Ташаббусли бюджет: фуқароларнинг уч мингдан ортиқ муаммолари ўз жойида ҳал этилади

    Ўтган йили ўтказилган мазкур жараёнда 41 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган бўлса, уларни бир миллион юз минг нафар фуқаро ёқлаб овоз берган эди.

    2021 йил 26 январь куни Президентимиз раислигида “Маҳаллабай” ишлаш бўйича янги тизимни ташкил этиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган йиғилишда барча идоралар раҳбарлари қатори иқтисодий комплекс вакиллари ҳам маҳаллага тушиб, вертикал тизимни, барча органлар фаолиятини ўзаро мувофиқ йўлга қўйиши юзасидан вазифалар белгилаб берди.

    — Бу вазифалар ижросини таъминлаш йўлларини муҳокама қилар эканмиз, айримлар кўнглидан “биз макроиқтисодиёт билан шуғуллансак, маҳалла масаласига қандай дахлимиз бўлсин”, деган фикрлар кечгани ҳам бор гап, —дейди Молия вазири Тимур Ишметов. — Тўғриси, у вазир, хох банк, хох уюшма раҳбари бўлсин, маҳаллалар ҳаёти билан яқиндан танишгандан кейин муаммолар қанчалик кўплигини, уларнинг каттаю кичиги бўлмаслигини англаб етади. Ҳаммаси муҳим. Ҳар бири инсонлар ҳаётига бевосита таъсир қилади.

    Маҳаллалардаги ҳақиқий ҳолатни кабинетда ўтириб эмас, жойларнинг ўзида билиш ажратилаётган маблағлар самарадорлиги ва назоратини йўлга қўйишда ҳам қўл келади. Мисол учун ўтган йили биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига республика бюджетидан жами 1 триллион сўмгача маблағ йўналтирилди...

    Портал орқали олинган таклифлар молиялаштирилади

    2018 йилда давлатимиз раҳбарининг “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Унга асосан, Молия вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда 2019 йилдан “Фуқаролар учун бюджет” ахборот даврий нашрини чоп эта бошлади. Ушбу нашр туфайли Ўзбекистон ўз аҳолисига давлат молияси, Давлат бюджети маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш йўналишлари тўғрисидаги ахборотни қулай, тушунарли шаклда тақдим этадиган жаҳоннинг 100 та мамлакат сафига қўшилди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунга қадар жами 14 та “Фуқаролар учун бюджет” нашри чоп этилди.

    Бундан ташқари, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Ҳисоб палатасининг хулосалари ва шу каби бошқа маълумотларни ўзида мужассам этган “Очиқ бюджет” ахборот портали ишга туширилди.

    Портал орқали фуқаролар нафақат бюджет маълумотлари билан танишиб боришлари, балки бу жараёнда бевосита иштирок этган ҳолда, ўзларини қийнаб келаётган масалаларни ҳал қилиш учун тегишли маблағларни талаб қилиш имконияти яратилди. Ҳар бир туман ёки шаҳарга ҳудуд аҳолиси таклиф қилган муаммоларни 2019-2020 йиллар давомида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида фуқаролар томонидан жами 230 мингга яқин таклиф ва овозлар билдирилиб, бунинг натижасида жами 245,1 миллиард сўм маблағлар жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун йўналтирилди.

    Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан эса, бу борадаги механизм янада такомиллаштирилди. Хусусан, аҳолини кенг жалб қилиш, жойларда уларни қийнаб келаётган муаммоларни айнан ўзларининг ташаббуслари асосида ечимини топиш имкониятини яратиш мақсадида жорий йилдан туман ва шаҳар бюджетлари харажатларининг 5 фоизи бевосита фуқаролар томонидан билдирилган тадбирларга йўналтирилиши белгилаб қўйилди.

    Жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш учун 2021 йилдан ҳар бир худуддан биттадан 14 та туман ва шаҳар тажриба тариқасида танлаб олинди. Уларга 3 миллиардан 10 миллиард сўмгача, жами 92,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

    — Бу маблағлар катта лойиҳаларни молиялаштиришни кўзда тутмайди, — дейди молия вазири Темур Ишметов — Айтайлик, бир маҳаллада болалар боғчасини ёки мактабни таъмирлаш зарур бўлса, бошқасида кўчани ободонлаштириш муҳим. Ёки яна бирида электр энергияси тармоғини яхшилаш зарур. Давлат бюджетини шакллантиришда бундай муаммоларниннг барчасини эътиборга олиш мушкул. Лекин муайян платформа орқали одамлар учун жойлардаги оғир масала зарурлик даражасига қараб ечим топиши мумкин.

    Президентимиз қарорига биноан, жойларда фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни айнан ўзларининг ташаббуслари асосида ечимини топиш имкониятини яратиш мақсадларига ажратилаётган қўшимча даромадларнинг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга кўтарилди. Фуқароларнинг порталда таклифлар билан иштирок этиши бир йилда икки марта амалга оширилади. Улар томонидан муайян таклиф илгари сурилар экан, у жамоатчиликка очиқ тақдим этилади. Лойиҳага омма томонидан овоз берилади. Ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб деб топилади ва лойиҳалар берилган овозлар сонидан келиб чиқиб сараланади, молиялаштирилади. Жараёнда вояга етган ҳар бир фуқаро иштирок этиши мумкин.

    Энг ташаббускор вилоят

    Учкўприк туманидаги “Кенагас” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Кичик қашқар қишлоғида бир километрдан ортиқ ички йўлларни асфальтлаш, сув минораси ўрнатиб бериш юзасидан билдирган таклифлари бир неча йилдирки маблағ етишмаслиги боис ечимини кутиб келарди. Қишлоқда 400 дан ориқ хонадон эгалари ичимлик сувини 1 километр масофадан ташиб келишга мажбур эди. Жазирама иссик кунларида сув таъминотида юзага келган узулишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келган.

    Шу маҳаллада умргузаронлик қилаётган Мухтор Рахматовнинг мавжуд масалалар юзасидан билдирган таклифи “Очиқ бюджет” порталида энг кўп овоз йиғиб умумий қиймати 233 миллион сўмлик лойиҳани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.

    Данғара туманидаги “Увайсий” МФЙ Дўстлик кўчасида яшовчи Мансуржон Расуловнинг аҳоли хонадонларини канализация тармоғига улаш, кўчанинг бир қисмини асфальтлаш борасидаги билдирган таклифи ҳам “Очиқ бюджет” порталида кўп овоз тўплади.

    —Аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган масалалар ечимига юқоридан эмас, балки қуйи тизимдан билдирилган таклифлар асосида маблағ ажратилаётгани кўплаб масалалар ечимида қўл келмоқда, — дейди Қувасой шаҳар “Қўчқорчи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иқболжон Турсунов. — Маҳалламиздаги Заковат кўчаси чорак асрдирки таъмирланмаган. Мавжуд масалалар юзасидан умумий қиймати 562 миллион сўм бўлган таклифимни “Очиқ бюджет” порталига жойладим. 884 та овоз тўплаган холда ғолиб бўлиб, керакли маблағлар ажратилгани айни муддао бўлди.

    Сўх тумани фуқароси Гулхан Мамажонов томонидан “Чашма” МФЙ ни табий газ билан таъминлаш мазмунидаги қиймати 950 миллион сўмлик таклиф жойлаштирилган. Ушбу таклиф 241 та овоз тўплаган ҳолда ғолиб деб топилган ва молиялаштириш учун “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”дан керакли маблағ ажратилди.

    — Эндиликда маҳаллий бюджет маблағларини йўналтиришда ҳар бир солиқ тўловчи ўз таклифлари билан иштирок этиши мумкин, — дейди Фарғона вилояти молия бошқармаси бошлиғи Зафаржон Рўзалиев. — Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, вилоятимизда илк бор туман ва шаҳарларда тасдиқланган бюджетнинг 5 фоизига тенг миқдоридаги маблағ жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Бу маблағлар ҳокимликлар қошида бюджетдан ташқари жамғарма шаклида очилган”Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” шахсий ғазна ҳисоб рақамларида жамланади. Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай ўзларининг расмий веб-сайтларига ва “Очиқ бюджет” порталига жойлаштиради.

    2021 йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори
    10 фоиздан 30 фоизга оширилди. Шу муносабат билан вилоятда илк бора жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш мақсадида “Ташаббусли бюджет” жараёни ўтказилди. Қувонарлиси бу жараён биринчи марта ўтказилишига қарамасдан вилоятимизнинг 221 минг 226 нафар фуқароси овоз беришда иштирок этди ва республикада энг юқори кўрсаткич қайд этилди.

    Аҳоли турмуш тарзи учун муҳим бўлган маданий- маиший шароитларни яхшилаш учун бюджет маблағлари ажаратишда аҳолининг бевосита иштирок этаёгани бюджет маблағларини сарфланишида жамоатчилик назорати ўрнатилаётгани қувонарли ҳол, албатта.

    Фарғона вилоятида 2021 йилда илк бор жамоатчилик фикри асосида “Фуқароларнинг ташаббуси жамғарма”ларида 37 миллиард 735 миллион сўм маблағ шакллантирилди. Биринчи босқичда — 1-31 июль кунлари таклиф бериш истагида бўлган фуқаролар ўзлари яшаётган ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бўйича 3 минг 501 та таклифи “Очиқ бюждет” ахборот порталига жойлаштирилди. Иккинчи босқичда — биргина Фарғона шаҳрида ушбу жараёнда 66 минг 195 нафар фуқаро овоз берди ва фуқаролар иштироки бўйича энг юқори натижа қайд этилди.

    1—12 августига қадар туман (шаҳар) лардаги жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш, баҳолаш, танлаб олиш, ижросини мониторинг қилиш Ишчи комиссияси томонидан белгиланган низом талабларига асосан 1 минг 844 таси овозга бериш жараёнига ўтказилган.

    Учинчи босқич доирасида 2021 йил, 13 августдан 2 сентябрь кунлари энг кўп овоз тўплаган 145 та таклиф ”Очиқ бюджет” ахборот портали томонидан инсон омилисиз тўғридан-тўғри ғолиб деб топилди.

    “Ташаббусли бюджет” жараёни натижаларига кўра, энг кўп овоз тўплаган ва ғолиб бўлган умумий қиймати 39 миллиард 351 миллион сўмлик — 145 та таклифни молиялаштириш мақсадида туман (шаҳар ) ишчи комиссияси томонидан манзилли рўйхати шакллантирилди. Ана шу таклифларга асосан маблағлар умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, спорт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш, ички йўллар (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш, ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар майдончаларини (ўйингоҳларини) барпо этиш ёки таъмирлаш ва қонун хужжатлари билан белгиланган мезонларга мувофиқ бошқа тадбирлар бўйича таклифлари ғолиб деб танлаб олинди.

    Шу кунга қадар фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларда кўтарилган муаммоларни бартараф этиш учун пудратчи ташкилотларга 35 миллиард 674,8 миллион сўм маблағлар ўтказиб берилди ҳамда мазкур маблағлар доирасида 34 миллиардан ортиқ амалий ишлар бажарилди.

    Долзарб муаммолар ҳал этилади

    Ўтган йил иккинчи ярмидан Давлат бюджети маълумотларининг очиқлигини таъминлаш ҳамда бюджет жараёнларига фуқароларни кенг жалб қилиш мақсадида Молия вазирлиги томонидан openbudget.uz — “Очиқ бюджет” ахборот портали янги таҳрирда ишга туширилди.

    Бу борада жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантиришда кенг жамоатчилик жалб қилинди, бюджет жараёнида фуқаролар иштироки ривожлантирилди, шунингдек, бюджетлаштириш соҳасида маҳаллий ва халқаро тажриба билан доимий таништирувлар олиб борилди. Ўз навбатида, бюджет жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича ўтказилган тадбир натижалари хусусида маълумотлар расмий веб-сайтларда жойлаштириб борилди, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

    —Таъкидлаш жоиз, ташаббусли бюджет жараёни жорий йилда
    илк маротаба уч босқичда ўтказилди, — дейди Молия вазири Тимур Ишметов. — Мазкур жараёнда 41 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган бўлса, ушбу таклифларни ёқлаб 1,1 миллион аҳоли овоз беришда иштирок этди.

    Келиб тушган долзарб таклифларни молиялаштириш мақсадида республика бюджети ҳисобидан жами 210,1 миллиард сўм маблағлар тегишли маҳаллий бюджетларга йўналтирилди. Бундан ташқари, туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча манбаларининг бир қисми ҳисобидан ҳозирги пайтга келиб 311,1 миллиард сўм маблағлар “Фуқаролар ташаббуси жамғарма”ларига йўналтирилди.

    Ажратилган маблағлар доирасида овоз бериш жараёни якунларига кўра, 1 594 та (дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, амалга оширишнинг умумий қиймати 407,1 миллиард сўм) таклифлар “ғолиб” деб топилиб, давлат харидлари тамойиллари асосида аниқланган пудратчилар томонидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

    Улардан белгиланган тартибда фойдаланиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаролар томонидан “ғолиб” деб топилган таклифларни амалга ошириш босқичларини бевосита кузатиб боришни таъминлаш мақсадида ташаббусли бюджет жараёни билан боғлиқ молиявий операцияларни фуқаролар учун кузатиб бориш имконияти яратилди. Бундан ташқари, фуқаролар томонидан келиб тушган таклифларнинг аксарият қисми жойларда ички йўлларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ тадбирлардан иборат эканлиги ҳам ушбу соҳада етарлича муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда.

    Шу муносабат билан, 2022 йилдан бошлаб туман (шаҳар) бюджетидан ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларга йўналтирилиши бўйича янги тартиб жорий этилмоқда. Айнан шу мақсадда 145 миллиард сўм ажратиш режалаштирилмоқда. Натижада, жойларда йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг тенг ярми айнан фуқаролар томонидан билдирилган энг долзарб деб топилган муаммоли йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.

    Ўтган йили ўтказилган овоз бериш жараёнларида фуқароларни кенг жалб қилиш мақсадида жойларда маҳаллабай ишлар ташкил этилиб, “овоз бериш ярмаркалари” ташкил этилди. Бу орқали фуқароларга порталдан фойдаланиш учун амалий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунчалар берилди. Ушбу ишларнинг давоми сифатида, эндиликда ҳар бир маҳалла ва овулда “Очиқ бюджет” ахборот порталида таклиф қолдириш ва овоз бериш жараёнига кўмаклашувчи “мобил” гуруҳлар ҳамда “ташаббускорлар бурчаги” ташкил этилади.

    Шунингдек, Молия вазирлигига эндиликда фуқароларнинг бюджет жараёнига жалб этиш даражаси бўйича ҳудудлар рейтингини жорий этиш ҳамда халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда ташаббусли бюджетлаштириш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаши вазифаси юклатилиб, ушбу мақсадда 19 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди.

    “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 2022 йилда жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш мақсадида туман ва шаҳар бюджетларининг 5 фоизи миқдорида жами 1,5 триллион сўм маблағлар йўналтирилиши режалаштирилган. Ушбу маблағлар доирасида фуқаролар томонидан билдирилган 3 мингдан ортиқ долзарб муаммолар ҳал этилишига эришиш кутилмоқда.

    Жорий йилда ташаббусли бюджет жараёнлари икки маротаба — февраль ҳамда июль ойларида ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур жараёнларда фуқароларнинг фаол иштирок этиши ўз ҳудудларидаги мавжуд долзарб муаммоларни бартараф этилишида ҳамда бюджет маблағларини тўғри тақсимланишида ўз ҳиссаларини қўшишларига кенг имкониятлар яратади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
    Расулжон КАМОЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбирлари

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates