«Университетимиз илмий янгиланишлар ва таълимий ўзгаришлар майдонига айланиб бормоқда»

    Суҳбат 5 июл 2021 709

    Мамлакатимизда олий таълим муассасаларида қабул жараёнлари бошланди. Шу муносабат билан жорий йилнинг 16 июнида давлатимиз раҳбари раислигида тегишли масалаларга бағишланган видеоселектор ўтказилди. Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов билан мазкур видеоселектор якунлари ва белгиланган режалар борасида суҳбатлашдик.

    — Собитхон Тошпўлатович, шу йилнинг 16 июндаги видеоселекторда Президентимиз томонидан олий таълимдаги муаммолар батафсил таҳлил қилинди ва қабул жараёнига боғлиқ равишда тегишли топшириқлар берилди. Шундан келиб чиқиб, Наманган давлат университетида қандай янгиликлар кутилмоқда?

    Олий таълим зиммасига ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминловчи энг муҳим бўғин, яъни етук ва малакали мутахассисларни тайёрлаш вазифаси юкланмоқда. Бу шарафли вазифани бажариш кўп жиҳатдан олий ўқув юртларидаги бошқарув тизимини эркинлаштириш ҳамда уларга мустақил фаолият юритиш имконини бериш билан чамбарчас боғлиқ. Президентимиз томонидан видеоселекторда айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Энди ректорларнинг ваколатлари кенгаяди ва улар изланувчан ўқитувчилар, истеъдодли талабаларни, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, моддий жиҳатдан рағбатлантириш имкониятига эга бўладилар. Шу вақтга қадар ректорат барча молиявий масалаларни ҳал қилиш учун турли вазирликларнинг эшигини қоқарди. Натижада қанча-қанча зарур ишлар ортга сурилиб, қимматли фурсат бой бериларди. Энди ҳаммаси тубдан ўзгармоқда. Энг катта ютуқ – ишлаш учун шароит яратилаётгани, имкон берилаётгани.

    Бошқарувдаги мустақиллик ва эркинлик табиий равишда турли инновацияларни ўқув ва илмий тадқиқот татбиқ этиш учун замин ҳозирлайди. Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26-27 июнь кунлари вилоятимизга ташрифлари чоғида университетда 2000 ўринга мўлжалланган «Инновацион факультет»ни барпо этиш вазифаси қўйилганди. Бу олий таълим даргоҳи ривожи йўлидаги муҳим қадам бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 майдаги «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг В.И.Романовский номидаги математика институти Наманган давлат университетида ўз ҳудудий бўлинмасини ташкил этди. Бўлинма водий вилоятларидаги 13 та олий ўқув юртлари ва филиаллар математика кафедраларининг 200 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари, докторант ва мустақил изланувчиларини қамраб олди.

    Бугун университет профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳиятига юқори баҳо бериш мумкин. Улар томонидан турли халқаро лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этилаётгани янада қувонарли. Жумладан, университетда «Медиа марказ ташкил этиш» бўйича лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, унинг қиймати 28000 АҚШ долларини ташкил этади. «Аквакултура бўйича ўқув-амалий тренажёр ташкил этиш» лойиҳасининг қиймати эса 200 000 АҚШ долларига тенг. Бундан ташқари, «Маҳаллий доривор ўсимликлар асосида қон босими ва қандли диабет профилактикаси учун шифобахш ичимликлар технологиясини ишлаб чиқиш» лойиҳаси (қиймати 2 миллиард 400 миллион сўм), «Доривор ўсимликлар плантациясини яратиш» лойиҳаси (қиймати 800 миллион сўм) ҳамда «Ноанъанавий хом-ашёлардан сукатлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш» лойиҳаси (қиймати 800 миллион сўм) мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ривожига ҳам катта ҳисса қўшиши, шубҳасиз.

    Хуллас, Наманган давлат университети бугун илмий янгиланишлар ва таълимий ўзгаришлар майдонига айланиб бормоқда. Видеоселектор якунларидан келиб чиқиб мазкур янгиланиш ва ўзгаришларни изчил давом эттирамиз, янги босқичга кўтарамиз.

    Бу йил ҳам Наманган давлат университетида ўқишни орзу қилиб ҳужжат топширишга шайланаётган абитуриентларга қандай маълумотларни етказган бўлардингиз?

    Мақсадимиз — келажагимиз учун мустаҳкам пойдевор бўладиган кадрлар тайёрлаш. Бу йўлда билимдон ва истеъдодли абитуриентларни саралаб олиш муҳим вазифа ҳисобланади.

    Ҳозирги кунда университетда 18 та факультет, 40 та кафедра, 1 та бошқарма, 3 та марказ фаолият юритмоқда. 18786 нафар талаба 52 та таълим йўналиши ва 25 та магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил оляпти. 2020-2021 ўқув йилида кундузги таълимда янги юриспруденция, биотехнология, мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик ҳамда иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш, сиртқи таълимда эса филология ва тилларни ўқитиш: (рус тили), математика, география каби янги йўналишлар очилди. Илк бор математика, физика, мутахассисликлари бўйича 30 нафар, амалий математика, биология, кимё, география мутахассисликлари бўйича 10 нафар иқтидорли ёшлар тўлиқ давлат гранти асосида магистратурага қабул қилинди.

    Бу йил ҳам Давлат қабул комиссияси белгилаган квоталар асосида бакалавриат ва магистратура йўналишида талабалар қабул қилишга астойдил тайёргарлик кўрмоқдамиз. Видеоселекторда ишлаб чиқаришда зарур ҳисобланмайдиган, эҳтиёж кам йўналишлар ҳамон мавжудлиги афсус билан тилга олинди. Университетимизда бу каби салбий ҳолатлар бўлмаслиги учун мавжуд йўналишларнинг зарурлик даражасини жиддий ўрганиб чиқмоқдамиз. Ҳолатга қараб қайсидир йўналишлар ёпилади ёки янгилари очилади.

    Жорий ўқув йилидаги қабул жараёнида абитуриентларни қандай янги йўналишлар кутмоқда?

    Юқорида таъкидлаганимдек, университетимизда абитуриентларимиз учун янгиликлар кўп. Жумладан, Наманган Давлат университетида 2021-2022 ўқув йилидан тиббиёт факультетини ташкил этиш чоралари кўрилади. Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади: 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, тиббиёт факультетига талабалар қабул қилинади.

    Тиббиёт факультетида кадрлар тайёрлашда методик ёрдам бериш учун Андижон давлат тиббиёт институти бириктирилади. Факультет талабаларининг амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида вилоятдаги тиббиёт муассасаларига интеграциялаштирилади. Вилоятдаги илмий салоҳиятли ва малакали тиббиёт ходимлари педагогик фаолиятга жалб этилади.

    Шунингдек, бу йил университетимизда журналистика ва таржима назарияси йўналишларини очишни режалаштирмоқдамиз. Умид қиламизки, ушбу йўналишлар ҳам университетимизда очилиб, ҳам абитуриентлар учун, ҳам юқоридаги соҳа вакиллари учун ўзига хос совға бўлади.

    Видеоселекторда олий ўқув юртлари таркибида профессор ўқитувчилар ва докторантлар етишмаслиги кескин танқид остига олинди. Бу муаммо Наманган давлат университетида қай аҳволда?

    Дарҳақиқат, мамлакатимиз олий таълим тизимида шундай муаммо мавжуд, лекин мен университетимиздаги вазиятни муаммоли демаган бўлардим. Зеро, университетимизда фаолият кўрсатаётган 673 нафар профессор-ўқитувчиларнинг 19 нафари фан доктори, профессор, 194 нафари фан номзоди, доцентлардир. Мазкур рақамлар вақт ўтган сари янгиланмоқда. Биз ҳамкасбларимиз орасида энди академиклар кўпайишини истаймиз. Бу шунчаки ҳавойи истак эмас. Чунки профессор ўқитувчиларимиз таркибида шундай илмий унвонга муносиб мутахассислар бор.

    Давлатимиз раҳбари томонидан энг ташвишланарли ҳолат таълимдаги сифат масаласи эканлиги бир неча бор таъкидланди. Яширишнинг ҳожати йўқ, Наманган давлат университетида ҳам ўз номига номуносиб талабалар ёки ўқитувчилар учрайди. Айни муаммони ижобий ҳал этиш учун қандай чора-тадбирлар қўллаш лозим деб ўйлайсиз?

    Санжарбек, улкан ислоҳотларни амалга ошириш ўз-ўзидан бўлмайди. Баъзи муаммоларни бартараф этиш учун маълум фурсат талаб этилади. Тўғри, университетимизда бугун замон талабларидан ортда қолаётган ўқитувчилар ишлашмоқда, билими саёз талабалар ўқишмоқда. Бундан кўз юммаймиз. Оширилган контракт, яъни «супер контракт» бўйича қабул қилинган талабаларнинг савияси наинки, Наманган давлат университетида, балки мамлакатимиздаги бошқа олий ўқув юртларида ҳам мақтанарли эмас. Максимал балнинг учдан бир қисмини аранг тўплаган талабалар билимини ошириш, мустаҳкамлаш ва аълочи талабалар даражасига кўтариш - таълим сифатини яхшилашнинг энг муҳим стратегик йўли. Бу йўлда мунтазам иш олиб борилмас экан, таълим сифатини яхшилаш ҳақида ўйламасак ҳам бўлаверади. Албатта, ҳар бир олий ўқув юрти бу борада ўзига хос йўл танлайди. Наманган давлат университетида ёш ўқитувчилар ва юқори курсларнинг билимдон талабаларини янги қабул қилинган «супер контракт»чиларга кўмаклашиш тажрибаси яхши йўлга қўйилган. Ўйлайманки, имтиҳон жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш кенгайиши билан бу муаммо ҳам табиий равишда ижобий ечим топади. Имтиҳондан «йиқилиш»ни истамаган билими саёз талаба мустақил равишда ўз устида ишлайди. Ва шу тариқа таълим сифати кутилган даражада яхшиланади.

    Самимий мулоқот учун ташаккур, Собитхон Тошпўлатович!

    Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates