“Туркий давлатларнинг иқтисодиёти” номли янги китоб чоп этилди

    Унда еттита туркий давлатнинг 35 дан ортиқ етакчи олимлари минтақадаги иқтисодий вазиятни чуқур таҳлил қилган.

    Туркий давлатларни бирлаштириб турадиган жиҳатлар кўп. Уларни нафақат маданият, урф-одатлар, балки биргаликда ривожланиш мақсадлари ҳам умумлаштиради. Таҳлилларга кўра, Туркий давлалар ташкилоти мамлакатларининг иқтисодий салоҳияти жуда катта. 2023 йилда аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатларнинг умумий номинал ялпи ички маҳсулоти дунёнинг 1,7 фоизини, харид қобилияти паритети бўйича эса дунёнинг 3,1 фоизини ташкил этди. ТДТга аъзо далатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси 2023 йилда 1,2 триллион доллардан ошди.

    Аммо бу ҳали етарли кўрсаткич эмас. Таҳлиллар асосида туркий халқларнинг ўзаро савдо айланмасини янада ошириш, иқтисодий алоқаларини кенгайтириш имконииятлари юқори экани прогноз қилинган. Озарбайжон Республикаси Иқтисодий ислоҳотлар ва коммуникациялар таҳлили маркази (CAERC) томонидан Туркий давлатлар ташкилоти котибияти билан ҳамкорликда чоп этилган “Туркий давлатлар иқтисодиёти” китобидан ана шундай таҳлиллар жой олган. Унда еттита туркий давлатнинг 35 дан ортиқ етакчи олимлари минтақадаги иқтисодий вазиятни чуқур таҳлил қилган. Китоб тақдимоти бир неча давлат, хусусан, Тошкент шаҳрида ўтказилди.

    — Ушбу китоб тадқиқотчилар, сиёсатчилар ва тадбиркорларга туркий макондаги иқтисодий жараёнлар динамикасини тушунишга ёрдам берадиган таҳлилларни тақдим этади, — дейди Иқтисоий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов. — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президентлари Илҳом Алиевнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш доирасида шу ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази делегацияси мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш учун амалга оширилмаган салоҳиятни ўрганиш мақсадида амалий ташриф билан Озарбайжон Республикасида бўлди ва 20 та вазирлик ҳамда идоралар фаолиятини ўрганиб чиқди. Энди бизнинг таҳлил марказларимиз ҳамкорликнинг янада самарали механизмларини, шу жумладан, транспорт ва энергетика соҳаларида фаол иш олиб бормоқда.

    Китобда туркий давлатларнинг сўнгги ўн йилликдаги иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, кейинги йиллардаги имкониятлар таҳлил қилинган. Тақдимотда асосий хулосалар ҳам тақдим этилди. Хусусан, импорт қилувчи ва экспорт қилувчи ЯИМнинг савдога ижобий таъсири ТДТ мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ўзаро боғлиқликни тасдиқлайди ва савдо алоқаларини чуқурлаштириш учун иқтисодий ўсишнинг муҳимлигини таъкидлайди, аҳолининг ўсиши қўшимча истеъмол бозорларини яратади, бу эса савдо ҳажмининг ошишига ёрдам беради, савдо ҳажмини оширувчи омил сифатида умумий чегаранинг мавжудлиги географик яқинлик ва маданий ўхшашликнинг муҳимлигини кўрсатади, бу эса янада яқинроқ ҳамкорлик ва интеграция учун имкониятлар яратади, дея таъкидланди.

    Тақдимотда CAERC ижрочи директори, профессор доктор Вусал Гасимли иштирокчиларга мурожаат қилиб, "Туркий давлатлар иқтисодиёти" китобини ТДТ аъзолари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш учун йўл харитаси, деб атади. Унинг таъкидлашича, ушбу нашр минтақамиз ва ундан ташқарида келажакни шакллантириш учун катта аҳамиятга эга. “Бизнинг масъулиятимиз тез ўзгарувчан иқтисодий муҳитда иқтисодий интеграция ва барқарор ўсишни ўз ичига олган йўлни белгилашдир. Китобда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, савдо оқимлари механикаси ва ТДТ минтақасидаги йирик иқтисодий коридорларнинг мумкин бўлган таъсири очиб берилган", — дея қўшимча қилди у.

    CAERC ҳузуридаги Туркий дунёни таҳлил қилиш маркази директори Вусала Жафарова иштирокчиларни “Гравитация модели” ва “График назарияси” каби асосий методологиялар, шунингдек, Зангезур коридорининг кўп томонлама савдога таъсири билан таништирди. Иштирокчилар “Туркий дунё: 2040 йилга нигоҳ” призмаси орқали иқтисодий ҳамкорликнинг институционал асослари билан танишдилар.

    Мутахассислар Туркий давлатлар иқтисодиётига оид тадқиқотлар яна давом этиши ва уларнинг таҳлили ўрин олган китоблар чоп этилишини маълум қилишди.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates