Қайд этилишича, ҳодиса Яккасарой тумани Муқимий кўчасида юз берган. Gentra ҳайдовчиси машинасида хомиладор турмуш ўртоғи билан кетаётган пайтида BYD ҳайдовчиси билан йўл туфайли жанжал юзага келган.
«Ўнг полосада кетаётгандим, чап полосага ўтмоқчи эдим, поворотни ёқдим. Орқамдан BYD келаётганди, унга халақит берганим йўқ эди, бемалол ҳолатда кетаётгандим. Кейин у орқамдан келиб, сигнал чалиб, ваҳима қилиб ташлади. Шу ҳолатда хотиним ҳомиладор, мазаси бўлмай қолди. Хотиним секинроқ юринг, деди, секинлашдим. Лекин BYD ваҳима қилиб орқамдан яна тирашни бошлади. Ўша ҳолатдан кейин машинани ўнгга олдим. Кейин у келиб олдимни тўсиб олди», — деди Gentra ҳайдовчиси.
Унинг сўзларига кўра, шундан сўнг BYD ҳайдовчиси ҳамда унинг отаси машинадан тушиб, Gentra ойналарини синдирган ва ҳайдовчисини дўппослаган.
«Хотиним ҳомиладор десам ҳам, яна келиб уряпти. Унинг айтишича, мен уни сиқиб қўйибман. Ҳеч қандай сиқишли ҳолат бўлмаган у ерда. Агар мен уни сиқиб қўйган бўлсам, минг бор узр, деб кетардим. Тўғри келиб уриб кетяпти. Имкон бермади гапиришга», — дея қўшимча қилди жабрланувчи.
Улар йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, Gentra йўлини тўсиб, сунъий равишда тирбандлик келтириб чиқарган. Машина ойнасини тепиб синдириб, ҳайдовчига қўл кўтарган, сўкиб, ҳақорат қилган, дейилади бошқарма хабарида.
«Муқимий кўчасига чиқишдан озгина сиқиб қўйди. Оқибатда озгинча келишмовчилик юзага келиб чиқди. Бу машинада аёл киши борлигини билмаган эдим. Аёллардан ҳам, оилалардан ҳам, Ўзбекистон халқидан ҳам узр сўрайман. Қилган ишимдан афсусдаман», — дейди BYD ҳайдовчиси.
ИИББга кўра, Gentra машинасида бўлган ҳайдовчининг рафиқаси ҳаммадан ҳам кўпроқ жабр кўрган — воқеа содир бўлганидан сўнг унинг ҳомиласи нобуд бўлган.
«Аёлимнинг ҳам қўллари шишган. Қошига ҳам қандайдир қаттиқ ҳолатда зарба бўлган, билмайман. Кўкариши ҳам йўқ, лекин оғрияпти. Ҳомиласи тушган. Унинг ҳозирги ҳолати яхши эмас. Хотинимдан ташқари уйдагилар ҳам яхши эмас, чунки стрессли ҳолат бўлди. Қонуний чора кўришни сўрайман», — дейди Gentra ҳайдовчиси.
Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИБ томонидан ота ва болага нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ушланган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчининг ҳомиласи тушгани аниқлангани сабабли унинг тушиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Тергов жараёнида экспертиза хулосаси натижасига кўра гумонланувчиларнинг ҳаракатларига қўшимча ҳуқуқий баҳо берилади, дейилади хабарда.








