Тезюрар поезд Нукусгача боради

    Ҳукумат 28 ноябр 2022 7228

    Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси бўйича тақдимот билан танишди.

    Мамлакатимизда транспорт тармоқлари изчил ривожлантириб келинмоқда. Хусусан, 2018 йилда Бухоро – Мискин темир йўли қурилиб, Хивагача масофа 242 километрга қисқарган эди. Шу билан бирга, электр поездининг унумдорлиги 4,5 баробар юқорилигини инобатга олиб, мавжуд темир йўллар электрлаштирилмоқда. Сўнгги йилларда Қарши – Китоб, Поп – Наманган – Андижон ҳамда Қарши – Термиз йўналишлари электрлаштирилди.

    Давлатимиз раҳбари хоразмликлар билан учрашганида 2024 йилда Хивага тезюрар электр поезди йўлга қўйилишини айтган эди ва бу режа Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилди. Шу тариқа, Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш бошланди.

    Тақдимотда бу ишларнинг бориши ва кутилаётган натижалар ҳақида ахборот берилди.

    Мазкур лойиҳанинг қиймати 445 миллион доллар. Шундан 270 миллион доллари Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан жалб этилади. Лойиҳа доирасида Бухородан Хивагача бўлган 465 километр темир йўл тармоғи электрлаштирилади, бекат, нимстанциялар ва бошқа иншоотлар қурилади.

    Йўлнинг самарадорлиги, шунга яраша, анча ошади. Масалан, поездларнинг юқори тезлиги соатига 250 километргача бўлади. Натижада йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача етиб бориш вақти 14 соатдан 6 соатга, Бухородан Хивагача 8 соатдан 3 соатгача қисқаради. Бу халқимизга катта қулайлик яратиб, туризм ривожида ҳам муҳим омил бўлади.

    Тезлик эвазига темир йўлнинг ўтказувчанлиги ҳам ошади. Юк ташиш имконияти йилига қўшимча 11 миллион тоннагача, йўловчилар сони 2 миллион 300 минг нафарга кўпаяди. Поездлар электр энергиясида юриши ҳисобига йилига 18 минг тонна дизел ёқилғиси тежалади.

    Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг сифатли бўлишига алоҳида аҳамият қаратди.

    – Аввалги лойиҳаларда мутахассисларимиз анча тажриба орттирди, чет эллик консультантлар ҳам жалб этилди. Энди асосийси – ишни сифатли бажариш. Бу йўлни қанча яхши қилсак, халқимизга шароит, туристлар учун қулайлик, иқтисодиётимизга манфаат бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Бухоро ва Хоразм вилояти ҳокимларига тезюрар поезд ўтадиган туман ва шаҳарларда йўл бўйи хизматларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

    – Темир йўл борган жойга маданият боради, ҳаёт жонланади. Шундай экан, бекатлар атрофида, ҳудди автомобиль йўлларида бўлганидек, савдо ва хизмат шохобчаларини кўпайтириш керак. Яна бир вазифа – темир йўл бўйлаб чўл иқлимига мос дарахт ва буталар экиш зарур. Бу ҳам ҳудуд экологиясига таъсир қилади, ҳам йўл бўйларига кўрк бағишлайди, – деди давлатимиз раҳбари.

    Президентимиз мутасаддиларга ҳозирги лойиҳага ҳамоҳанг тарзда, Нукус шаҳригача бўлган темир йўлни ҳам электрлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бунинг натижасида Тошкент билан Нукус ўртасидаги қатнов вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради.

    Тадбирда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, давлат ташкилотлари биноларида қуёш панеллари ўрнатиш, аҳолини бу борада рағбатлантириш масалалари бўйича ҳам топшириқлар берилди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates