Улар борки, юрт осуда, қўллар меҳнатда

    Ҳар гал қишлоққа борсам, юртдошларимизнинг ҳаёт тарзи, ширин ташвишларини кузатиб, тинчлигимизга шукрона айтаман. Қаердадир тўй, қаердадир тантана, қайси бир оилада чақалоқ овози, қайсидир оилада гўдакларнинг шодон кулгиси...

    Халқимизда “Яхши ният — ярим давлат” деган чиройли ҳикмат бор. Ёши улуғларимиз дуоларининг сўнгида “Яхши ниятларингиз ҳамроҳингиз бўлсин”, деган гапни айтишни канда қилмайди. Дарҳақиқат, диёримизда ҳар куни, ҳар соат, ҳар бир қилинажак амалларимиз эзгу тилаклар билан бошланади. Дуога очилган қўллар эса, энг аввало, юрт тинчлигини, осмон мусаффолигини сўрайди. Тинчлик, осойишталик, шубҳасиз, ҳар бир ўзбекистонлик фуқаро учун олий неъматдир.

    Кечагидек ёдимда: мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизнинг моддий ва маънавий бойликларини, диёримизнинг хавфсизлик ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилувчи барқарор демократик ривожланишнинг ишончли ва мустаҳкам кафолати бўла оладиган миллий армияни шакллантириш давлат сиёсатининг бош омилига айланди. Мамлакатимизда мудофаа тизимини ислоҳ этиш ва такомиллаштириш йўлида амалга оширилган ишлар салмоғини бугун бир китобга сиғдириб бўлмайди.

    Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг шонли йигирма тўққизинчи йили бўсағасида ортимизга боқиб, эришганларимизни сарҳисоб қилсак, фахрлансак арзийдиган улкан ишларни кўрамиз. Тарих учун қисқа бу даврда мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган, замонавий, ҳар томонлама яхши қуролланган, ҳеч кимдан кам бўлмаган миллий армиямизни шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

    Давлатимиз раҳбарининг яқинда парламентга тақдим этган Мурожаатномасида айтган “Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар яқин-узоқ минтақаларда кузатилаётган зиддият ва тўқнашувлар шароитида биз юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада жадаллаштиришимиз лозим. Келгуси йилда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларимизни давом эттирамиз”, деган гапларида юрт тинчлиги ва равнақи йўлидаги жонкуярликни, шижоатни кўриш мумкин. Президентимиз Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиши зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлади.

    Кейинги уч-тўрт йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимининг нуфузини янада ошириш, шунингдек, мудофаа салоҳиятимизни ошириб, ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

    Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида миллий армиямиз билан фахрланиш, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотишга хизмат қилмоқда. Навқирон ёшларимиз онги ва шуурида ҳарбий хизмат қилиш шарафли вазифа эканини, ватанга хизмат қилиш муқаддас бурчлигини англаш туйғуси кучаймоқда.

    Мазкур қарорда ҳарбий хизматга номзодларни танлаб олиш бўйича янада самарали тизим ишлаб чиқиш, Қуролли Кучларнинг жанговар тайёргарлиги ва салоҳиятини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга доир мақсад ва вазифалар қамраб олинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафини ҳар томонлама етук, соғлом, жисмонан бақувват, интеллектуал салоҳиятли ёшлар билан тўлдириш, уларнинг онгида миллий ғурур, она юртга садоқат ва ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар билан Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк давлат арбоблари ва саркардаларимиз ва улуғ аждодларимиз ҳақида давра суҳбатларини ташкил этиш каби долзарб масалалар илгари сурилган.

    Маънавиятли инсонда Ватанни ҳимоя қилиш қудрати юксак бўлади. Миллий армиямизда маънавий тарбия йўналишида кўплаб ишлар амалга ошириляпти. Ҳарбий хизматчилар онги ва тафаккурига миллий истиқлол ғоялари чуқур сингдириб келинаётгани натижасида Қуролли Кучлар сафидаги ўғлонларимиз юксак ақл-заковати, интеллектуал салоҳияти, она халқига садоқати каби олижаноб фазилатлари билан ажралиб туради. Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий тарбияси соҳасида олдимизда турган муҳим вазифаларни ҳал этишга нафақат ҳарбий ходимлар, балки эл-юртимизга таниқли, катта ҳаёт тажрибасига эга зиёлилар, олимлар, ёзувчилар ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

    Тарихда ватан қаҳрамонлари кўп бўлган. Улар ҳақида битилган достонларни тинглаб минглаб ватанпарвар ўғлонлар етишди. Шулардан бири Алпомиш ҳақида тўхталишни жоиз деб биламан. Паҳлавоннинг куч-қуввати юрагида. Алпомишнинг бутун матонати ана шу юракдаги куч-қувватдан, юракдаги ўт, оловдан туғилган. Шу олов уни ўз юрти, оиласи, ор-номусини ҳимоя қилишга ундайди, уни ўз ватанининг халоскорига айлантиради. Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган йигит-қизларимизни Алпомишнинг издошларига ўхшатиш мумкин. Уларнинг юраги ҳам худди Алпомиш баҳодирнинг юраги каби бақувват. Қалби садоқатга лиммо-лим.

    Шайх Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби боболаримизнинг ватанпарварлиги, жасорати, мардлигини фарзандларимизга достон қилиб ёдлатишимиз, эртак каби эзгуликка айлантиришимиз ҳар биримизнинг бурчимиздир.

    Маҳалла кўчаларини кезарканман, ўзларини ҳарбийлардек тутиб, тенгдошларига қўрқмаслигини, ботирлигини намойиш этмоқчи бўлаётган болаларни кўриб кўзим қувонади. Мана, юртимизнинг эртанги эгалари. Бўлажак ватан ҳимоячилари, бўлажак чегарачилар. Бизнинг қудратимиз уларнинг норасида, пок қалбида улғаймоқда, йигитлик бурчини ўтаётган ўғлонларимизнинг билагида камолга тўлмоқда, ҳарбий ҳамюртларимизнинг юрагида яшамоқда. Зеро, улар борки, биз шундай осойишта, тинч, фаровон ҳаётда эркинликдан тўйиб нафас оляпмиз.

    Бўри ҚОДИРОВ,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    бўлими бошлиғи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates