Илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш халқаро “Зиё Форум” фонди, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент филиали ҳамкорлигида талаба қизлар ҳамда мактаб ўқувчилари ўртасида кимё фани бўйича академик А.С. Содиқов номидаги олимпиада ташкил этилди.
Олимпиада талабалар ўртасида уч босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда иштирокчиларга онлайн платформа орқали тест синовлари топширилди. Энг яхши натижа кўрсатган 20 нафар иштирокчи кейинги босқичга йўлланма олди. Иккинчи босқичда амалий топшириқлар бажарилди ва 10 нафар энг юқори натижага эга талаба финал босқичига йўл олди. Финал босқичида иштирокчилар ўз илмий лойиҳаларини тақдим этишди ва ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиблар аниқланди.
Олимпиада натижаларига кўра, 1-ўрин ғолиби Шаҳзода Ҳакимова 5 000 000 сўм пул мукофоти ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. 2-ўринни Юлдуз Тўхтаева қўлга киритиб, 3 000 000 сўм мукофот ҳамда эсдалик совғаларга сазовор бўлди. 3-ўрин соҳиби Зуҳрахон Маҳкамова эса 1 500 000 сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган олимпиаданинг саралаш босқичида 150 нафарга яқин ёш билимдонлар тест синовларида ўз кучини синаб кўрди. Уларнинг ичидан энг муносиб 20 нафари финал босқичига йўлланма олди.
Финал натижаларига кўра, 7 нафар ғолиб иштирокчи Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент филиалига тўғридан-тўғри 100 фоиз грант асосида қабул қилиш сертификатига эга бўлди.
Бу олимпиада ёшларнинг кимё фанига бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни илмий изланишларга илҳомлантириш ва келажакдаги ютуқлари сари йўл очиш учун ажойиб имконият бўлди.