Қарор билан, енгил саноат соҳаси салоҳиятини янада ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, олиб борилаётган ислоҳотларга ва замон талабига тўлиқ жавоб берадиган енгил саноат марказини ташкил этиш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва “Микрокредитбанк” АТБ таклифи асосида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплекси ташкил этиш белгиланди.
15 гектар майдонда барпо этиладиган янги комплексда ишлаб чиқариш цехлари, савдо дўконлари, логистика маркази, кичик савдо расталари ва қўшимча хизмат кўрсатиш масканлари ташкил қилинади.
Йирик ва замонавий енгил саноат мажмуасида 2 та логистика маркази, 212 та ишлаб чиқариш цехлари, 336 та савдо дўкони, 560 та кичик савдо расталари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплекси фойдаланишга топширилиши натижасида ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш ва логистика йўналишларида 7 минг 700 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади, дея хабар беради Учкўприк тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.