Турли мафкура ва янги ғоялар рақобати

    Фикр 20 сентябр 2024 272

    Ўз сайловолди дастурларини ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш сайлов кампанияси давомида сиёсий партиялар фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Пухта ишланган сайловолди дастури ва прагматик сиёсий платформасига эга бўлмаган сиёсий партия ёки номзодлари сайловларда аҳолининг қўллаб-қувватловига эришолмайди.

    Шу нуқтаи назардан жорий йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этишга қарор қилган сиёсий партияларнинг сайловолди дастури кўпчиликда қизиқиш уйғотиши тушунарли ҳолдир.

    Мазкур сайловолди дастурларининг мафкуравий ва ғоявий мазмуни, мақсад ва вазифаларининг қиёсий таҳлили уларнинг умумий аҳамиятга эга муштарак жиҳатларини, шунингдек, ҳар бир партиянинг ўзига хос мафкуравий-ғоявий қарашларини ажратиб кўрсатиш имконини беради.

    Сиёсий партиялар томонидан эълон қилинган сайловолди дастурларининг мафкуравий асосида либерал демократик ғоялар (Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – ЎзЛиДеП), консерватив ғоялар (“Миллий тикланиш” демократик партияси), социал-демократик ғоялар (Халқ демократик ва “Адолат” социал-демократик партиялари) ҳамда экологизм (Экология партияси) мафкураларининг устуворлигини кўриш мумкин.

    Либерал-демократик ва консерватив ғоялар

    Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастурида либерал-демократик хусусиятга молик, мамлакатимизни тенглар ичра тенг, қудратли, эркин ва фаровон давлатга айлантириш ғояси марказий нуқта ҳисобланади. Партия бу ғоя атрофида Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида қисқа вақтда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжмандларга кўмаклашиш, очиқлик сиёсати юритиш, мамлакат иқтисодиёти ва халқаро нуфузини ошириш бўйича тарихий ислоҳотлар амалга оширилганини эътироф этгани ҳолда бу борадаги ишларни изчил ва қатъий давом эттириш жонажон мамлакатимизни юксалтиришнинг ягона тўғри йўли, яъни инсон ва манфаатлари устувор бўлган янги Ўзбекистонни барпо этиш мафкурасини илгари суради. Бу мафкура атрофида жамиятни бирлаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш ғояларининг устуворлиги кузатилади.

    Ўз навбатида, иқтисодиёт партия мафкурасининг асосий устувор йўналиши экани билан бошқаларидан фарқ қилади. Партия дастури иқтисодий ўсиш нуқталарини кучайтириш, ислоҳотлар самарадорлигини оширишга олиб келадиган, ҳар бир фуқаро манфаати ҳисобга олинган иқтисодий сиёсатни мафкуравий таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Булар партиянинг сиёсий майдонда ўнг, ўнг марказлигини тасдиқлайди.

    Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партиялари мафкураларидаги айрим ўхшаш жиҳатлар уларнинг сайловолди дастурларида ҳам ўз ифодасини топган. “Миллий тикланиш” демократик партиясининг миллий давлатчиликни мустаҳкамлашга қаратилган ғоялари ЎзЛиДеП ғояларига яқин, лекин қўйилган мақсадга эришиш йўллари, воситалари, бу йўналишда тўпланган тажриба, стратегик ва тактик жиҳатларда муайян фарқлар бор.

    Масалан, “Миллий тикланиш” партияси ўз мақсадига миллий маънавиятни юксалтириш орқали эришмоқчи бўлса, ЎзЛиДеП кучли давлатга тизимли ислоҳотлар орқали эришишни кўзлаганини таъкидлайди.

    ЎзЛиДеП масалага стратегик ёндашгани ҳолда барча жараён оқими ва қамрови, ички ва ташқи омиллар таъсири, шунингдек, яқин, ўрта, узоқ муддатли истиқболни белгиловчи стратегик режаларни аниқ ва тушунарли баён этган. Жумладан, партия ялпи ички маҳсулот қийматини 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказишни мақсад қилган. Шу тариқа Ўзбекистон дунёнинг даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлари қаторига кириши учун асос яратилиши қайд этилади.

    Албатта, бунда кейинги йилларда партиянинг мафкуравий қарашларида жиддий ўзгаришлар юз бергани, 2019 йилгача устувор бўлган ва асосан тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган мафкурадан аҳолининг кенг қатлами манфаатини ҳимоя этиш партияси сифатида сиёсий майдонда ўнг марказчилик ўрнига ўтганининг таъсири сезилади.

    “Миллий тикланиш” демократик партиясининг консерватив ғоялари сиёсий спектрда партиянинг “ўнг партия” сифатида жой эгаллашини кўрсатади. Партия миллий маданиятимизни, халқимизнинг тарихий анъана ва қадриятларини авайлаб асраш ва бойитишга, миллий тарбияни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратади. Ҳар қандай шароитда миллий манфаатларни муросасиз ҳимоя қилиш, кўп минг йиллик миллий-тарихий тажрибага таяниб иш кўриш, жамиятни ўзга маданиятлар ҳисобига эмас, ўзбек халқининг урф-одат, анъана ва қадриятларига асосланиб ривожлантириш, халқни Ўзбекистон Республикасининг борлиғи ҳамда келажагининг тарихий-сиёсий кафолати, деб билиш, аждодларимизнинг маънавий мероси ва эътироф этилган умуминсоний қадриятлар негизида миллий тарбияни юксалтириш, инклюзив сиёсатга асосланган ҳолда миллий бирликни мустаҳкамлаш ғояларини илгари суради.

    Сиёсий спектрда “ўнг партия” сифатида, жумладан, давлат тили мақомини кучайтириш, миллий ахборот макони ва таълим тизими имкониятларини тўла ишга солиш, ўзбек тилидаги маълумотлар базасини кенгайтириш, миллий бирликни мустаҳкамлаш, барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш ҳамда қонун йўли билан ҳимоя қилиш ғоялари билан бошқа партиялардан кескин ажралиб туради.

    Иқтисодий ислоҳотлар ва турмуш фаровонлигини ошириш ғоялари

    Иқтисодий ҳаётни юксак ривожланган даражага кўтариш масаласига партиялар марказий нуқта сифатида қараган. Барча партияда ислоҳотларни чуқурлаштириш, янги ўсиш нуқталарини кўзлашда ўхшашликлар мавжуд. Ўз навбатида, партияларнинг иқтисодий қарашларида конструктив рақобатга, баҳслар, турли талқинларга сабаб бўладиган ўзига хос таклифлар бор.

    Масалан, Либерал-демократик партиянинг иқтисодий стратегияси мамлакатимиздаги иқтисодий сиёсатга мослиги, белгиланган вазифаларни амалга ошириш имкониятлари аниқ ҳисоблангани билан бошқа партиялар дастуридан фарқ қилади. ЎзЛиДеП иқтисодий жараёнларда давлат иштирокини камайтириш ҳамда содда ва адолатли солиқ сиёсати учун ҳаракат қилса, Халқ демократик партиясининг иқтисодий мафкураси сўл ғояларга таянади. ХДП ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини ривожлантириш, турли соҳалар қаторида давлатнинг ижтимоий соҳани тартибга солувчи ролини кучайтириш, нархлар бўйича қатъий назорат ўрнатиш, давлат иштирокидаги қишлоқ хўжалиги ташкилотлари (колхоз ва совхозларга ўхшаш) фаолиятини йўлга қўйиш сингари вазифаларни муҳим, деб ҳисоблайди.

    Албатта, бу ғоялар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ, балки жамиятимизнинг муайян қисмида, айниқса, катта ёшли аҳоли орасида шундай кайфият мавжуд. Партиянинг бундай ғоялари айнан ўша ижтимоий қатламнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда илгари сурилган.

    Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётган ҳозирги шароитда бундай ғоялар хусусий мулкдорлар, ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар ва бизнес вакиллари манфаатига зид бўлиши аниқ. Лекин айрим тоифа сайловчилар учун жозибадорлигини йўқотмаган бундай қарашларни ХДП ўз сайловолди дастурида ҳисобга олишга ҳаракат қилган.

    “Адолат” социал-демократик партияси ҳам иқтисодий масалаларга сўл қараш нуқтаи назаридан ёндашган. Партия яратилган даромадни адолатли тақсимлаш, турли соҳаларда давлат назоратини кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Партиянинг истироҳат боғлари, сайилгоҳларни хусусийлаштиришни тақиқлаш, ноқулай ва самарасиз ерни ишсиз одамларга бўлиб бериш орқали яшил ўрмонлар барпо этиш сингари таклифлари кўпчиликка маъқул келиши аниқ. Лекин бундай ўзига хос, жозибадор вазифалар орқали партиянинг асосий мафкуравий мақсадларига эришиш мумкинми? Албатта, сайловолди дастуридан жой олган ҳар бир мақсад, ҳар бир таклиф ва ғоя, аввало, шу нуқтаи назардан баҳоланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

    Ижтимоий давлат мафкураси

    Кейинги йилларда ижтимоий давлат мафкураси мамлакатимиздаги барча сиёсий партиянинг дастурий ҳужжатлари, шунингдек, амалий ҳаракатларида муҳим ўрин эгалламоқда. Бунинг асосий сабаби мамлакатимизда ижтимоий давлат ғояларига устувор йўналиш сифатида қаралаётгани билан изоҳланади. Бу аҳоли томонидан ҳам маъқулланаётгани кузатилмоқда. Чунки давлатимизда инсон манфаатлари ва қадр-қиммати учун юритилаётган ижтимоий сиёсат ижтимоий бирлик ва яхлитликни таъминлаб, турли жабҳаларни жадал ривожлантириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

    Бу ҳолат ижтимоий қарашлар, фикрлар ва концепцияларнинг сиёсий партиялар дастурларида тизимлашишига олиб келди. Бугун сиёсий партияларнинг ижтимоий давлатчилик йўналишида таклиф этаётган мафкура ва ғоялари таҳлили натижасида қатор тенденцияларни аниқлаш мумкин.

    Социал-демократик ғоялар

    Бу йўналишдаги мафкура ва ғоялар “Адолат” социал-демократик партияси ва Халқ демократик партияси дастурларида нисбатан яққол ўз ифодасини топган. Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси мамлакат сиёсат майдонида ўзининг мақсад ва вазифалари, мафкуравий қарашлари билан “сўл марказ партияси” сифатида жой эгаллайди.

    Партия социал-демократик мафкуранинг устуни сифатида мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш, ҳар бир жабҳада ижтимоий адолатни қарор топтириш, “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” ғоясини изчиллик билан жорий этиш таклифини илгари суради.

    “Адолат” социал-демократик партияси дастурида сўз ва матбуот эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш, мамлакатимизда фаолият юритаётган ОАВ мустақиллигини таъминлаш, журналист ва блогерлар эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб боришни муҳим вазифа деб билади.

    Журналист ва блогерларнинг қонун доирасидаги фаолиятига бирор-бир мансабдор шахс аралашиши ёки уларга босим ўтказишига мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги ғояларини илгари сурар экан, бундай қилмиш учун жавобгарлик белгилашни таклиф этган.

    Партия дастурида сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу йўналишдаги вазифалар бошқа партиялар дастурларидагидан кўра яққолроқ ифодасини топган.

    Шунингдек, партия томонидан ташқи сиёсатда парламентлараро ҳамкорлик ва партиявий дипломатия имкониятларидан унумли фойдаланиш, илғор хорижий давлатларнинг социал-демократик йўналишдаги сиёсий партиялари билан фаол ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланган.

    Халқ демократик партиясининг асосий ғоялари

    Ўзбекистон Халқ демократик партияси, аввало, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий адолат тамойилларини юзага чиқариш орқали Ўзбекистон – ижтимоий давлаттамойилини ва давлатнинг тегишли ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланган мафкурани илгари суради.

    Партия ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароити яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсат юритиш ғояларини тарғиб қилади.

    Шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги фаол иштироки, ижтимоий неъматларнинг тенг тақсимоти, ишлаб чиқаришда умумий мулк устуворлигини таъминлашдан иборат ғояларни илгари суради. Шундан келиб чиқиб, ХДП “сўл партия” сифатида яққол намоён бўлади.

    Халқ демократик партиясининг давлат бошқаруви соҳасидаги ғояларида ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган очиқ, шаффоф, халқчил ва демократик давлат бошқаруви тизимини жорий этиш устувор экани кўринади.

    Шу билан бир қаторда, ушбу партия фаолиятида ҳам кучли ижтимоий сиёсат юритиш, аҳолининг фаровонлигини ошириш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаларини яратиш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш сингари йўналишларга катта эътибор қаратилган.

    Партия қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш асосида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, ҳуқуқ, мажбурият ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш ғояларини илгари сурган. Бу борада кейинги йилларда партия томонидан илгари сурилаётган таклифлар, яъни судловда халқ маслаҳатчилари ўрнига ҳакамлар ҳайъати институтини жорий этиш, қимматбаҳо мулк учун солиқ (ҳашамат солиғи) солиш сингари таклифлар катта қизиқиш билан кутиб олинаётгани баробарида аҳолининг турли гуруҳларида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши аниқ.

    Экологизм мафкураси ва ғоялари

    Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, экологик хавфсизликни сақлаш билан боғлиқ масалалар барча партия дастурларидан атрофлича ўрин олган.

    Шу билан бирга, экологизм ғоялари Ўзбекистон Экологик партияси дастурлари ва партиявий фаолиятида асосий ўрин эгаллаши табиий. Мамлакат сиёсий майдонидан “сўл” партия мақомида ўрин эгаллаган мазкур партиянинг сайловолди дастурида ҳозир нафақат мамлакатимиз ёки минтақамиз учун, балки дунё миқёсида долзарб бўлган экологик масалалар тизимли ифодасини топган.

    Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатнинг барқарор ривожланиши йўлида бугунги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳит яратиш, хавфсиз ва самарали “яшил” иқтисодиётга ўтиш, инсон ва табиат уйғунлиги устувор бўлган барқарор жамият барпо этиш ғоясини илгари суради.

    Партия ўз номига муносиб тарзда мафкуравий жиҳатдан бошқа партиялардан жиддий фарқланади. Илгари сурилаётган қулай атроф-муҳитга эга бўлишдан иборат конституциявий ҳуқуқларни рўёбга чиқариш, экологик маданиятни катта куч, умуммиллий ҳаракатга айлантириш, “яшил тараққиёт”га, соғлом турмуш тарзига эришиш ғоялари кейинги йилларда дунё бўйлаб кенгайиб бораётган экологизм мафкураси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, мамлакатимизнинг миллий манфаатлари билан уйғунликда ўз ифодасини топган.

    Жумладан, партия минтақадаги барча мамлакат томонидан табиат муҳофазасига доир халқаро келишув-шартномалар тузиш, халқаро экологик меъёрларни ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини ҳамкорликда назорат қилиш, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида илмий тадқиқотлар ва турли халқаро анжуманларни мунтазам ўтказиб бориш тарафдори.

    Минтақада трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишда давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш орқали сув ресурсларининг адолатли тақсимланишини таъминлаш, қўшни давлатлар билан энергия захираларини яратиш, фавқулодда ҳолатларда энергия ресурсларини ўзаро алмашиш тизимини жорий қилиш масалалари ҳам партиянинг сайловолди дастурида асосий ўрин эгаллайди.

    Партиянинг бу ғоялари Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг экология йўналишидаги айрим вазифа ва таклифлари билан уйғунлигини кўриш мумкин. Кейинги йилларда мамлакатимизда экология масаласида концептуал фикр ва қарашлар тизими шаклланиб бормоқда. Давлатимиз олдида турган стратегик вазифаларни ҳал қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш жабҳасида Ўзбекистон Экологик партияси ва ЎзЛиДеП ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиши мумкин.

    Ўзбекистон Экологик партиясининг муҳим ташаббуслари сифатида 2030 йилга қадар иссиқхона гази эмиссиясини 65 фоиз қисқартириш, экологик мониторинг юритиш ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, энергия балансида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини камида икки баробар ошириш сингари вазифаларни кўрсатиш мумкин.

    Сиёсий партияларнинг сайловолди дастуридаги мафкура ва ғоялар таҳлили уларнинг тизимлилиги, миллий манфаатларга мослиги, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар жамият бирлигини таъминлашга қаратилгани нуқтаи назаридан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси дастури алоҳида ажралиб туради.

    Миллий ва тарихий қадриятлар, урф-одатларни авайлаб асраш, миллий маданиятни юксалтириш, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, давлат тили мақомини кучайтиришга оид йўналишларда “Миллий тикланиш” демократик партияси ғоялари алоҳида устунликка эга.

    Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партиясининг ижтимоий-сиёсий ҳаёт, иқтисодиётда давлатнинг фаол иштирокини сақлаб қолиш ва кучайтириш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш сингари ғоялари аҳолининг муайян қисми учун жозибадорлигини сақлаб келмоқда.

    Атроф-муҳитни авайлаб асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасидаги экологик муаммолар барча учун тушунарли ва муҳим. Бу Ўзбекистон Экологик партиясининг ўз сайловчилари сафини кенгайтириш, сайловларда самарали қатнашиш учун яхши имкониятларга эга эканини кўрсатади.

    Барча партиянинг сайловолди дастурида олдинги дастурлардан кескин фарқ қиладиган жиҳатлар яққол кўринади. Чунки кейинги йилларда жамиятда кўппартиявийлик тизими сезиларли даражада ривожлангани, сиёсий майдонда фикрлар, ғоялар хилма-хиллиги кучайгани партиялар фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй беришига олиб келди.

    Бундай ўзгаришларнинг партиялар томонидан ҳисобга олиниши ва сайловолди дастурларида акс этиши ижобий ҳолат ўлароқ сайловларнинг партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитида, турли мафкуравий қарашлар ва ғоялар кураши асосида ўтишига хизмат қилади.


    Сайфиддин ЖЎРАЕВ,

    сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 192-сонида (2024 йил 20 сентябрь) чоп этилган.

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates