Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “University of Tashkent for Applied Sciences” масъулияти чекланган жамиятининг нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Тошкент амалий фанлар университетни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига маъқулланган.
Университетда Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг, жумладан “QS World University Rankings” ва “The Times Higher Education World University Rankings” рейтингидаги дунёнинг 1000 таликка кирувчи Гринвич университети, Марказий Ланкашир университети (Буюк Британия) ҳамда бошқа етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш, уларнинг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини ўқув жараёнига жалб қилиш кўзда тутилган.
Университетда таълим жараёни хорижий тажрибага мувофиқ ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.
Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади.
Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, шунингдек юридик шахслар - потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;
Университетда дастлабки босқичда “Бизнес ахборот тизимлари”, “Бизнес бошкаруви”, “Ахборот хавфсизлиги” хамда “Электрон тижорат” бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабалар қабули амалга оширилади;
Университетда таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, “blended learning” ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи, махсус сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади;
Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасининг олий маълумот тўғрисидаги давлат намунасидаги дипломи берилади;
Университет Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Аҳмад Дониш кўчаси, 12 квартал, 20а-уй манзилида жойлаштирилади.
Белгиланишича, 2024 йил 1 августга қадар:
Университет барча турдаги солиқларни тўлашдан;
Университетга жалб этиладиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўлашдан;
Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, электрон доскалар, проекторлар, мультимедиа маҳсулотлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарь божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.
https://regulation.gov.uz/uz/d/29637 ҳаволаси орқали ҳужжат билан танишиш ва муҳокамада иштирок этиш мумкин.