.

    Ҳақиқатан ҳам, бугун тез ўзгараётган замонда иқтисодиёт, фан ва таълим мислсиз суръатда ривожланиб бормоқда. Мавжуд илмий ахборотлар, шу жумладан, мактаб фанларига доир маълумотларни ҳар йили тўла янгилашга эҳтиёж сезиляпти. Бундай шароитда муваффақиятли фаолият олиб бориш учун ўқитувчи ҳар куни ўқиб ўрганиши зарур. Мазкур талабни бажариши учун давлат ва жамият муаллимга тегишли шароитлар яратиб беради.

    Европадаги Финляндия, Германия, Франция, Эстония каби таълими ривожланган мамлакатлар, шунингдек, Осиё минтақасидаги Хитой, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия каби давлатларда мактаб ўқитувчиларининг замон талабларига мос тайёргарлик кўришини таъминлаш учун педагоглардан ҳар йили малака ошириш талаб қилинади. Бу жараён турли шакл ва давомийликка эга бўлиб, уларда муаллимларнинг иштирок этиши мажбурийдир. Малака ошириш курсларининг давомийлиги Европа мамлакатларида камида 5 кун этиб белгиланган бўлса, Жанубий Кореяда 108 соат, Сингапурда 100 соатдан кам бўлмаслиги лозим.

    Бизда эса 2021 йилгача амалда бўлган тартибга кўра, ўқитувчилар ҳар 5 йилда бир марта 144 соатлик дастурга асосланган малака ошириш курсларида ўқиши лозим эди. Бироқ ҳар беш йилда ўқиладиган малака ошириш курси зарур билимларни замонавий суръатга мос тарзда янгилаб беролмайди. Сабаби, курсларда олинган билим тез эскиради, бу эса ўқитувчиларнинг тараққиётдан ортда қолишига, ўқитадиган фани, методикаси ва таълим технологиялари билан боғлиқ янгиликлардан бехабар бўлиб қолишига олиб келади.

    Бугунги кун талабларига мутлақо жавоб беролмай қолган мазкур тартиб “Ҳаёт давомида ўқиш” тамойилига асосланган узлуксиз касбий ривожланиш тизимига трансформация қилинди. Халқ таълими ходимлари, жумладан, педагог кадрларнинг ҳар йили камида 36 соат ҳажмда малака ошириши ва белгиланган кредит балларни тўплаши мажбурийлиги тартиби йўлга қўйилди. Мазкур қоида педагог кадрлар малакасини оширишнинг 6 та шаклидан (ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш; ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш; масофавий таълим; дуал таълим; мустақил таълим; малака оширишнинг муқобил шакллари) бирини ўз ихтиёрига кўра танлаши мумкинлигини назарда тутади.

    Бугун халқ таълими ходимларининг, жумладан, педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланишини ташкил этиш учун етарли шароитлар яратилган. Ҳар йили мажбурий бўлган малака ошириш курсларидан ташқари мактаб ўқитувчиларига ўз касбий маҳоратини узлуксиз ошириб бориш учун ҳар ҳафтанинг муайян бир куни методика куни сифатида белгилаб қўйилган. Мана шу куни ўқитувчига дарс соатлари қўйилмайди, у фақат ўзининг касбий маҳоратини ошириш тадбирларида иштирок этади ёки мустақил таълим олади.

    Мактабнинг вазифаси — ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаш

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида низом”да “Умумий ўрта таълим ўқувчиларга билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради, дастлабки тарзда касбга йўналтиришга ва таълимнинг навбатдаги босқичини танлашга ёрдам беради”, деб қайд этилган.

    Ўқувчиларни профессионал ташхислаш ва касб-ҳунарга йўналтириш, шунингдек, ўғил-қизларни юқори малака талаб этмайдиган касбларга тайёрлаш умумий ўрта таълим мактабининг вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

    Демак, ўқувчи шахсини мустақил фикрлаш, таълимнинг кейинги турини танлаш ҳамда юқори малака талаб қилинмайдиган касбларни эгаллашга тайёрлаш умумий ўрта таълимни амалга оширувчи таълим муассасаси — мактабнинг мақсади экан.

    Ўқув муассасаси ўз вазифасини қандай бажармоқда?

    Мамлакатимизда мактаб битирувчиларининг касб танлаш борасидаги фикрини ўрганиш учун 1000 дан ортиқ мактабда педагог ва ўқувчилар билан суҳбат ўтказилди. Битирувчилар билан мулоқот чоғида уларнинг қайси йўналиш бўйича ўқишни давом эттириши ва қайси касбни танлаши билан қизиқиб, касбларни билиш ва танлаш борасидаги фикрлари таҳлил қилинди.

    Ҳар иккала ёндашув асосида — бориб кўрганда ҳам, сўровнома ўтказилганда ҳам хулоса бир хил бўлди. Натижалар таҳлили мамлакатимизда юздан ортиқ касб мавжуд бўлса-да, битирувчилар бор-йўғи 20 га яқин касб ҳақида тасаввурга эга эканини кўрсатди.

    Тадқиқот натижасида маълум бўлишича, битирувчиларнинг 20,9 фоизи педагогика ва психология касбини танлаган, бу жами битирувчиларнинг 81 минг 500 нафарини ташкил этмоқда. Энг қуйи кўрсаткич ижодий соҳаларда экани қайд этилган, яъни 1,4 фоиз. Ҳунарлар ичида энг юқори кўрсаткич ижтимоий хизмат соҳалари (сартарошлик, тикувчилик, косметологлик ва бошқалар)да, энг қуйи натижа эса фермерлик, деҳқончилик, ҳунармандлик ва устачиликда экани маълум бўлди.

    2021/2022 ўқув йилида мактабни тамомлаган 11-синф битирувчиларининг 67 фоизи “Сизнинг 11-синфни битиргандан кейинги режаларингиз қандай?” деган саволга жавоб натижалари аллақачон касби(соҳаси)ни танлаб қўйганини кўрсатмоқда. Аммо келажаги ҳақида аниқ тасаввурга эга, деб ҳисобланган мазкур битирувчиларнинг кўпи касб-ҳунарлар ҳақида етарлича маълумотга эга эмас. Ҳатто жуда кўп касбларни билмайди, яъни меҳнат бозорида қайси касбга талаб юқори, қайси касбдан қанча даромад олиш мумкинлигига қизиқмаган. Битирувчиларнинг 6 фоизи келажакни ҳозирдан режалаштиришга ҳали эрта деб ҳисоблашини ҳамда шахсий ҳаёт, оила қуришни режалаштираётганини таъкидлаган.

    Ҳозирда иқтисодиётнинг у ёки бу соҳасида касблар жуда кўп. Уларнинг аксариятида олинадиган даромад олий маълумотли мутахассисникидан анча салмоқли. Шундай экан, нега битирувчи ўқувчилар фақат бир неча касб ва уларни эгаллаш учун ўқиши лозим бўлган олий таълим муассасаси ҳақида маълумотга эга? Уларининг кўпи билан 20 фоизи олий таълим муассасаларига кириши мумкин, қолгани нима билан шуғулланади? Агар қўлида бирор ҳунари бўлмаса, нима қилади?

    Ана шу саволларга жавоб беришда қийналмаслик учун бугунги кун мактабида эртанги кунги ҳаётни назарда тутган ҳолда, таълим-тарбия ишини ташкил қилиш ва бунда ўқувчиларга касб танлаш борасида зарур маълумотларни тақдим этиб бориш керак. Мактаб имкон қадар ёшларни мустақил фикрлашга ва таълимнинг кейинги турини танлаш ҳамда юқори малака талаб қилинмайдиган касбларни эгаллашга тайёрлаш вазифасини бажариши лозим. Шундагина ўғил-қизларимизнинг келажагидан, мустақил ҳаётга қадам қўйишидан кўнглимиз хотиржам бўлади.

    Аюбхон РАДЖИЕВ,

    Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ректори,

    педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),

    доцент

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates