Тараққиёт стратегияси билан янги Ўзбекистон барпо этиш сари

    Ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти, ёруғ истиқболи ва келажак авлодларининг фаровон ҳаёти ички ва ташқи сиёсатнинг халқчиллигига ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг замон билан ҳамнафас олиб борилишига бевосита боғлиқдир. Албатта, бу ишларни тизимли ва давомли ташкил этишда қўйилган мақсад, танланган йўл, ишлаб чиқилган дастурлар муҳим аҳамият каб этади.

    Ўтган давр мобайнида мустақил диёримизда демократик жамиятни барпо этиш, иқтисодиётни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди ва эътироф этишга молик кўплаб ижобий натижалар қўлга киритилди. Қайд этиш лозимки, ўтган сўнгги беш йиллик давр юртимиз тарихида туб бурилиш давр бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонни ривожлантириш «Ҳаракатлар стратегияси» ва унинг бешта устувор йўналишлари асосида давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими ҳамда иқтисодий, ижтимоий ва ҳарбий соҳалар, ташқи муносабатлар янги босқичга кўтарилди.

    Биргина олий таълим тизимини оладиган бўлсак, ўтган 5 йил давомида 22 та хорижий ҳамда 21 та нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилиб, олий таълим муассасалари сони 65 тадан 156 тага етди, қабул квоталари 3 бараварга ортди ва ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 28 фоизга етди. Педагоглар таркибида фан доктор (DSc)лар сони 2 657 (2016 й. 1415) тага, фан номзод (PHD)лар сони 10 029 (2016 й. 6351) тага етиб, илмий салоҳият 31,9 %дан 39 %га етди. Олий таълим тизимига кириш истагида бўлган ёшларга, ногиронлиги бор ва ижтимоий-ҳимояга муҳтож оила фарзандларига кўплаб имтиёзлар берилди. Шунингдек, талаба ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари янги босқичга олиб чиқилди.

    Куни-кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ва уни амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 7 та устувор йўналишдан иборат бўлган Тараққиёт стратегияси келгуси 5 йиллик мобайнида мамлакатимизда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ҳамда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш соҳаларида амалга ошириладиган вазифаларни қамраб олган. «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида ишлаб чиқилган ушбу дастур Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимида сўзлаган нутқи ва сайловолди дастурларида илгари сурилган ташаббуслари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда инсон қадрини улуғлашга, давлатни инсон қадри ва манфаати учун хизмат қилишига замин яратувчи вазифалар ўрин олган. Албатта, мамлакатимизда инсон қадри, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш олий мақсадга айланди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, «Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз».

    Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Тараққиёт стратегияси асосида 2022 йил учун ишлаб чиқилган «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» давлат дастурида ҳам олий таълим тизими, талабаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Олий ўқув юртларини ривожлантириш орқали уларни нуфузли халқаро рейтингларга киритиш ҳамда хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойини барпо этиш ҳаракатлари бугунги кунда олий таълим муассасалари олдида турган долзарб вазифаларга ечим топишга хизмат қилади. Шунингдек, янги 5 йилликда олий таълим муассасалари сонини 200 тага етказиш, бу борада нодавлат олий таълим муассасалари сонини 50 тадан ошириш ҳамда ёшларни олий таълимга қамраб олишни 50 фоизга етказиш мақсад қилинган бўлиб, бу олийгоҳлар ўртасида эркин рақобат муҳитини ривожлантиришга, уларни замон талабларида ривожланиб боришига ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини сифат сиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.

    Айниқса, бу масалаларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб борилиши олий таълим соҳаси вакилларига катта куч-ғайрат бағишлайди ва ўзига хос мотивация беради.

    Хулоса ўрнида айтганда, янгича ёндашув ва услублар асосида ишлаб чиқилган ҳамда ислоҳотлар натижадорлигига қаратилган Тараққиёт стратегияси Янги Ўзбекистонни барпо этишда, ижтимоий-иқтисодий фаровонликни таъминлашда, давлат ва жамият ҳаётида инсон қадрини юқори поғонага олиб чиқишда, қолаверса олий таълим тизимида янги даврни бошлаб беришга асос бўлиб хизмат қилади.

    Одилжон Маматкаримов,

    Наманган муҳандислик-технология институти ректори,

    халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates