Тинч, фаровон ва хотиржам ҳаётимиз кафолати

    Ҳарбий 14 январ 2021 1538

    Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

    ...Кун пешиндан оққан. Санъат саройи олдидаги сайилгоҳ марказида ўрнатилган байроғимиз баланд ва мағрур ҳилпираб турибди. Унинг атрофи эса юртдошларимиз билан ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Бир-неча кундирки сайилгоҳда ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар намойиши бўлиб ўтмоқда. Ўғил-қизлар ота-оналари билан уларни томоша қилиб, қалбида ватанпарварлик ҳисси жўш уради.

    Қудратли ҳарбий техникадан тушиб келган йигитча билан суҳбатлашиб қолдик. Жамолиддин Абдужаббаров Чилонзор туманидаги 173-умумтаълим мактабининг 6-синфида ўқир экан.

    – Тадбиркор бўлмоқчи эдим. Лекин ҳозир фикрим ўзгарди. Энди ҳарбий бўламан, – деди у. – Аскарлар жуда қатъиятли бўлиш билан бирга одобли, хушмуомала экан. Тартибли, озода кийиниши, виқор билан юриши менда ҳавас уйғотди. Улар кучли ва соғлом. Бир аскар акамиз мени мана бу машинага ўтқазиб, уни қандай бошқариш, қандай мақсадларда фойдаланиш ҳақида эринмай тушунтирди. Унга ҳавас қилдим. Мен ҳам Президентимиз, ота-онам орзу қилган йигит бўлиб, Ватанимга хизмат қиламан.

    “Халқлар дўстлиги” санъат саройи байрамона безатилган. Муҳташам залга бирин-кетин ҳарбий хизматчилар, курсантлар, уларнинг ота-оналари, Қуролли Кучлар фахрийлари, сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари кириб келди.

    Давлатимиз мадҳияси янгради.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ўқиб эшиттирди.

    Табрикда қайд этилганидек, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган эл-юрт таянчи ва суянчига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланди.

    Дарҳақиқат, Ўзбекистон мудофаа қудрати йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бунда янги Мудофаа доктринаси қабул қилингани муҳим аҳамият касб этди. Кейинги 4 йилда мавжуд қурол-аслаҳа, ва техникалар янгиланиб, модернизация қилинди. Ҳарбий тузилмалар фаолияти, ҳарбий қисм ва муассасалар инфратузилмаси тубдан яхшиланди. Замонавий талабларга жавоб берадиган дала ўқув майдонлари барпо этилди.

    Ҳарбийларимиз, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва уларнинг оила-аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатлар уларни уй-жой билан таъминлаш, соғлиғини сақлаш, фарзандларини имтиёзли ўқитиш каби жиҳатларда намоён бўлади.

    Миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиш натижасида ҳарбий хизматчиларнинг нуфузи ортди. Кўча-кўйда ҳарбий либосдаги йигитларга янада ҳавас ва ҳурмат билан қарайдиган бўлдик. Қуролли Кучларимиз сафида Ватанга хизмат қилиш йигит-қизларимиз учун шон-шараф тимсолига айланди.

    Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг маънавий қиёфаси ҳам тубдан ўзгарган. Бугун улар армия ва халқ бирдамлиги йўлида астойдил хизмат қилмоқда. Буни уларнинг юз-кўзи, ҳатти-ҳаракати ва гап-сўзидан ҳам номоён бўлаётир.

    – Бу йилги байрам менга қўшалоқ қувонч олиб келди. Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган “Энг илғор мутахассис” кўрик-танловида “Энг яхши взвод командири” деб топилдим, – деди Мудофаа вазирлиги взвод командири, “Жасорат” медали соҳиби Муҳаммадсоли Дўстқулов. – Бу менга ўзгача ғурур бахш этиб, кейинги хизматларимда янада шижоатли бўлиш ва тинимсиз меҳнат қилишимда қанот бўлади. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мудофаа тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бизга, оила аъзоларимизга кўплаб имтиёзлар жорий қилинди. Бу, ўз навбатида, профессионал армиямизнинг янада ривожланишига, янада мустаҳкам бўлиши учун муҳим омилдир.

    Тантанали байрам тадбирида коронавирус пандемияси шароитида жонбозлик кўрсатган ҳарбий шифокор ва хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот органлари, қутқарув хизмати ходимларининг машаққатли ва шарафли хизмати яна бир эътироф этилди. Ҳарбий оркестр, таниқли санъаткорлар томонидан Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлар тақдим этилди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

    * * *

    Шуни куни Мудофаа вазирлигида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ орден ва медаллар билан тақдирланган ҳарбий хизматчиларга мукофотларни тантанали топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

    – Бугун мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти бошлиғи, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Фарҳоджон Ортиқов. –Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ҳам бу борада самарали тизим йўлга қўйилган. Жумладан, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди жанг санъати, уларнинг ноёб истеъдодини ёш авлодга таништиришни мақсад қилганмиз. Бугунги мукофот бизни янада фидойилик билан хизмат қилишга ундайди.

    Туққан ерда туғинг тик, дейди халқимиз. Бу гап замирида эгалик, шукроналик ва бахтиёрлик ҳисси мужассам. Зеро, она юртда яшаш шараф, бунда гўзал ва осойишта отган ҳар бир тонгни қарши олиш бахт.

    Улуғбек АСРОРОВ,

    Башорат ЮНУСОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбирлари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates