Ташаббус моҳияти унинг номида мужассам

    Айни пайтда юртимиз бўйлаб ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш, маданий, маърифий ва спорт тадбирларига фаол жалб қилиш мақсадида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси амалга ошириляпти.

    Ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тўғри тарбиялаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган мазкур лойиҳа ёзги таътилдан унумли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Бугун янги Ўзбекистонда илмга эътибор катта. Таълим дастурлари энг илғор мамлакатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилиб, дарсликлар янгиланяпти, замонавий мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, касб-ҳунар марказлари, олий таълим муассасалари ёшлар ихтиёрида.

    “Долзарб 90 кун” ташаббуси моҳияти кенг. Аммо мен шу соҳада фаолият юритаётган мутахассис сифатида уни ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда янгича ёндашувларни жорий этиш мақсадида илгари сурилган стратегик дастурга ўхшатаман. Ташаббуснинг асл мақсади унинг номидаёқ акс этган, яъни аниқ бир вақт — 90 кун ичида максимал даражада самарадорликка эришиш.

    Глобал иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг салбий таъсири ва шиддатли ҳаёт тарзи ёшлар орасида турли касалликлар кўпайиш хавфини оширмоқда. Ана шундай шароитда ушбу ташаббус нафақат касалликларни даволашга, балки уларнинг олдини олиш, профилактика қилишга, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ва ўз саломатлиги учун масъулиятни чуқурроқ ҳис этишга ундайди.

    “Долзарб 90 кун” аҳамияти яна бир неча омилларда яққол намоён бўлади.

    Профилактикага устуворлик — лойиҳа доирасида оммавий тиббий кўриклар, скрининглар, эмлашлар ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи тадбирларга алоҳида эътибор бериляпти. Бу эса касалликларни эрта аниқлаш ва ривожланишининг олдини олиш имкониятини яратяпти.

    Тиббий хизмат сифатини ошириш — “Долзарб 90 кун” давомида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланяпти, ходимлар малакаси ошириляпти. Бу беморларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланишига хизмат қилади.

    Аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш — оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва турли учрашувлар орқали аҳолига соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатлардан воз кечишнинг аҳамияти кенг тушунтириляпти. Бу эса ҳар бир инсонни ўз саломатлигига онгли равишда ёндашишга ундамоқда.

    Ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш — ташаббуснинг асосий йўналишларидан бири ёшлар саломатлигига қаратилган бўлиб, улар орасида гиёҳвандлик, чекиш, ичкиликбозлик каби зарарли одатларнинг олдини олиш, спорт ва жисмоний тарбияга кенг жалб этиш орқали соғлом авлодни вояга етказишга хизмат қилади.

    Уйғунлик — Бухоро давлат тиббиёт институтининг халқаро тиббиёт факультети декани сифатида мен раҳбарлик қилаётган “Устоз-шогирд” мактабида назария ва амалиёт уйғунлигига алоҳида эътибор қаратиляпти. “Долзарб 90 кун” тадбирлари айни шу тамойилларни амалиётда қўллаш учун ажойиб имконият яратди. Талабаларимиз юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб, тиббий кўриклар ўтказишда, аҳоли билан мулоқот қилишда, касалликларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар беришда фаол иштирок этмоқда. Бундай амалий фаолият ёш шифокорларнинг назарий билимини мустаҳкамлабгина қолмай, уларнинг инсонийлик фазилатларини, жамиятга бўлган масъулиятини оширади.

    Ёз мавсумида бу тадбирларнинг қизғин паллага кириши бежиз эмас. Айнан шу даврда аҳоли, айниқса, болалар ва қариялар саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Сув-туз мувозанати бузилиши, ошқозон-ичак касалликлари, юқумли хасталиклар авж олиши мумкин бўлган бу даврда тиббий профилактика ва тезкор ёрдам жуда муҳим. Шогирдларимиз ана шундай шароитларда ўз билим ва маҳоратларини амалда қўллаш имкониятига эга бўлмоқда.

    Бу уч ойлик фаолият нафақат муайян муаммоларни ҳал қилади, балки бутун жамиятда соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Саломатлик — энг бебаҳо бойлик. Ёшларимизни соғлом, билимли ва ғайратли қилиб тарбияласак, улар, шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.

    Дилноза ҲАСАНОВА,

    тиббиёт фанлари доктори,

    профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates