Теҳрон Марв (Туркманистон) ва Душанбе (Тожикистон) шаҳарларига темир йўл қатновини ташкил этиш чораларини кўрмоқда, бу Эроннинг қўшни Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини янада мустаҳкамлайди, деди Эрон миллий темир йўллари компанияси (RAJA) бош директори Жаббор Али Закерий.
Унинг сўзларига кўра, бу янги йўналишлар Эроннинг транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш стратегиясининг бир қисмидир.
Марказий Осиё мамлакатларига темир йўл қатнови қачон ишга тушиши ҳозирча маълум қилинмаган.
Жаббар Али Закерий, шунингдек, Эронни Туркия, Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган иккита янги темир йўл йўналиши яқинда ишга туширилишини маълум қилди. Янги йўналишлардан бири Теҳронни Анқара билан боғлайди ва яқин икки ой ичида ишга туширилади. Иккинчи йўналиш – Теҳрон-Ҳирот келаси ой охиригача ишга тушади.
Ушбу йўналишлар одамлар ва юкларни ташиш, шунингдек, савдо ва сармоявий соҳадаги стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очади. Туристик поездларни ривожлантириш ушбу ташаббусларнинг муҳим жиҳати ҳисобланади, деб хабар беради asiaplustj.info.
Бош директор темир йўллар ва ҳаракатланувчи таркиблар парки ривожланиши ўртасидаги тафовут масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Эрон ҳар йили 150 дан 300 километргача янги темир йўлларни қуради, бироқ тармоқ тўлиқ ишлаши учун ҳаракат таркибини янгилаш керак. Жорий йилда мамлакатга 300 та янги йўловчи вагонлари келтирилади. Шунингдек, Хитой томони билан янги вагонларни етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди, деди компания раҳбари.









