— Таълим-тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ.
Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз.
Агар кимда-ким мактаб бу фақат Халқ таълими вазирлигининг иши, деб ўйласа, мутлақо янглишади.
Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин, — деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида.
— Беш йиллик янги Тараққиёт стратегиямизни эълон қилдик, — деди Президент Шавкат Мирзиёев ўз сўзида давом этиб. — Олдимизга ялпи ички маҳсулот ва экспортни карра-карра ошириш, саноатни ва ахборот технологияларини кескин ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш бўйича улкан марраларни олдик.
Бу вазифаларни ким уддалайди? Албатта, мактабда замонавий билимларни эгаллаган, рақобатбардош ёшлар.
Умуман, республика бўйича 10 минг 130 та мактабни ислоҳ қилиш 6 миллиондан зиёд ўқувчи, 500 мингдан ортиқ муаллим, умуман, жамиятимизнинг барча қатламлари, ҳар бир оиланинг келажаги билан чамбарчас боғлиқ.
Шу боис, бизга сифатли таълим тизими, замон талабларига жавоб берадиган ва барча шарт-шароитларга эга мактаблар, уларда малакали педагог-кадрлар, бошқарувчилик ва лидерлик қобилиятига эга мактаб директорлари керак.
Тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш ҳам, “Инсон қадри учун – 100 та мақсад”нинг 5 та мақсади ҳамда ундаги 18 та вазифалар ҳам бевосита мактаб таълими билан боғлиқ".