Шундай ташаббуслардан бири — пойтахтимиздаги ўз қиёфасини йўқотган мозаикаларни қайта тиклаш лойиҳаси ҳақида эшитганимда, аввалига, бироз англолмадим. Кейинроқ, болалигимда аммамнинг уйига меҳмонга борганим, улар яшайдиган кўп қаватли бино девори мозаикалар билан безатилгани ҳаёлимдан ўта бошлади. Қизиғи, ўша вақтлари шаҳарда бундай тасвирларга кўп бор кўзим тушарди. Охирги йилларда Тошкент шаҳрида юзлаб янги, замонавий турар жой бинолари қурилиб, атрофда эскилари деярли кўзга ташланмай қолгани учунми, мозаикали тасвирлар ҳақида унутиб юборган эканман.
Аммо бу уларнинг йўқолиб кетганини англатмайди. Масалан, метро бекатларидаги мозаикаларга деярли ҳар куни кўзимиз тушади. Анча йиллар олдин қурилган кўп қаватли уйлар фасадларидаги мозаик тасвирлар ҳам ҳалигача сақланиб турибди. Уларнинг аксари оддий тасвирлар сифатида одамлар ёдидан чиққанига қарамай, ушбу санъат асарларига шаҳарнинг меъморий ёдгорлиги сифатида қаровчилар бор. Йиллар давомида ўнлаб мозаикалар юзаси реклама баннерлари билан беркитиб қўйилгани, айримларининг устига бўёқ тортилгани аҳоли, хусусан, кенг жамоатчилик фаоллари эътиборидан четда қолмагани бунинг исботи. Улар ўз норозиликлари билан мозаикаларни қайта тиклашни сўради.
Шу тариқа, кейинги икки йилдан буён “Payme” компанияси ташаббуси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Маданий мерос агентлиги ҳамкорлигида Тошкент мозаикаларини сақлаб қолиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. 2023 йилдаёқ ташаббускорларнинг ҳаракати билан 200 дан ортиқ мозаикали бино фасадларидан реклама баннерлари олиб ташланиб, 157 та мозаика маданий мерос рўйхатига киритилган. “Тошкент аҳолиси шаҳарни доим ёрқин ва чиройли кўришни истайди. Биз бунга ҳисса қўшиш баробарида, одамлар учун муҳим бўлган қадриятларни асрашни қўллаб-қувватлашга интиляпмиз. Мозаикаларни асраш ва уларга янгитдан руҳ бериш бунинг бир қисми”, дейди “Payme” компанияси маркетинг бўлими директори Нодира Шерматова.
Хайрли ташаббус ҳақида чуқурроқ билганим сари, лойиҳа шаҳарнинг ўзига хос меъморий меросини асрашга қаратилгани билан мени янада қизиқтириб қўйди. Яқиндагина амалга оширилган яна бир ҳаракат бунинг мисоли. Гап шундаки, лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларидаги турар жой бинолари фасадларидаги учта ноёб мозаика юзаси бўёқдан тозаланиб, яна жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Мазкур мозаик тасвирлар 1970 йил ўрталарида рассом Николай Жарский томонидан яратилган бўлиб, 2021 йилда фасад таъмирлаш ишлари сабаб ўз қиёфасини йўқотган. Уларнинг юзасига суртилган бўёқ мутахассислар назорати остида ва қатъий тавсияларга риоя этган ҳолда, эҳтиёткорлик билан тозаланди.
— Бўёқ остида қолган мозаикаларни тиклаш — бу шаҳарнинг визуал тарихи, ўтган давр, инсонлар ва ғоялар билан боғлиқ хотираларни қайтаришдир, — дейди “Tashkent Mosaics” лойиҳасининг илмий раҳбари Фотима Абдураҳмонова. — Булар шунчаки тасвирлар эмас, балки йиллар давомида Тошкентнинг бебаҳо мероси ва фахрига айланган, пойтахт визуал қиёфасининг бир қисми ҳисобланади. Афсуски, сўнгги йилларда уларнинг айримлари бўёқ остида қолган. Бу, албатта, атай қилинмаган, шунчаки, архитектура меросини тизимли сақлаш механизми йўқлиги боис, фасадларни кенг қамровли таъмирлаш ва бўяш жараёнларида мозаикаларга санъат асари эмас, балки бўёқ билан беркитиш мумкин бўлган эски тасвирлар сифатида қаралган. Бу борада ишни бажарувчи ташкилотларга аниқ кўрсатмалар берилмаган. Шу боис, лойиҳа доирасида бўёқ остида қолган, рассом Николай Жарский ижодига мансуб 3 та ноёб мозаика тозаланди. Бу бир марталик ташаббус эмас, Тошкент мозаикаларини ўз ҳолича асрашга қаратилган ҳаракатлар турли кўринишларда доимий давом эттирилади.
Ярим асрдан кўпроқ вақт...
Тошкент шаҳри 1930 йилда Ўзбекистон пойтахти сифатида эълон қилинганидан буён салкам бир аср ўтди. Бу кўҳна ва азим шаҳар қадимдан замонавий ва ўзига хос қиёфаси билан ажралиб турган. Ушбу манзилга бир келган инсон унга меҳр қўядию, сабабини изҳорлай олмайди. Шаҳарнинг нимасидир, қандайдир оҳанрабоси ўзига чорлайверади. Тошкентга берилган “Тинчлик шаҳри”, “Нон шаҳри”, “Дўстлик шаҳри” каби эътирофлар эса пойтахтнинг азалдан меҳмонлар учун очиқ бўлгани тимсолидир.
Бугун Тошкент шаҳри жадал ривожланаётган пойтахтлар қаторида. У нафақат мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази, балки Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳар ҳамдир. Кейинги йилларда пойтахтнинг замонавий қиёфаси тубдан янгиланиб боряпти, баланд бино ва турар жой мажмуалари, кўнгилочар манзиллар, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари, дам олиш майдонлари сони бир неча баробарга ошган. Шу билан бирга, шаҳарнинг ўзига хос маданий ва меъморий ёдгорликларини сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент мозаикалари шулар жумласидан.
Бу мозаикалар ўзи қачон пайдо бўлгани кўпчилик қатори менга ҳам қизиқ. Кўринишидан, тарихи анча йилларга бориб тақалаши турган гап. Уларнинг яратилиши ҳам ўша вақтдаги бирор маданий ҳодиса билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйладим. Тахминим ҳақиқатга яқин бўлиб чиқди, чиндан ҳам Тошкентдаги мозаикалар катта бир воқелик сабаб яратилган экан. Яъни, улар 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин бошланган кенг қамроқли қайта қуриш жараёнларида пайдо бўлган.
Маълумотларга кўра, тарихга мухрланган бу кучли зилзила оқибатида 300 мингдан ортиқ одам уйсиз қолади, 2 236 та маъмурий бино, 700 га яқин савдо ва умумий овқатланиш шаҳобчалари, шунингдек, мингга яқин бошқа бинолар зарар кўради. Талафотнинг кўлами оз эмас, кичик таъмирлашлар билан иш битмасди. Шу боис, шаҳарда қайта қуриш бошланади. Бир вақтнинг ўзида юзлаб бинолар қурилиши кераклиги сабабли, уларни умумий ғоя остида яратиш осонроқ бўлган. Меъморлар биноларнинг ўзига хослигига алоҳида эътибор қаратади. Мозаикалар ўрнатиш ғояси ҳам шунинг бир қисми эди.
Мозаика французчадан таржима қилганда, бир хил турдаги ёки тош, ёғоч, мармар, металл каби турли хомашё бўлакларидан ишланган тасвир, нақш ёхуд бўлакларнинг ўзини англатади. У монументал безак санъатининг асосий турларидан бири бўлиб, одатда, бинолар фасадига териб чиқилади. Тошкентдаги илк мозаик панно Муқимий кўчасидаги 9 қаватли уйларнинг бирида яратилган экан. Мозаикаларни ўрнатиш техник жиҳатдан қийинчилик туғдирмаган. Панеллар дастлаб пастда тайёрланиб, кейин деворларга ўрнатилган.
Мозаикалар зилзиладан кейинги шаҳар ҳаётига ўзига хос ижобий руҳ олиб кирган. Уларнинг яратилиши, бир томондан, шаҳарга замонавий қиёфа бериш, бошқа томондан эса, меҳнат, халқлар дўстлиги, тинчлик ва илм-фан ривожи каби ғояларни тарғиб қилишга қаратилган. Тасвирларда миллий нақшлар ва мотивларга мурожаат қилиш ҳолатлари устунлик қилади ва бу Тошкентнинг кўп миллатли ҳамда бой тарихий маданий қиёфасини акс эттирган. Асосан, севги ва жасорат ҳақидаги фольклор асарлар қаҳрамонлари, миллий либослар, урф-одатлар, таомлар ва чолғу асбоблари, маҳаллий аҳоли тасвирланган.
Тошкент — “мозаикалар шаҳри”
Демак, Тошкентдаги мозаик панноларнинг яратилганига ярим асрдан кўпроқ вақт бўлди. Бу давр ичида таъмирталаб ҳолга келганлари, бузиб ташланганлари ҳам бор. Шунга қарамай, ушбу санъат асарларининг ўтган йиллар давомида асл ҳолини йўқотмасдан сақланиб қолгани, мустаҳкамлиги сири кишини ҳайратга солади.
— Бунинг ортида мозаикаларни яратишдаги юқори маҳорат ва сифатли материаллардан фойдаланилгани ётади, — дейди Фотима Абдураҳмонова. — Мозаик паннолар қўлда терилган бўлиб, юқори ҳароратда пиширилган мустаҳкам керамик плиткалар ишлатилган. Бу материллар намлик, қуёш нури, ҳарорат ўзгариши ва механик зарбаларга анча чидамли. Плиткаларни ёпиштиришда ҳам мустаҳкам моддалардан фойдаланилган. Буларнинг бари ўша даврда қатъий амал қилинган қурилиш нормалари, сифат талаблари асосида бажарилган. Асосийси, мозаиканинг ўзи ҳам мустаҳкам, узоқ йиллар чидайдиган монумент санъат тури ҳисобланади. Бўёқ билан қиёслаганда, мозаика деворга қаттиқ ёпишади, рангсизланмайди, ёрилмайди ва ўнлаб йиллар давомида ажралиб тушмайди. Ҳатто, мунтазам парваришсиз ҳам узоқ вақтгача сақланади. Бинони тўлиқ таъмирлаш ҳам унинг сифатига зиён етказа олмайди.
Мозаикалар эстетик ва маданий жиҳатдан ҳам алоҳида аҳамиятга, қадриятга эга. Улар шаҳар тарихининг визуал ёзуви, замон руҳи ва санъат тилини акс эттиради. Тошкент мозаикалари, аллақачон, шаҳарнинг ўзига хослигига айланган. Шу боис, унинг ўрнини янги ва замонавий расмлар, ранг тасвир намуналари билан алмаштириш ҳақида ўйланмаяпти. Аксинча, маҳаллий аҳолининг ўзи мозаикаларни сақлаб қолиш тарафдори ва бошқаларни ҳам ушбу ташаббусга чақирмоқда.
Мозаикалар амалий жиҳатдан ҳам фойдали хусусиятларга эга эканини кўпчилик билмаса керак. Мутахассисларнинг айтишича, мозаик плиткалар ялтироқ юзаси туфайли қуёш нурларини акс эттириб, иссиқ ҳавода деворларнинг қизиб кетишини камайтиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, плиткалар бетон каби намликни ўзига шимиб олмагани боис, бинони чириш, моғор пайдо бўлишидан ҳимоялайди. Шу жиҳатларига кўра, мозаикалар нафақат шаҳар учун алоҳида безак, балки экологик жиҳатдан оқилона ечим ҳисобланади.
Мозаикаларни асрашда оригиналлигини сақлаб қолиш, асл ҳолига зарар етказмаслик янада муҳимроқ. Шу боис, панноларни бўёқлардан тозалаш жараёни реставрация мутахассислари назорати остида, зарур ҳолларда, санъатшунослар ва архитекторлар иштирокида бажарилди. Тозалаш ишларида енгил усуллар қўлланилди.
— Бу усуллар аввал бошқа жойда синовдан ўтказилиб, хавфсиз экани аниқлангачгина, мозаикаларни тозалашда фойдаланилди, — тушунтирди Фотима Абдураҳмонова. — Баъзан мозаикалар шунчалик шикастланадики, уни оддий тозалаш билан тиклаб бўлмайди. Масалан, плиткаларнинг бир қисми йўқолган, ёпиштирувчи асос кучли зарарланган, агрессив бўёқ қопламаси ёки намлик, қуёш ва вақт таъсири кузатилган бўлиши мумкин. Шундай ҳолларда бир қанча усуллардан фойдаланилади. Агар элементларнинг айримлари йўқолган бўлса, уларнинг ўрнини ранг, шакл ва текстураси имкон қадар оригиналига яқин плиткалар билан тиклаш мумкин. Бордию, мозаиканинг катта қисми зарарланган бўлса, янада кўпроқ шикаст етмаслиги учун сақлаш чоралари кўрилади. Ўта оғир ҳолатларда эса архив фотосуратлари мавжуд бўлса, нусха кўчирилади ва ҳоказо.
Асосийси, бу ишларнинг бари мутахассислар иштирокида амалга оширилади. Чунки нафақат тасвирни, балки у яратилган давр руҳини ҳам сақлаш керак. Бугун Тошкент шаҳри бўйлаб ўзида ана шундай ўзига хос руҳни акс эттириб турган 480 дан ортиқ мозаик паннолар мавжуд. Шундан 400 таси турар жой бинолари фасадида тасвирланган. Тошкент мозаикаларини сақлаб қолиш лойиҳаси доирасида уларни ўрганиш, каталогини яратиш ишлари давом этяпти. Муҳим жиҳати, Тошкентнинг дунёдаги “Энг кўп мозаикаларга эга шаҳар” сифатида тан олиниши учун Гиннеснинг рекордлар китоби комиссиясига ариза бериш режалаштирилган.
Очиғи, бу кўпчилик учун янгилик. Боиси, пойтахтда юзлаб мозаикалар борлигига унчалик ҳам эътибор бермаганимиз рост. Уларни сақлашга ва янгитдан тақдим этишга қаратилган ҳаракатлар эса одамларни шаҳарнинг визуал қиёфасидаги ранг-барангликдан завқланишга чорлайди. Яқин йилларда эса Тошкентга бериладиган таърифлар қаторига “Мозаикалар шаҳри” ҳам қўшилса, ажаб эмас.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2025 йил 29 май, 108 сонида чоп этилган