Делегация таркибидан Томск вилояти маъмурияти вакиллари, олий ўқув юртлари, йирик корхона ва саноат ташкилотлари, қишлоқ хўжалиги холдинглари раҳбарлари ўрин олди.
Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида делегация аъзолари «Peng Sheng» саноат мажмуаси фаолияти билан танишди.
Томск вилояти губернатори иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.
Шунингдек, икки вилоят ўртасидаги товар айирбошлаш ва саноат кооперациясини ошириш мақсадида «Сирдарё» саноат зонаси ва «Томск» махсус иқтисодий зонаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида қизиқиш билдирилди.
Учрашувлар якуни бўйича Томск ва Сирдарё вилоятлари ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Россия делегацияси Тошкент вилоятига ташрифи чоғида, ҳудуд раҳбарияти билан қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, саноат, қурилиш, энергетика ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди. Музокаралар якунида англашув меморандуми имзоланди.
Ташриф давомида «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Ўзкимёсаноат» АКда ҳам музокаралар ўтказилди. Унда муайян йўналишлар бўйича кенг кўламли ўзаро алоқалар муҳокама этилди ва ҳамкорлик бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.
Томск шаҳридаги етакчи олий таълим муассасалари вакилларининг мамлакатимиздаги қатор олий ўқув юртлари ректорлари билан учрашувлари бўлиб ўтди.
Хусусан, Томск давлат бошқарув тизимлари ва радиоэлектроника университети раҳбарияти Ўзбекистон томони билан талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви дастурларини амалга оширишнинг қўшма механизмларини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди.
Россия вакиллари электроника, ракета-космик саноат, IТ ва ахборот хавфсизлиги соҳаларида муҳандис кадрлар тайёрлайдиган Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласига ҳам катта қизиқиш билдирдилар.
Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер шаҳридаги филиали билан талабаларнинг академик алмашинув дастурларида иштирок этиш имкониятлари ва 2025 йил учун истиқболли режалар муҳокама этилди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар чоғида талабалар алмашинуви дастурларини амалга ошириш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган қўшма илмий лойиҳалар устида ишлаш зарурлигига эътибор қаратилди, деб хабар беради «Дунё» АА.