Тизимдаги ўзгаришлар сабаб 8 миллион аҳоли хонадонига обиҳаёт кириб борди

    Сўнгги йилларда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик қамровини ошириш, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида сезиларли ишлар олиб бориляпти.

    Натижаларда кўрадиган бўлсак, 2016 йилда Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳаси учун жами 380 млрд сўм маблағ ажратилган. Бунинг натижасида 37 минг нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланган ва 47 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланган.

    2017 — 2023 йилларда (сўнгги 7 йилда) ичимлик сув таъминотини яхшилашга 20 трлн сўмга яқин маблағ йўналтирилди. (олдинги 25 йилга нисбатан 8 баравар кўп). Ушбу маблағ ҳисобидан 2 916 та сув иншооти ва 42,8 минг км узунликдаги ичимлик суви тармоқлари тортилди. Натижада республика аҳолисининг марказ­лашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 2017 йил бошида 63,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йил якунига келиб, ушбу кўрсаткич 77,2 фоизга етказилишига эришилди. Мазкур давр мобайнида 8 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланиб, 14,5 миллион нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.

    Бевосита амалга оширилган йирик лойиҳалар хусусида сўз борганда, сўнгги йилларда соҳага қаратилган эътибор ва бу борадаги давлатимиз раҳбарининг ислоҳотлари натижасида кўп сонли аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди. Хусусан, «Тўпаланг» сув омбори манбалари ҳисобига ичимлик сув таъминотини яхшилаш» лойиҳаси доирасида 1,4 трлн сўм ҳисобига 147 км тармоқ тортилди ва қурилиш ва қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу машаққатли меҳнат натижаси ўлароқ Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон туманларининг 273 та маҳалласида истиқомат қилувчи 1,1 млн нафар аҳолининг (вилоят аҳолисининг 40 фоизи) ичимлик суви таъминоти ва сифати тубдан яхшиланди. «Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятини ичимлик суви таъминотини яхшилаш» лойиҳаси доирасида эса Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги 286 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

    Қувонарлиси, республикада марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси энг паст бўлган Қашқадарё вилоятида ҳам сезиларли силжишлар бўляпти. Хусусан, «Оқсув-Деҳқонобод» лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида Деҳқонобод туманида яшовчи 76 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланиб, туманинг таъминланиш дара­жаси 1,8 фоиздан, 51,7 фоизга кўтарилди.

    Халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган энг йирик лойиҳалардан яна бири «Тошкент вилояти шаҳар ва туманларининг ичимлик сув тизимларини реконструкция қилиш» лойиҳасидир. Мазкур лойиҳа бўйича Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманларида аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича «Қодирия» сув иншооти қайта таъмирланди. Натижада, ҳудуддаги 8 минг нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланиб, 265 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

    «Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларини ичимлик суви билан таъминлаш» лойиҳаси доирасида эса Олот туманидаги 104 минг нафар ҳамда Қоракўл туманидаги 171 минг нафар аҳолига илк бор ичимлик суви етиб борди. Қайд этиш жоиз, таъминланганлик даражаси Олот туманида 98,5 фоизга ва Қоракўл туманида 97,4 фоизга ўсди.

    Шунингдек, соҳада хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида сув таъминоти корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан бир қатор ишлар амалга оширилганини қайд этиш мумкин. Жумладан, сув иншоотлари, магистраль сув тармоқлари, маҳалла ва кўча бошларига 4,5 мингта замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилди. 750 та махсус техникалар жорий ва мукаммал таъмирланиб, 980 тасига масофадан кузатиш имконини берувчи ГПС қурилмалари ўрнатилди.

    — Истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва шаффофлигини ошириш мақсадида, ичимлик ва оқова сув хиз­матларини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган «Узватер« ягона биллинг тизими ишга туширилди, — дейди «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви в.б раиси Ахмад Суванкулов.

    Унинг таъкидлашича, янги биллинг тизими орқали ҳисоб-китобларнинг ҳаққонийлиги ва шаффофлиги таъминланди. Мазкур биллинг тизими барча зарур маълумотлар базалари жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси , Кадастр агентлиги, Марказий банк, Тижорат банклари, барча тўлов тизимлари, Нотариал идоралар, «Рақамли Тошкент» геоахборот тизими, шунингдек давлат реестридан ўтган сув ҳисоблагичлари ишлаб чиқарувчилари билан интеграция қилинган.

    Бундан ташқари, истеъмолчилар учун такомиллаштирилган шахсий кабинет жорий этилди. Бу эса истеъмолчиларга тўловлар ҳисоботини (ойлар, йиллар) кесимида кўриб бориш, шу ернинг ўзида тўловни амалга ошириш, ҳисоблагич кўрсаткичлари маълумотларини киритиш каби жуда катта имкониятларни тақдим этади.

    Шунингдек, объектларнинг геоахборот тизимини яратиш ва юритиш бўйича 2022 — 2025 йилларга мўлжалланган чора-тад­бирлар дастури ишлаб чиқилиб, ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан тақдим қилинган нуқтали ва чизиқли объектлар вектор форматидаги ягона географик қатламга жамланди ва геоахборот базасини шакллантириш бўйича ҳудудий сув таъминоти корхоналари билан маълумотлар алмашинуви схемаси ишлаб чиқилди.

    Бугунги кунгача, Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Нурафшон ва Оҳангарон шаҳарларида тўлиқ, Сирдарё вилоятининг Гулистон ва Янгиер шаҳарларида қисман геоахборот тизимлари базаси яратилган бўлса, Наманган ва Хоразм вилоятларида ҳам бу борадаги ишлар давом этмоқда. Албатта бунда Кадастр агентлиги билан ҳамкорликда тегишли лицензия олинганини қайд этиш лозим.

    Тизимларни режалаштирилган эҳтиёт кўрикдан ўтказиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш (ППО, ППР) дастурлари регламентини рақам­лаштириш бўйича ишлар бошланди.

    Бугунгача, Республикадаги 38 та йирик сув иншоотлари рақамлаштирилди. Халқаро ИСО-45001:2018 (Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизликни бошқариш тизими) ва ИСО-14001:2015 (Атроф-муҳитни бошқариш тизими) сертификатлари олинди. Сув сифати ва хавфсизлиги мониторинги учун «ВАТEР ЛАБ» ахборот тизими жорий этилиб, тестдан ўтмоқда. Бунда республика бўйлаб ичимлик сув сифатини назорат қилиш имконияти сезиларли даражада кенгайтирилади. Бунинг учун мавжуд лабораториялар тўлиқ рақамлаштирилиб, ҳисоботлари электрон тарзда юритилади.

    Таъкидлаш жоизки, жорий йил инвестиция дас­турига асосан соҳага 1 трлн 223 млрд сўм маблағ ажратилди. Йил якуни билан жами 1,3 млн нафар аҳоли ичимлик сув билан таъминланиши ва 2,9 млн нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиши режалаштирилган, хусусан аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 80,9 фоизга етказилади. Бу эса одамлар саломатлигини асрашда муҳим омил ва юртимизда инсон қадри улуғлигининг амалдаги кўриниши бўлади.


    Зулхумор Акбарова

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates