Тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йил якунига қадар божхона божидан озод қилинади

    Ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган тураржой мажмуасини қамраб олган иссиқхоналар ташкил этилади.

    Халқимиз учун ердан қадрлироқ ва бебаҳо неъмат йўқ. Ердан самарали фойдаланилса, нақд фойданинг тагида қолади, киши. У нафақат оила даромадига даромад қўшади, балки эл-юрт фаровонлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

    Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, жойларда аҳолининг кўпчилиги иссиқхона барпо этиб, томорқанинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланаётганига, йилнинг тўрт фаслида ҳам иссиқхонада меҳнат қилиб, бозорларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаб келаётганига гувоҳ бўласиз. Зеро, кафтдек ерга ишлов, меҳр бериб меҳнат қилинса, у баракасидан қуруқ қўймайди.

    Охирги тўрт-беш йилда мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларга асосланган иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, экспорт ҳажмларини ошириш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва малакали мутахассисларни кенг жалб қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бераётгани бунинг амалий ифодасидир.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 июндаги “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш, айниқса, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.

    Унга мувофиқ, замонавий иссиқхона хўжаликларини биринчи навбатда, унда етиштириладиган маҳсулотлар бўйича импортни қисқартириш, зарур ускуна ва техникалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига ташкил этиш, иссиқхоналар ҳосилдорлигини ва самарадорлигини йил давомида ҳосил олиш амалиётини жорий этиш орқали ошириш республикада замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

    Эндиликда, хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан ишлаб чиқариладиган замонавий, энергия тежамкор ускуна-жиҳозлардан фойдаланган ҳолда иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташаббускор аҳоли томорқалари, хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этилади.

    Шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ, токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган тураржой мажмуасини қамраб олган иссиқхоналар ташкил этилади.

    Яна бир муҳим жиҳат, қарорда уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилиши ҳам белгилаб қўйилди. Бунда лойиҳа доирасида давлат шериги қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта, ғалладан қисқарган, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларини инвесторлар ўртасида ўтказиладиган очиқ танлов якунлари бўйича ижара ҳуқуқи асосида ажратган ҳолда, уй-иссиқхона мажмуасига ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортилишини таъминлайди.

    Инвесторлар эса лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатларининг тайёрланиши, экспертизадан ўтказилишини таъминлаб, уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилишга оид лойиҳаларнинг концепцияси, лойиҳа-смета ҳужжатларини “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда ишлаб чиқади. Ўз навбатида, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ қурилиш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш харажатлари бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини ўз маблағлари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади.

    Ташаббускор аҳоли уй-иссиқхона мажмуалари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб келишилган муддатгача тузилган шартнома асосида уй-иссиқхона мажмуаларида ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият олиб боради ва уларда маҳсулотлар етиштириш билан шуғулланади. Келишилган муддат якунланганидан сўнг уй-иссиқхона мажмуаларини мулк ҳуқуқи асосида, улар жойлашган ерни ижара ҳуқуқи асосида бепул қабул қилиб олиб, келгусида ундан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлайди.

    Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида уй-иссиқхона мажмуалари қурилиши учун инвесторларнинг ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар жалб этилиб, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини тортиш ишлари маҳаллий ҳокимликларнинг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари буюртмалари асосида амалга оширилиши ҳам назарда тутилган.

    Эътиборга молик томони, иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларида маҳсулот етиштириш билан шуғулланаётган фуқароларга Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган имтиёзлар ва шарт-шароитлар татбиқ этилаётир.

    Ҳужжатда яна бир муҳим масаланинг ечими кўрсатиб ўтилгани катта аҳамиятга эгадир. Жумладан, уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод қилиняпти.

    Булар ҳали ҳаммаси эмас. Иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар 2023 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод этилиши ҳам айни муддао бўлди. Иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари, уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилиши эса мутлақо тўғри ва ниҳоятда оқилона қарордир

    Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг шундай гапи бор: “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир”. Бу миришкор деҳқонлар хизматига берилган катта баҳодир. Зеро, қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа бўлиб, бозорларимиз файзу баракаси, ҳаётимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан унга боғлиқ. Шу жиҳатдан мазкур қарорнинг ижроси давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилишга хизмат қилиши муқаррар.

    Актам ҲАИТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

    Спикери ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates