Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, Бош консулхонага Ташқи ишлар вазирлиги орқали Қарши шаҳридан 21 ёшли фуқаро ўз онасининг Истанбулга 4 йил олдин кетгани, 3 йилдан бери алоқага чиқмаётганини айтиб, онасини топиш ва ватанга қайтаришда ёрдам сўраган.
Олиб борилган текширишлар натижасида 1982 йил Қарши шаҳрида туғилган Х.Д. Туркиянинг Ушоқ шаҳрида эканлиги, 2020 йилдан буён Туркия фуқароси М.Г. томонидан эркига хилоф равишда тутқунликда ушлаб турилгани аниқланди.
Жорий йилнинг 27 август куни Бош консулхона, Ташқи меҳнат миграциясининг Истанбул шаҳридаги вакили, “Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” жамияти ва Туркия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тезкор тадбир ташкил этилди.
Натижада ватандошимизнинг ҳаётига ва соғлигига зиён етказилмаган ҳолда қутқарилиб Ушоқ шаҳар ички ишлар бошқармасига етказилди.
Туркия қонунчилигига биноан шахсни эркига хилоф равишда тутқунликда сақлагани учун М.Г.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда ватандошимиз Х.Д.ни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ишлар давом эттирилмоқда.