Мазкур қарор билан Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган. Унга кўра, қоидабузарликларни жарима баллари асосида баҳолаш тартиби, баҳолаш жадвали, жарима балларини ҳисоблаш ҳамда ушбу жараён бўйича мурожаат қилиш тартиблари белгиланди.
Шунингдек, автомашинани бошқариш жараёнида йўл ҳаракати қоидабузарликларини содир этиш ҳолатларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби тасдиқланди. Йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима баллари “E-jarimaball” модули орқали инсон омилисиз автоматлаштирилган тартибда ҳисоблаб борилади.
12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида, кейинги даврда йўл ҳаракати қоидаларини биринчи марта бузгани учун биринчи жарима бали ҳисобланмайди. Ҳайдовчиларнинг охирги ҳуқуқбузарлиги учун жарима бали ҳисобланган вақтдан бошлаб, улар 6 ой давомида йўл ҳаракати қоидабузарликларига доир бошқа ҳуқуқбузарлик содир этмаган тақдирда, унинг умумий жарима балларидан икки жарима бали айириб ташланади.
Агар ҳайдовчилар жарима балларининг умумий миқдори икки жарима балидан кам бўлган тақдирда, барча жарима баллари айириб ташланади ҳамда жарима балларини ҳисоблаш муддати биринчи ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдан янгидан бошланади.
Қарор шу йилнинг 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима баллари тизими ишга тушади.
Ушбу ҳужжат билан ИИВга 2025 йил 1 июнга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда жарима баллари ҳисоблашнинг “E-jarimaball” модулини ишлаб чиқиш ва амалиётган жорий қилиш вазифаси топширилган.