Таъкидланишича, Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида бир қанча ижобий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Мисол учун, Тошкент шаҳрида ҳозирга қадар 2 та 24 соат фаолият олиб борадиган гастрономик кўчалар (Султонали Машҳади ва Тарас Шевченко) мавжуд бўлиб, яна 8 та кўчаларни гастрономик кўчаларга айлантириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, вилоят раҳбарларига туристлар учун дам олиш дастурларини тасдиқлаш орқали савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолияти тунги вақтда чекланишига йўл қўйилмайдиган зоналарни аниқлаш ваколати берилган.
Шунга қарамасдан, Тошкент шаҳрида тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун биринчи қадам сифатида амалга оширилиши лозим бўлган имкониятлар четда қолиб, бир нечта кўчаларни гастрономик кўчаларга айлантириш чора-тадбирлари билан чекланиб қолинмоқда.
Хусусан:
а)тунги вақтларда пойтахтда транспорт хизматига талаб мавжуд бўлиб, бу фақатгина шахсий йўналишсиз такси хизматларининг фаолияти эвазига қондирилмоқда, бироқ тунги режимда хизмат кўрсатувчи жамоат транспорти ҳаракати йўлга қўйилмаган;
Тошкент шаҳрида автобуслар ҳаракати 05:00 дан 23:00 гача, метро ҳаракати эса 05:00 дан 00:00 га қадар хизмат кўрсатиши белгиланган.
б)тунги вақтларда маъданият ва санъат муассасалари ҳамда спорт ва кўнгилочар дам олиш масканлари фаолиятини йўлга қўйиш имконияти мавжуд;
Мисол учун, маъданият ва санъатга қизиқувчи аҳоли ва туристларга галлереялар, музейлар ва кинотеатрларни 24/7 режимида ишлаш ҳуқуқини бериш ҳамда спорт ҳаваскорлари учун спорт майдончалари, киберспорт ва фитнес клублар иш вақтини узайтириш имкониятлари мавжуд.
в)тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида хавфсиз ва жозибадор жамоат жойларини лойиҳалаш, шовқин ва чиқинди билан боғлиқ масалалар билан ишлаш учун масъул орган бириктирилмаган.
Бутун дунё бўйича 60 дан ортиқ шаҳарларда «тунги ҳоким» лавозимлари жорий этилган бўлиб, улар шаҳарларнинг экотизимини бошқаради ва инновацион таклифларни ишлаб чиқади.
г)тунда фаолият олиб борадиган мажмуалар (кафе, тунги клуб, музей, спорт мажмуалари ва бошқалар) ҳақида маҳаллий ва хорижий туристлар маълумот олишлари учун электрон платформа яратилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:
- 2025 йил 1 февральдан бошлаб тунги иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришга қаратилган ишчи гуруҳ ташкил этиш.
- Тунги иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар жума ва шанба кунларида дам олиш масканларни 24/7 режимида узлуксиз равишда ишлашини таъминлаш ва тунда фаолият олиб борувчи масканларнинг иш вақти билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш.
- Тошкент шаҳрида туристик салоҳиятга эга ҳудудларни белгилаб ушбу ҳудудларда тунги фаолият зоналарини ташкил қилиш.
- Тунги иқтисодиёт ривожлантирилиши режалаштирилган шаҳарларнинг ҳар бирида жамоат транспортини (автобус, трамвай, метро) 24 соатлик режимга ўтказиш.
- «Тунги Тошкент» электрон платформасини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу платформада тунда фаолият олиб борадиган масканлар, тунги жамоат транспорти йўналишлари ҳамда махсус арзонлаштирилган таклифлар ҳақида маълумот олиш имконини яратиш.
- Тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида белгиланган муайян ҳудудларни модернизация қилиш, кўчаларда ёритиш тизимини кучайтириш ҳамда аҳоли ва туристлар учун қўшимча қулайликлар яратиш.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳаси ҳамда тунги иқтисодиётни ривожлантириш ва лицензиялар бериш тартибини ислоҳ қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.