Темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича Хитой тажрибаси қандай?

    Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича Хитой тажрибасини ўрганди.

    1949 йилда Хитойда урушлар туфайли 22 минг километр узунликдаги ёмон ҳолатда бўлган ва шикастланган темир йўллар бор эди холос. Унинг 1000 километрдан камроғи икки изли бўлиб, электрлаштирилган темир йўллар деярли йўқ эди.

    Хитой ҳукумати шу чоққа қадар мамлакатнинг темир йўл тармоғини беш баробардан зиёд кенгайтирди ва темир йўл соҳасининг сифат ва салоҳиятини сезиларли даражада ўзгартирди. Хусусан, поездлар юқори тезликда ҳаракатланиши мумкин бўлган тармоқ сезиларли даражада кенгайтирилди ва бугунги кунда Хитой бундай магистралларнинг узунлиги бўйича дунёда биринчи ўринни мустаҳкам эгаллаб турибди.

    Хитойда амалга оширилган темир йўл ислоҳотини тармоқни кенгайтиришга қаратилган давлат дастури асосидаги марказлашган бошқарув ва молиялаштириш ҳисобига иш сифати ва тармоқ самарадорлигини ортишига ўзига хос мисол сифатида келтириш мумкин. Шундай қилиб, Хитойда амалга оширилган ислоҳотнинг асосий фарқли жиҳати бу давлат секторининг етакчи ролидир.

    Тармоқ 2013 йилгача темир йўл соҳаси стратегияси ва сиёсатини белгилаган Алоқа йўллари вазирлиги томонидан назорат қилинган. 2013 йилда Давлат кенгаши ушбу вазирликни тарқатиб юборди ҳамда стратегик ва тартибга солиш функцияларини тижорат вазифаларидан ажратди. Ислоҳотдан кейин ҳам хусусий секторнинг жалб этилишидан умумий ривожланиш мақсадларига эришиш учун ёрдамчи восита сифатида фойдаланиб келинмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, ислоҳотлар бошланишидан олдин соҳада бир қатор тизимли муаммолар мавжудлиги туфайли тармоқ зарар кўрарди.

    1. Темир йўл соҳасидаги қарзлар миқдори. 2013 йилнинг III чораги якунларига кўра, қарз миқдори ўз капиталига нисбати 76 фоизни ташкил этди (2021 йилнинг III чорагида ушбу кўрсаткич 50 фоизгача қисқарди).

    2. Фирибгарлик билан боғлиқ муаммолар. Мисол учун, собиқ темир йўл вазири Лю Чжицзюнь 2012 йилда пора олгани учун вазифасидан озод этилди. "Синьхуа" ахборот агентлигининг хабар беришича, у ўз мансабидан фойдаланиб, инвестиция компанияси раисига жуда катта миқдорда ноқонуний даромад олишда ёрдам берган.

    3. Соҳанинг паст самарадорлиги. Соҳада иш стандартларининг бажарилмаслиги ҳамда хизматларнинг паст сифатда кўрсатилиши тез-тез кузатилган.

    Ислоҳотларнинг асосий йўналишлари:

    Бошқарувчи ташкилотлар ўртасида функциялар ва масъулият аниқ тақсимланди:

    – Транспорт соҳасини режалаштириш ва ривожлантириш учун жавобгарлик Транспорт вазирлиги зиммасига юкланди.

    – Давлат темир йўл бошқармаси - техник ва хавфсизлик стандартларини қабул қилиш ва уларга риоя этилишини назорат қилиш учун жавобгар этиб белгиланди.

    – Хитой темир йўл корпорацияси - темир йўлнинг тижорат эксплуатацияси учун масъул бўлди.

    – Поездларнинг ишлаши ва минтақадаги инфратузилманинг ҳолатини назорат қилиш учун 18 та ҳудудий темир йўл бошқармаси жавобгар этиб белгиланди.

    Самарадорликнинг ортиши. Ҳукумат томонидан темир йўлларнинг ишлаш стандартларини қатъийлаштириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш орқали уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар қабул қилинди.

    Соҳада рақобат муҳитининг юзага келиши. Бугунги кунда темир йўл соҳасида бир қатор компаниялар, жумладан Hochtief, China Communications Construction, CRRC ва Transwind Infrastructures фаолият юритади.

    Хусусий капиталнинг жалб қилиниши. Хитой хусусий компанияларга темир йўл инфратузилмасига сармоя киритиш ва ўз поездларидан фойдаланиш учун имконият яратди. Шу билан бир қаторда, 2022 йилда Хитой биринчи хусусий тезюрар темир йўл лойиҳасини ишга туширди. 44,9 миллиард юань (7,1 миллиард доллар) қийматга эга бўлган лойиҳа 51 фоизи хусусий секторнинг улуши бўлган давлат-хусусий шериклик модели асосида ишлаб чиқилди.

    Хулоса қилиб айтганда, 2013 йилда Хитойда темир йўл соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида паст самарадорлик ва юқори даражадаги қарз миқдори каби тизимли муаммолар бартараф этилди, шунингдек, саноатнинг рақобат муҳитида ишлашга ўтиши ва хусусий капитални жалб қилиш учун асос яратилди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates