Шу боис, юртимизда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, тармоқларини кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болалар қамровини кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш ҳамда мактабга сифатли тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, мактабгача таълимнинг давлат стандартини ишлаб чиқиш, мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларини моддий ресурслар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон билан таъминлаш нормативларини тасдиқлаш, муқобил мактабгача таълим шаклларини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.
Энг аҳамиятлиси, халқаро таълим стандартларига жавоб берадиган сифатли кадрлар тайёрлаш, агар етишмаса, хориждан мутахассисларни жалб этиш, чет элга малака ошириш сафарлари уюштириш, ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилди. Айни пайтда Урганч давлат педагогика институтида мактабгача таълим бўйича ҳам бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда. Талабаларга асосан, педагогик ва психологик назарий билимлар, амалий машғулотларни мустаҳкамлаш мақсадида замонавий педагогик технологиялар, усуллар ва воситалардан фойдаланиш, зарур ҳолларда индивидуал ҳамда дифференциал таълим бўйича дарс ўтилмоқда.
Ўқув жараёнига салоҳиятли профессор-ўқитувчилар жалб этилган. Янгича ижтимоий шароитдаги таълим-тарбиядан кўзланаётган мақсадларга эришиш, билимли, ҳар томонлама етук мутахассис қилиб тарбиялаш ва касбга йўналтириш учун мактабгача таълим йўналиши талабаларига “4К” моделига асосланган (коммуникация, критик фикрлаш, коллаборация, креатив фикрлаш) назарий билимлар берилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2- ва 3-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотларини “4+2” тартибида, яъни дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташтартибида олиб борилиши вазифаси белгиланган.
Ҳозир Урганч давлат педагогика институтида “4+2” тартибига мос ҳолатда ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режалари, малакавий амалиёт дастурлари асосида талабалар амалиётини сифатли ташкил этиш ҳамда педагогликка муносиб тайёрлаш ишлари тизимли бажарилмоқда. Жорий ўқув йилидан институт талабалари Урганч шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотларида “4+2” тартибида амалиёт ўтамоқда. Ушбу ўқув шакли назария ва амалиёт уйғун ҳолатда олиб борилиши билан аҳамиятли. Амалиёт жараёнида талабалар билим ва кўникмасини ҳар томонлама кўрсатиш ҳамда тизим билан яқиндан танишиш, муҳитни ҳис қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ҳозир талабаларни касбга йўналтириш, керакли педагогик кўникмалар, жумладан, креативлик, ижодий фикрлаш ва муаммоларни ҳал қилиш қобилиятини ривожлантириш мақсадида “Талабалар музейи” ва “Талабалар театр студиялари” ишламоқда. Шу билан бирга, “Қўғирчоқ театри”, “Театр саҳналаштириш устахонаси”, “Табиат инъомларидан дизайн” каби тўгараклар фаолият юритмоқда. Талабалар педагогик ёндашувини амалиётда синаб кўриши учун инновацион педагогик лойиҳалар яратиш ва амалга ошириш имкониятига эга.
Институтнинг мактабгача таълим йўналиши профессор-ўқитувчилари ва талабаларида халқаро даражадаги билим ва кўникмаларни шакллантириш учун Россия, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон каби давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ қилинди. Талабалар ўқув жараёнига жалб этилган чет эллик олимлар фаолияти орқали ҳам ёшлар хорижий давлатларнинг мактабгача таълим тизимларини ўрганмоқда. Бу глобал таълим жараёнига кенгроқ нуқтаи назар билан қараш ва ёндашиш имкониятини бермоқда.
Бугунги тарбиячи болаларга кундалик ҳаётда, ўйинларда, машғулотларда, биргаликда меҳнат фаолиятида ва ўзаро муомалада ижобий таъсир кўрсата олиши, ҳар бир болани диққат билан ўрганиши ҳамда шахсий хусусиятлари ва қобилиятини билиши, педагогик назокатини намоён қилиши, ўғил-қизларнинг хулқ-атвори, иш натижасини ҳаққоний баҳолаши, ўз вақтида ёрдам кўрсатиши, оиладаги аҳволи билан қизиқиши лозим.
Шуларни инобатга олган ҳолда Урганч давлат педагогика институти ҳузурида Мактабгача таълим илмий лабораториясини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бундай лаборатория очилиши талабаларга нафақат назарий билимлар, балки амалий тажрибаларни ҳам тақдим этади. Шунингдек, магистр ва докторантларнинг илмий тажриба-синов ишларида ҳам катта ёрдам беради. Бу, айниқса, педагогик фаолиятнинг назарий жиҳатларини амалда қўллаш, болалар билан ишлашда тажриба орттириш учун зарур.
Мактабгача таълим ташкилоти орқали талабалар болалар билан ишлашда керакли педагогик кўникмаларни ривожлантириши мумкин. Қолаверса, таълим методикаларини қўллаш, тарбиявий фаолиятни бошқариш, бола психологиясини янада чуқур ҳис қилиш учун кенг шароит яратилади.
Феруза МАДРАҲИМОВА,
педагогика фанлари
доктори, доцент









