Тошкент вилоятининг йирик инвестиция лойиҳалари фаолияти ўрганилди

    Саноат 1 август 2022 1805

    Жорий йил 1 августда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Тошкент вилоятининг бир қатор ишлаб чиқариш объектларига ташриф буюрди.

    Ташрифдан мақсад жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг жорий ҳолатини ўрганиш, тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш, инвестициялар жалб қилиш, саноат ва экспортни ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳудуд салоҳиятидан фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдир.

    Лойиҳалар билан танишиш вилоятнинг Оҳангарон туманида автоклавланган газбетон ишлаб чиқаришга ихтисослашган «East Mining Invest» МЧЖдан бошланди. 2021 йилда ишга туширилган ушбу лойиҳанинг қиймати 20,5 миллион долларни ташкил этади, ҳозирги кунга қадар 12,7 миллион доллар ўзлаштирилди. Шу маблағлар ҳисобидан Германиянинг етакчи ускуналар ишлаб чиқарувчиси «Wehrhahn»нинг технологик линияси ўрнатилди. Корхонада 200 га яқин мутахассис ишлайди, заводнинг ишлаб чиқариш қуввати бугунги кунда йилига 500 минг кубометр маҳсулотни ташкил этади. Шуниси эътиборга лойиқки, ишлаб чиқаришда асосан маҳаллий хом ашё, жумладан сўндирилган оҳак, қум, кварц қуми, гипс, цемент ва бошқалар ишлатилади. Бу барча босқичларда сифатни назорат қилиш имконини беради, шунингдек якуний маҳсулот нархини пасайтиради.

    « Agro Sammix » МЧЖ йўналишдаги яна бир йирик инвестиция лойиҳаси бўлди. Лойиҳанинг қиймати 13,46 миллион долларни ташкил этади, корхонада премикслар ва озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Лойиҳа йилига 47,5 минг тонна оқсилга бой витаминли минерал концентрати ишлаб чиқариш қувватига эга. Жорий йил биринчи ярмида 71,34 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 4,4 миллион доллардан ошиқроқ ҳажмдаги товарлар экспорт қилинди.

    Бундан ташқари, ҳукумат комиссияси «Ангрен» ЭИЗда жойлашган «Central Asia Chemicals» МЧЖга ташриф буюрди. Компания вакилларининг таъкидлашича, заводнинг технологик имкониятлари кир ювиш кукунлари ва ювиш воситаларини ишлаб чиқаришда асосий хом ашё сифатида ишлатиладиган натрий лаурет сульфат (SLES) ва алкилбензол сульфат кислоталарини (LABSA) ишлаб чиқариш имконини беради. Лойиҳанинг умумий қиймати 10,9 миллион долларни ташкил этади. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 60,5 минг тонна маҳсулот, шу жумладан қўлда ювиш учун 31,2 минг тонна ва автоматик кир ювиш машиналарида ювиш учун 16,8 минг тонна тонна тайёр кукун ишлаб чиқариш имконини беради.

    Шу куни Ҳукумат комиссияси, шунингдек, шиша толали минерал жун ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Angren Insulation» МЧЖ ҚК фаолияти билан танишди. Ушбу лойиҳанинг қиймати 15,7 миллион долларни ташкил этади, бу эрда йилига кигиз, фольгаланган ва оддий рулонларда 2,3 миллион дона минерал жун ишлаб чиқарилади. Корхона тўлиқ қувватга эришганда, 300 янги иш ўринлари яратилиши кутиляпти.

    Комиссия аъзоларининг корхоналарга ташрифи давомида тадбиркорлар ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, тайёрланаётган ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш бўйича ўз фикрлари билан бўлишдилар. Республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича таклифлар, шунингдек, тадбиркорлар бевосита фаолиятини амалга ошириш жараёнида дуч келаётган масалалар ҳам тилга олинди. Масъул раҳбарларга билдирилган барча масалаларни ҳал қилиш бўйича тезкор чоралар кўриш ва кейинчалик республика даражасида комплекс ечимларни ишлаб чиқиш учун таклифлар киритиш бўйича манзилли топшириқлар берилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates