“Умид ёғдуси” – умидли ёшларнинг сара мақолалари жамланган тўплам

    Маданият 2 март 2021 900

    Томчида қуёш акс этади. Ҳа, бугун қўлига қалам олиб, катта мақсадлар, эзгулик ғоясини бадиий сўзга марварид шодасидек қадаб келаётган ижодкорлар, ҳавасманд қаламкашлар, ёш журналистларимиз бор экан, ижод бўстонимизда қуёш ўзининг тароватини сочади, умидли қалблардан чиққан сўзлар эса ёғду бўлиб порлайверади.

    Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган “Ёш юраклар садоси” лойиҳаси доирасида навбатдаги “Умид ёғдуси” тўпламини нашрдан чиқарди.

    Бугун Миллий матбуот марказида ушбу китобнинг тақдимоти ҳамда тўпламга киритилган ижодкорлар билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Китобда олтмиш нафарга яқин ёш журналистларнинг 2020 йили давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари ижроси доирасида, топшириқлари асосида коронавирус пандемиясига қарши кураш, рўй берган табиий ва техноген офатларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар, бу жараёнда меҳр-оқибат, сабр-тоқат, бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва саховатпешалик каби халқимизга хос бўлган қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти, бугунги куннинг қаҳрамонлари – шифокорлар ва халқимиз манфаатлари йўлида мураккаб карантин шароитида ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаган фидойи инсонлар ҳақидаги энг сара мақолалари ҳам ўрин олган.

    Тақдимотни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

    – Ўтган 2020 йил нафақат юртимиз, балки бутун дунё аҳли учун оғир, синовли йил бўлди. Кўплаб касб эгалари ўз фаолиятини вақтича тўхтатишга тўғри келди. Юртимизда коронавирус касаллиги авж олган, табиий ва техноген офатлар рўй берган шундай оғир, карантин шароитида ҳам шифокорлар, фавқулодда вазиятлар тизими ва бошқа соҳалар ходимлари каби журналистлар ҳам карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирди, деди у. – Улар орасида ёш журналистларимиз кўпчиликни ташкил этади. Бугун тақдимоти ўтказилаётган “Умид ёғдуси” тўпламимизга ўтган синовли йил давомида ёшларимиз томонидан ёзилган энг сара ижод намуналари киритилган.

    Шунингдек, тадбирда филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви аъзоси Ҳалим Саидов ва ёш ижодкорлар Шаҳобиддин Мусаев, Ғуломжон Мираҳмедов, Отабек Исроилов, Дилобар Маматова, Юлдуз Ўрмонова ва бошқалар сўзга чиқдилар ва тенгдошларини янги тўплам билан табриклаб, ижодий парвозлар тилашди.

    Ислом АСИЛБЕКОВ,

    Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates