Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида ўтказилган тадбирда жамоатчилик гуруҳини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ва вазифаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, гуруҳ:
- ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилишида ўтказиладиган жамоатчилик муҳокамаларида иштирок этиб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;
- Давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг давлат идоралари томонидан ўз вақтида ва лозим даражада ижро этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этади ва таҳлилий материаллар тайёрлайди;
- ҳар чоракда давлат ва ҳудудий дастурларнинг ижро этилиши юзасидан кенг жамоатчиликка ва аҳолига маълумот тақдим этади;
- ҳар йил якунида Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришилганлиги бўйича йиллик муқобил ҳисоботлар тайёрлайди ва эълон қилади.
Мазкур гуруҳ аъзолари «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг ҳудудий бўлинмаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан тавсия этилган номзодлар ичидан уларнинг аҳоли орасидаги ҳурмати ва нуфузи, амалий ва ҳаётий тажрибаси, давлат ва жамият ривожи учун қўшаётган ҳиссаси ва бошқа хислатларини ҳисобга олган ҳолда саралаб олинди.
— Тараққиёт стратегиясининг 7 та устувор йўналишида Жиззах вилоятига тўғридан-тўғри тегишли 10 та банд бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган, — дейди «Юксалиш» УМҲ раиси ўринбосари Асқар Маматхонов. — 2023 йилда Ғаллаорол туманида 200 миллион долларлик қуёш фотоэлектр станциясини қуриб битказиш, Жиззах вилояти ва Ҳиндистон билан инвестиция, ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш шулар жумласидан. Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда жамоатчилик назорати иштирокининг кучайтирилаётгани эътиборга молик. Шаффофлик ва очиқлик жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш имконини беради.
Таъкидланганидек, «Юксалиш» ҳаракати Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳлари фаолиятини ташкил этиб, мувофиқлаштириб боради. Марказлашган тарзда гуруҳ аъзолари учун семинар ва тренинглар ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.
Шунингдек, хабарда Жиззах вилоятида Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватловчи жамоатчилик гуруҳи аъзолари рўйхати келтирилган.