Тиббиётда коррупция

    Соғлиқни сақлаш вазири масалага ойдинлик киритди

    Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида “Биз коррупция ҳақида кўп гапирамиз, лекин вазирлик тизимида коррупцияга йўл қўйилса, нима учун вазир жавоб бермаслиги керак? Энди сўров бошқача бўлади. Вазир ўзи раҳбарлик қилаётган соҳага ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб ўзи жавоб беради”, деди.

    Бу борада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция кўп учраётган ва ходимлари аҳоли билан кўп мулоқотга киришувчи соҳаларда масъул вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда коррупциявий омилларни бартараф этмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда тизимда “Коррупциявий соҳа” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2021-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харита”лари тасдиқланиб, унда белгиланган вазифалар ижроси таъминланди.

    — Масалан, тизимдаги коррупцияга оид ҳолатлар ҳақида тезкор хабар бериш учун “12 03” қисқа рақамли “ишонч телефони” ва қўнғироқ маркази ишга туширилди. Давлат тиббиёт муассасаларида бюджет маблағи ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер беришни тўлиқ электрон шаклда амалга ошириш механизми жорий этилди, — дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов. — Ўндан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, даволаш-профилактика муассасаларининг тасдиқланган пулли хизматлари рўйхати вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилди.

    Соҳада коррупциянинг олдини олишга қаратилган 26 мингдан ортиқ тарғибот материали тайёрланиб, 3 мингдан зиёд тиббиёт муассасаси, оилавий поликлиника ва шифохоналарнинг кириш жойларига жойлаштирилди ҳамда “Соғлиқни сақлаш ходимлари учун коррупцияга қарши курашишга оид эслатма” тайёрланиб, тизим ходимларига тарқатилди.

    — Тан олиб айтишимиз керак, соҳада ҳали-ҳамон коррупцион омиллар сақланиб қолмоқда. Бунинг натижасида тизим ходимлари томонидан коррупцияга қўл уриш ҳолатлари учраб турибди, — деди Акмал Бурҳонов. — Хусусан, 2022 йил давомида соҳа вакилларининг 793 нафари 805 та коррупцион ҳолатни содир этди. Жиноятларнинг асосий қисми ходимларнинг иш ҳақини ўзлаштириш, ишга киритиш ёки иш соатини кўпайтириш, давлат харидлари, тиббиёт муассасаларига тегишли мол-мулк ва бюджет маблағларини ўзлаштириш, тиббий муолажалар учун пора олиш каби ҳолатлар билан боғлиқ. Тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ва уларга иш ҳақини ҳисоблаш билан боғлиқ коррупцион жиноят содир этган шахслар сони соғлиқни сақлаш тизимидаги жами жиноят содир этган шахсларнинг деярли 50 фоизини ташкил этмоқда.

    Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, коррупциявий жиноятларга қўл ураётган шахсларнинг аксарияти шифокор ёки умуман тиббиёт ходими эмас, балки раҳбар ва маъмурий бошқарув вакилларидир.

    — Коррупцияга қарши курашда 17 та аниқ вазифани белгилаб олдик ва уни амалга ошириш бўйича қадамлар қўя бошладик, — деди соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов. — Бу осон бўлмайди. Коррупция ҳолатларининг олдини олиш, унга қарши курашиш, коррупциянинг олдини привинтив олишни вазирлик марказий аппаратининг ўзидан бошлашимиз керак. Айни пайтда давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган 4 минг нафарга яқин мутасаддининг дунёқарашини тубдан ўзгартиришимиз зарур. Чунки бугунги талаб кечагидан тубдан фарқ қилишини тизимдаги раҳбар-ходимлар яхши тушуниши шарт. Мутасадди қатъий ирода билан иш юритса, тизимда коррупцияга қарши курашиш ва унга барҳам беришда самарага эришиш мумкин.

    Жорий йил тизимда “Коррупцияга қарши кураш йили” деб эълон қилинди, вазирликнинг махсус “ишонч телефони” ташкил этилди. Шу билан бирга, ишонч телефони сифатида вазирнинг шахсий рақами орқали ҳам мурожаатлар қабул қилинаётир. Амрилло Иноятовнинг айтишича, вазирнинг бошқарма ходимлари учун очиқ бўлган мобиль телефон рақамига ҳар куни 500 тагача мурожаат келиб тушяпти. Мурожаатлар одамларнинг иш ҳақини ошириш, уй-жой олишига кўмаклашиш ҳақидаги сўровлар билан боғлиқ бўлса-да, коррупция ҳолатлари ҳам истисно қилинмаяпти.

    Жумладан, Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиали кадрлар бўлими инспектори ишга жойлаштириш учун 400 AҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтда жиноят устида ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан филиал директори ва кадрлар бўлими бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Зеро, мутасаддининг кадрларни танлаш қобилияти коррупцияга қарши кураш асосларидан биридир.

    Соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарияти томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар талайгина. Масалан, малакали жарроҳни туман шифохонасига бош шифокор ёки туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи этиб тайинлаш билан бир вақтнинг ўзида яхши жарроҳни йўқотиб қўйиш, сифат бўйича менежер тополмай қолиш мумкин. Шу боис, тажриба сифатида раҳбарлик лавозимларига бошқа соҳалардан менежерлар чақириш таклифи билдирилмоқда.

    Яқинда соҳада коррупцияни батараф этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқликни таъминлашга оид вазифалар ижросига бағишланган йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма баёноти қабул қилинди. Шунингдек, тиббиёт соҳасида коррупциявий омилларни келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этиш, соғлиқни сақлаш тизимини коррупция иллатидан холи қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган чораларни амалга оширишга келишиб олинди.

    Жумладан, соҳада коррупцияга қарши курашиш ишларини жамоатчилик ва ОАВ вакилларига мунтазам тақдим этиб бориш ҳамда муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш, тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилиш жараёнидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва ходимларни ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилиш юзасидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича электрон платформани ишга тушириш режалаштириляпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий веб-сайтида тизимдаги барча муассасалар бўйича бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар жойлаб ва доимий янгилаб бориш, тиббиёт ходимларига муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш юзасидан замонавий механизмлар жорий этилади.

    Тиббиёт муассасалари раҳбарлари, кадрлар хизмати ҳамда бош ҳисобчиларни касбий одобахлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашнинг бошқа йўналишлари бўйича ўқув курсларида доимий ва тизимли равишда ўқитиш тартибини жорий этиш навбатдаги муҳим масалалар сирасига киради. Тиббиёт муассасаларида беморлар даволаниши учун мўлжалланган жами ўрин (жой) сони, жумладан, улардаги банд қилинган ва бўш турган ўрин ҳақида онлайн маълумот берувчи электрон платформани ишга тушириш, бепул тиббий хизмат олиш ҳуқуқини берувчи ордерларни тақсимлаш жараёнининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш тартибини ишлаб чиқиш, электрон ордер тизимини масофавий мониторинг қилиш орқали коррупциявий омилларга чек қўйиб, навбатсиз ордер олиш имкониятини бартараф этиш коррупциянинг олдини олишда самара беради.

    Шу каби хизматлар кўрсатиш технологияси, зарур кадрлар ресурси, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари сарфланишини назарда тутадиган соғлиқни сақлаш соҳасидаги тиббий хизматларнинг ягона реестрини яратиш, соҳада замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича бошланган ишларни тўлиқ қайта инвентаризациядан ўтказиш, барча тиббиёт муас сасалари фаолиятини ўзига қамраб олувчи ягона электрон базани ишга тушириш ва ажратиладиган маблағнинг сарфланиши устидан қатъий жамоатчилик назорати механизмларини жорий этиш бугуннинг муҳим вазифаларидан. Ҳар бир тиббиёт муассасаси, оилавий поликлиника ва шифохонанинг кириш жойларида ва вазирликнинг расмий веб-сайтида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори-дармон рўйхати жойлаштирилади ва жамоатчилик хабардор қилиб борилади. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқарма бошлиқлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизими босқичма-босқич жорий қилинади. Тиббиёт муассасаларидаги тиббий ускуна ва жиҳозлар талон-торож қилинишининг олдини олишга қаратилган реал вақт режимида ишлайдиган электрон платформа ишга туширилади. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси олиш бўйича тақдим этиладиган ҳужжатлари Давлат хизматлари марказлари орқали фақат электрон шаклда қабул қилиш ва аттестация жараёнларини онлайн тест орқали ўтказиш тартиби жорий этилади. Вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий тузилмаларида алоҳида штат бириклари асосида коррупцияга қарши ички назорaт тузилмаси (комплаенс назорат) фаолиятини самарали ташкил этиш чораларини кўриш бўйича келишув баёнотда ўз ифодасини топди.

    Мазкур вазифалар ижроси агентлик ва вазирлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари томонидан мунтазам муҳокама қилинади ҳамда бу борада қилинган ишлар ҳар чоракда брифинг ёки матбуот анжумани шаклида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликка етказилади.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates