Тошкент давлат юридик университетида Мақсадли капитал жамоат фонди тузилди

    Ижтимоий ҳаёт 25 май 2021 3444

    Тошкент давлат юридик университети томонидан мамлакатимизда илк маротаба олий таълим муассасаси фаолиятини молиялаштиришнинг янги манбаи бўладиган Мақсадли капитал жамоат фонди (Endowment Fund) ташкил этилди.

    Бу ҳақда университетнинг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими хабар қилди. Университет ходим ва талабаларини дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари ҳамда халқаро ташкилотларда малака ошириши, таълим олиши ва стажировка ўташини ташкил этиш орқали кадрлар салоҳиятини юксалтириш, университетнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида тузилган Мақсадли капитал жамоат фонди нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилди.

    Мамлакатимиз олий таълим муассасалари учун янгилик бўлган Endowment Fund халқаро тажрибада олий таълим ташкилотлари фаолиятини молиялаштиришнинг энг самарали бозор механизмларидан бири ҳисобланади.

    ТДЮУ Мақсадли капитал жамоат фонди ҳам университетнинг ўз олдига қўйган устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда илм-фан, таълимни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор дастурларни амалга оширади.

    Хусусан, фонд томонидан юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш мақсадида университ ходимлари, докторантлари ва талабаларини ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи таълим, илмий муассасалари ва бошқа нуфузли ташкилотларига таълим олиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, стажировка ўташ ва малака оширишга юбориш бўйича стипендия ва грантлар эълон қилинади.

    Иқтидорли талабалар ўз билимини янада мустаҳкамлаши учун зарур ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда жиҳозлар билан таъминланади ҳамда улар ўз устида ишлаши ва илмий салоҳиятини мунтазам ошириб бориши учун мунтазам моддий қўллаб-қувватланиб, рағбатлантириб борилади.

    Шунингдек, турли олимпиада, мусобақа ва танловларда ғолиб ва совриндор бўлган талабаларнинг нафақат ўзи, балки устозлари ҳам фонд ҳисобидан рағбатлантирилади.

    Яна бир асосий жиҳат. Кам таъминланган оилалар ва етим болалар тоифасига кирувчи талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаол ва университетда самарали меҳнат қилаётган ходимларни моддий рағбатлантириш, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш ҳам фонднинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

    Шу билан бирга фонд маблағлари университет моддий-техника базасини яхшилаш, хусусан, халқаро даражадаги олий таълим муассасаси бўлиши учун замонавий кампусни барпо этиш ва жиҳозлашга ҳам йўналтирилади.

    ТДЮУ Мақсадли капитал жамоат фонди (Endowment Fund) маблағлари юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, университет битирувчиларининг ихтиёрий хайрия маблағлари, халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг грантлари ва беғараз ўтказилган маблағлари, фонднинг тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шаклланади.

    Маълумот учун, АҚШ университетларида 800 дан ортиқ (Гарвард, Йель, Принстон, Стэнфорд университетлари энг йирик фондларга эга) Endowment Fundлар бўлиб, уларнинг умумий капитали 2 триллион долларга тенг. Дунёдаги энг катта мақсадли капитал жамоат фонди Гарвард университетига тегишли бўлиб, унинг умумий бюджети 36 миллиард долларни ташкил этади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates