Таълим ва IT соҳаси истиқболи

    Бугунги кунда мамлакатимизда 29 та хорижий олий таълим муассасаси ва уларнинг филиаллари фаолият юритмоқда. Бу хорижнинг илғор тажрибасини Ўзбекистон таълим тизимига кенг татбиқ этиш, дунё стандартлари асосида таълим бериш, пировардида мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган, дунё ёшлари билан рақобатлаша оладиган кадрларни тайёрлаш имконини бермоқда.

    Жанубий Корея билан ҳамкорликда ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ана шундай нуфузли олий таълим муассасаларидан саналади. Мазкур олийгоҳ, асосан, ахборот технологиялари соҳаси бўйича малакали кадрлар тайёрлайди. Маълумки, дунё миқёсида мазкур соҳа шиддат билан ривожланмоқда ҳамда IT мутахассисларига бўлган талаб жуда юқори. Чунки бугун бирорта соҳа ривожини ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

    Инҳа университетининг ана шундай кадрларни етказиб беришдаги ўрни қандай? Ахборот технологияларининг дунё илм-фани ривожидаги аҳамияти нимада?

    Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўқитувчиси, электротехника ва компьютер фанлари бўйича фалсафа доктори, Жанубий кореялик Ҳонг Жеонг билан суҳбатимиз ана шу масалалар атрофида кечди.

    — Жаноб Ҳонг Жеонг, аввало, таълим соҳасидаги фаолиятингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

    — Мен АҚШнинг Кембриж шаҳрида жойлашган Массачусетс технология институтининг электротехника ва компьютер фанлари бўйича фалсафа докториман. Педагогик фаолиятимнинг асосий қисми Жанубий Кореянинг Пхохан фан ва технологиялар университети (POSTECH) билан боғлиқ. Мазкур университетда 30 йил талабаларга дарс бердим. Хитойнинг Beijing Jiaotong университетида икки йил фаолият юритдим. Шу йилнинг февраль ойидан буён Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ишлаб келяпман.

    — Университет педагогик жамоаси талабаларга қайси йўналишларда таълим беради?

    — Мазкур таълим муассасаси Жанубий Кореянинг Инҳа университети филиали сифатида 2014 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда университетда 1500 нафардан ортиқ талаба таҳсил олади. Университет IT, менежмент ва логистика соҳалари бўйича малакали кадрлар тайёрлайди.

    Дарслар инглиз тилида ўтилади.

    Олий таълим муассасасида ўзбекистонлик, кореялик, ҳиндистонлик ва бошқа давлатларнинг етук ўқитувчилари талабаларга юқори даражада таълим бериб келади. Ўқув режаси электротехника ва компьютер фанлари, шунингдек, логистика, менежмент ва бухгалтерия ҳисоби бўйича асосий курсларни ўз ичига олади. Шунингдек, Мобиль дастурлаш (Mobile programming), Чуқур ўрганиш (Deep learning), “Интернет нарсалар” (Internet of things) ва Блок занжири (Blocks chain) каби энг замонавий мавзулар бўйича ҳам фанлар ўтилади.

    Университет ўзининг замонавий ўқув ва лаборатория мажмуаларига эга. У лаборатория ишларини бажариш учун кўчма модуллар, талабалар ишини мониторинг қилиш ва баҳолаш учун дастурий таъминотни ўз ичига олади. Масалан, университетда SAP next gen lab лабораторияси ва SAP, Oracle Academy, Microsoft Imagine Academy, Aspex BI School, Cisco Academy компьютер лабораториялари очилган.

    Бугунги кунда Инҳа университети Жанубий Кореядаги энг ривожланган университетларнинг юқори ўнталигидан ўрин олган. Университетнинг ютуқларга етакловчи шиори уч муҳим ғояни бирлаштиради: “Ижодкорлик, меҳнатсеварлик ва жамиятга хизмат қилиш”.

    Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг асосий вазифаси жамият ва миллат тараққиёти, ахборот технологиялари соҳасининг ривожи учун ўз ҳиссасини қўша оладиган, юқори малакали, ҳар томонлама баркамол мутахассисларни етказиб беришдан иборат. Университет олдига қўйган устувор вазифани оқлаш мақсадида бакалавриат ва магистрлик йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабаларга халқаро стандартлар асосида илм олишга имконият беради.

    Университет учун илмий изланишлар, кашфиётлар, шахсий қобилият ва масъулият каби тушунчалар катта аҳамиятга эга. Университет қонун-қоидаларига риоя этиш, талабаларда ахлоқ ва масъулият ҳиссини ўстириш шу жамият аъзоларининг вазифасига киради. Шунингдек, талабаларнинг илмий изланишлари, фан ва техника оламидаги янги ғоя ва дастурларини амалга оширишларида кенг имкониятлар, зарур шарт-шароитлар яратилади ва улар рағбатлантирилади.

    — Тошкентда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳридаги Инҳа университетида ўқиши ва амалиёт ўташи учун қандай имкониятлар яратилган?

    — Тошкент шаҳридаги Инҳа университети филиали 10 нафар фаол ва иқтидорли талабаларга Жанубий Кореядаги Инҳа университетининг ёзги мактабида бепул ўқиш имкониятини беради. Ҳар йили энг яхши ишланмалар танлов асосида танланади. Бу асл ва амалий маҳсулотлар ёки Тошкент шаҳридаги Инҳа университетини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар

    бўлиши мумкин. Энг яхши лойиҳалар муаллифлари ёзги мактабга рухсатнома олади. Талабалар у ерда “Корейс тили”, “Шарқий Осиёнинг сиёсати ва халқаро алоқалари”, “Корея ва унинг маданияти”, “Кореядаги иқтисодиёт ва бизнес”, “Янги технологиялар” каби курсларда амалиёт

    ўтайди.

    — Ўзбекистонлик ёшларнинг IT бўйича билим ва малакасини қандай баҳолайсиз? Мазкур университет битирувчилари қайси йирик компания ёки ташкилотларда фаолият юритмоқда?

    — Мен университетда ахборот технологиялари бўйича бир қатор фанлардан

    дарс ўтаман. Хусусан, мобиль дастурлаш фани бўйича уяли алоқа воситалари, смартфонларнинг дастурлари, уларнинг қандай яратилиши, ўрнатилган дастурий таъминот фанидан эса микроконтроллердан фойдаланган ҳолда ўрнатилган тизимлар учун дастурий таъминотни лойиҳалаш бўйича талабаларга сабоқ бераман. Уларнинг назарий ва амалий кўникмаларини ошириб, ижодий қобилиятини юзага чиқаришга ҳаракат қиламан.

    IT соҳаси бўйича ўзбекистонлик талабалар орасида иқтидорлилар кўп. Бироқ таълимнинг кейинги босқичида давом эттирувчилар нисбатан камроқ. Битирувчиларнинг аксарияти ўқишни тамомлаб, ишга жойлашишга ҳаракат қилади. Шунга қарамай, бу соҳада муваффақият қозонаётган ёшлар

    талайгина. Мисол учун, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети битирувчиси Дархонбек Маматалиев 2019 йил февраль ойида АҚШнинг Филадельфия шаҳридаги EPAM Global компаниясида катта дастурчи — дастурий таъминот бўйича катта муҳандис сифатида иш бошлади. Инҳа университети битирувчиси Нуриддин Иминохунов Google Developer Group Tashkent (GDG Tashkent) жамоасини яратди. У GDG DevFest фестивалининг ташкилотчисига ҳам айланди. Университетнинг 4-босқич талабаси Абдуллоҳ Асқаров талабалар орасида “Microsoft” компаниясининг Марказий Осиёдаги ягона ҳамкоридир. Умуман олганда, университетни битирган талабалар орасида дунёнинг нуфузли ва йирик корпорацияларида, шунингдек, ҳукумат муассасаларида, илмий-тадқиқот лабораторияларида фаолият юритаётганлар кам эмас.

    — Ахборот технологиялари соҳасида назарий билимларни амалиётда қўллаш, талабаларда ижодкорлик, яратувчанлик қобилиятини шакллантиришда университетнинг роли қандай бўлмоқда?

    — Аввало, шуни айтиш жоизки, IT соҳаси ривожида таълимнинг ўрни беқиёс. Инҳа университети жадал ривожланиб бораётган ахборот технологиялари асрига мос келадиган билимли, қобилиятли ва яратувчан ёшларни етиштириб чиқариш мақсадида ташкил этилган. Университет ўз талабаларига нафақат назарий ва амалий билим беради, балки шу билимни келажакда иш фаолиятида қўллай олишларига барча шарт-шароитларни яратиб беради. Чунки таълимнинг асосий негизини амалий тажрибалар ташкил қилади. Талабалар университетда ҳам техник таъминот (hardware), ҳам дастурий таъминот (software) бўйича ўқитилади. Содда қилиб айтганда, улар ҳам ахборот-технология воситаларини ихтиро қила оладиган, ҳам улар учун дастур ярата оладиган етук муҳандислар бўлиб етишадилар.

    Бугун замон шиддати ахборот технологиялари соҳасида, айниқса, кўпроқ кўзга ташланмоқда. Бугун чиқарилган смартфон кўп ўтмай “эскиряпти”, ўрнига модернизацияланган янгиси чиқарилмоқда. У янада такомиллаштирилган дастурлари ва имкониятлари билан аввалгисидан ўзиб кетмоқда. Бу замон шиддати, олимларнинг тинимсиз изланиш, янгилик яратишга бўлган интилишлари маҳсули. Шу боис, “Microsoft” компанияси асосчиси, дунёнинг энг бой инсонларидан бири Билл Гейтс: “Агар янги дастур ишлаб чиққан бўлсанг, демак у аллақачон эскирибди”, деган эди.

    Биз талабалар онгига шу жиҳатларни сингдиришга ҳаракат қиламиз. Уларнинг ижодий қобилиятини ривожлантиришга, янги лойиҳа, ишланмалар ва дастурлар устида изланишга ундаймиз.

    — Ахборот технологиялари соҳаси келажагини қандай тасаввур қиласиз? У қайси соҳалар ривожига янада кенг йўл очади, деб ҳисоблайсиз?

    — Сўнгги икки юз йилдан кўпроқ вақт давомида дунё учта саноат инқилобини бошдан ўтказди. Биринчи саноат инқилоби даврида фабрикалар ташкил этилди. Буғ двигателлари, ундан сўнг поездлар кашф этилди. Иккинчи саноат инқилоби бундан-да тезроқ кечди: инсониятга телеграф, автомобилни туҳфа этди, электро энергетика ва нефть-кимё сингари ишлаб чиқариш соҳалари ривожига йўл очди. Учинчиси компьютер, микропроцессор, уяли алоқа воситаси, интернет, ижтимоий тармоқлар юзага келишига ва ривожига йўл очди.

    Тўртинчи саноат инқилоби энди бошланяпти. Лекин у ҳозирданоқ ўз мевасини беряпти. Замонавий технологиялар барча соҳаларга татбиқ этилиб, ҳар қандай бизнеснинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Йирик корпорациялар замон талабига мослашиш учун IT-компанияларга айланиб

    боряпти. Барча соҳаларда роботлардан, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда, ҳайдовчисиз автомобиллар, поездлар, қайиқлар синовдан ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси тўртинчи саноат инқилоби фонида юзага келаётгани эътиборга молик. Одатий дастурчилар, тизим маъмури, веб-дизайнер, iОS-дастурчиси, 3D-аниматор, компьютер графикаси рассоми каби IT соҳаси мутахассислари қаторида янгилари пайдо бўлиши кутилмоқда. Нейроинтерфейслар лойиҳачиси, тармоқ юристи, рақамли тилшунос сингарилар шулар жумласидан. Бу эса, ўз навбатида, замон талаб ва эҳтиёжларига мос кадрларни тайёрлашни ҳам тақозо қилади.

    Дунёнинг ривожланган мамлакатларида илмий тадқиқотлар, IТ технологиялар, стартап ғоялар, компьютер саводхонлигига жуда катта эътибор берилмоқда. Чунки бугунги тезкор замонда фақатгина илм-фан ютуқлари ва янги технологиялар орқали иқтисодий ўсишга эришиш мумкин. Шу боис, мазкур соҳа ривожига эътибор кучайиб бораверади. Қолаверса, IT жуда сердаромад соҳалардан саналади. Dell Technologies, IBM, Cisco Systems,

    Accenture, Oracle, Fujitsu сингари дунёга машҳур IT компаниялар ахборот технологиялари экспортидан йилига миллиардлаб фойда кўради. Биргина Dell Technologies компаниясининг ўтган йилги даромади 92 миллиард долларни ташкил этди.

    IT технологияларнинг инсоният учун нақадар аҳамиятли экани пандемия даврида — карантин шароитида янада кўпроқ намоён бўлди, десак кўпчилик фикримга қўшилса керак. Масофадан туриб ишлаш, ўқиш, озиқ-овқат, кийим-кечак буюртма қилиш ва бошқа масалаларда ахборот технологияларнинг имкониятлари ўз сўзини айтди. Демакки, ахборот технологиялари тараққий этавергани сайин унга барча соҳаларда эҳтиёж ортиб бормоқда, аҳолига қулайлик яратиб, уларнинг турмуш тарзи ва фаровонлигини яхшиланиш имконини бермоқда.

    — Ўзбекистонда IT соҳасини янада ривожлантириш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

    — Бугунги кунда Ўзбекистонда ахборот технологиялари ривожига алоҳида

    эътибор қаратилмоқда. 2019 йилда Тошкентда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки — IT Park ҳамда вилоятларда унинг филиаллари очилгани сўзимиз тасдиғи бўла олади. Бу стартап лойиҳаларни амалга ошириш, ёшларни дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кенг жалб қилиш, қобилиятли ёшларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

    Шунга қарамай, мамлакатингизда электротехника ва машинасозлик йўналишида асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришга эҳтиёж туғилмоқда. Бу янги иш ўринлари яратиш, мутахассислар сафини кенгайтириш имконини беради. Мазкур тармоқларда инфратузилманинг кам ривожлангани туфайли битирувчилар асосан IT соҳасининг дастурий таъминот ва бошқа хизматлар соҳасида ишлашга мажбур бўлмоқда.

    Яна бир масала. Ахборот технологиялари бў йича хорижда таҳсил олган кадрларни Ўзбекистонга қайтариш ва уларга муносиб иш топиб бериш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бу IT соҳасидаги илғор хориж тажрибасини мамлакатингизда кенг татбиқ этиш, билим ва тажрибани ёшларга етказиш, пировардида соҳани янада тараққий эттиришга кенг йўл очиб беради.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Шаҳзод Ғаффоров

    суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates