Ташаббусли бюджет: йўллар равон, манзиллар обод

    Бу йилги овоз бериш жараёнида республика бўйича 8 миллион 93 минг 918 нафар фуқаро иштирок этди. Унинг натижаларига кўра, 517 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларни молиялаштириш учун республика бўйича 412 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

    Вазирлар Маҳкамасининиг 2022 йил 2 февралдаги “Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Менинг йўлим“ лойиҳасини молиялаштиришнинг аниқ тизими жорий этилди. Унга асосан, 2022 йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган лойиҳаларни таъмирлашга йўналтирилиши қатъий белгилаб қўйилди. Бу тизми “Ташаббусли бюджет” жараёнларидан фарқли ўлароқ, бир йилда бир маротаба ўтказилади.

    — Мазкур жараёнда ахборот порталига ички йўлларнинг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номлари, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотлари тўлиқ киритилади, — дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов. — Фуқаролар ички йўллар реестридан геомаълумотлар асосида тегишли манзилни танлаш орқали ўз таклифларини қолдириш имкониятига эга бўлади.

    Ахборот портали автоматик равишда таъмирлашга доир ўртача нархни ва туман (шаҳар) бюджети параметрларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуддаги таъмирланадиган ички йўлларнинг умумий хажмини аниқлайди. Уларни таъмирлашга доир таклифлар киритиш фуқаролар томонидан ахборот порталида тақдим этилган йўллардан бирини танлаш орқали амалга оширилади.Ҳар бир киши ички йўлларни таъмирлашга фақат битта таклифни илгари суриши ва битта таклифга овоз бериши мумкин.

    Ҳар бир туман ва шаҳарларда билдирилган таклифлар бўйича берилган энг кўп овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб сараланади. Ғолиб таклифлар туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизи доирасидаги қийматни ҳисобга олган ҳолда, автоматик тарзда кетма-кетлик бўйича аниқланади. Ғолиб лойиҳалар Ички йўллар реестрида қайд этиб борилиб, келгуси уч йил давомида қайта таклиф бериш имконияти берилмайди.

    Вазирлик маълумотига кўра, жорий йилнинг 7 май куни “Менинг йўлим” лойиҳасининг 2023 йилги мавсумига овоз бериш жараёни якунига етди. Ушбу мавсум учун республика бўйича 10 317 та ташаббусли таклиф келиб тушди. Ўтган йили худди шу жараёнда 9212 та лойиҳа илгари сурилган эди.

    Бу йилги овоз бериш жараёнида республика бўйича 8 миллион 93 минг 918 нафар фуқаро иштирок этди. Унинг натижаларига кўра, 517 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларни молиялаштириш учун республика бўйича 412 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

    Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент вилояти (55 та), Қорақалпоғистон Республикаси (54 та), Самарқанд ва Андижон вилоятлари (40 тадан)ни энг кўп лойиҳалар ғолиби сифатида келтириш мумкин.

    Амалдаги низомга мувофиқ, ғолиб деб топилган лойиҳалар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ушбу таклифларни илгари сурган фуқаролар жалб қилинган ҳолда, ишлаб чиқилади. Уларни амалга ошириш бўйича ички йўлларни лойиҳалаштириш,таъмирлашда туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари буюртмачи вазифасини бажаради.

    Маҳаллий бюджетлар параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағлардан самаралифойдаланишнитаъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ғолиб деб топилган таклифларни молиялаштириш учун очилган ғазна ҳисобварақлар ахборот порталига бириктирилади ва фойдаланувчиларга ажратилган маблағлар ҳамда уларнинг сарфланиши юзасидан реал вақт шароитида маълумотлар билан танишиб бориш имконияти яратилади.

    Йўл қуриш ва унинг ободлигини таъминлаш савобли иш. Чунки, бу вазифа инсон қадри, эл розилиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис жойларда ички йўлларни таъмирлаш бўйича мавжуд муаммоларнинг айнан фуқароларнинг талаб ҳамда таклифлари асосида ҳал этилиши уларнинг сифатли ва равон, манзилларнинг яқин бўлишига хизмат қилади.

    Ғолиблар жамотчилик фикри асосида аниқланади

    Сўнгги уч йилда турли дастурлар доирасида 9 минг 500 та маҳаллага 57 триллион сўм ажратилди. Бу маблағлар ҳисобига 3 минг 500 та маҳаллада ички йўллар, яна шунчасида боғча, мактаб ва шифохона таъмирланди. 1 минг 19 та маҳаллада ичимлик ва оқова суви таъминоти яхшиланиб, 452 таси замонавий қиёфага келтирилди.

    Бу йил маҳаллаларга ажратилаётган маблағлар кўлами 25 триллион сўмга етказилиши, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 8 триллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилган. Шундан 2 триллион сўм “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган, 4 триллион сўм “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилиши мўлжалланган.

    Одамларни қийнаб келаётган муаммоларни кўпроқ ҳал этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджети қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам фуқаролар фикри асосида йўналтириладиган бўлди. Бунгача бундай талаб фақат туман-шаҳарлар бюджетига тааллуқли эди. Эндиликда маҳаллий бюджетлар томонидан ажратилган қўшимча пуллар ҳисобига 1,7 триллион сўм миқдоридаги маблағлар Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига ўтказилади.

    Ҳақиқатан, кўлам ҳам, маблағ ҳам тоборо ортиб боряпти. Аслида бундан тўрт йил олдин бундай имконият ва кўрсаткичларни тасаввур этиб бўлмас эди. Қолаверса, аҳоли кундалик ҳаёт тарзи билан боғлиқ масалалар ечимига ажратилган маблағлар керакли манзилга етиб бормаслиги, бу борада улар иштироки ва назоратининг йўқлиги муаммоларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўларди. Яъни, ҳар бир солиқ тўловчи ўз “бурчи”ни бажарарди, аммо бюджет, айниқса, маҳаллий бюджет маблағларининг қаёққа ва қандай сарфланишидан бехабар қоларди. Уларни тақсимлашдаги жамоатчилик иштироки ва назорати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

    Бунинг устига дастурларни бажаришда масъулиятсизлик, қонун бузилиш ҳолатлари ҳам рўй бериб турарди. Ўтган йил октябрь ойида Бош прокуратура томонидан уюштирилган брифингда айтилишича, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури бўйича Республика штаби томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганиш ишлари юклатилган вазифа ва топшириқлар ижросида камчиликка йўл қўйган ҳамда ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 427 нафар масъуллар интизомий, 724 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, 3040 нафар шахс расман огоҳлантирилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 185 та жиноят ишлари қўзғатилди, 880 нафар фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган...

    Ана шундай камчилик ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида объектлар пудратчисини танлашдаги коррупция ҳолатларини олдини олиш мақсадида пудратчиларнинг рейтингини ҳаққоний тарзда, инсон омилисиз аниқлаш ҳамда тендер ўтказишда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, ҳукумат томонидан уларни амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилди.

    Президентимизнинг ўтган йил 25 октябрдаги “Жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш вазифаси қўйилди. Яъни, 2023 йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилиши белгиланди. Бундай лойиҳалари учун маблағлар ўтган йилгига нисбатан 3,5 баробарга оширилди.

    — Шунда адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни, албатта асраб-авайлайди, — деган эди шу масалада ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари.

    Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 майдаги қарорига кўра, мазкур жараёнларни ҳаётга татбиқ этишнинг янги тартиб-тамоилларини қамраб олган низом тасдиқланди.

    — Эндиликда жамоатчилик фикри асосида лойиҳалар тўплами маҳаллалар (қишлоқлар) бўйича шакллантирилади ва ғолиб сифатида маҳаллалар (қишлоқлар) аниқланади. — дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти бошлиғи Шерзод Муҳаммедов. — Дастурлар доирасида жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёни – ҳар йили ноябрь–декабрь ойларида ташкил этилади. 2023 йил учун истисно тариқасида май ойида ўтказилиши режалаштирилган.

    Жараёнлар 3 та босқичда амалга оширилади: 1-босқичда — порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади; 2-босқичда — шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади; 3-босқичда — саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.

    Ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар) овоз бериш жараёни бошланишидан аввал кенг жамоатчиликка эълон қилинган ҳолда, лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сони инобатга олинади, Аҳолиси сони кам бўлган маҳаллаларга (қишлоқларга) лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиққан ҳолда, тузатиш коэффициенти қўлланилади.

    Овоз бериш жараёни якунларига биноан, ҳар бир туман (шаҳар) учун жамғармада шакллантирилган маблағлар доирасида энг юқори кўрсаткични эгаллаган лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилади. Бунда лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилиши учун камида 100 та овоз тўплаши лозим.

    Овоз бериш якунлангандан сўнг 3 кунда ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилади ҳамда жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича туман (шаҳар) махсус комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинади.

    Туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан 3 кунда лойиҳалар учун манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар ўтказиб берилади. Ҳар йил якунлари бўйича жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ жараёнларда фаол иштирок этган фуқаролар рағбатлантириб борилади.

    Абдурауф Қоржовов,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates