Яқинда филолог олим, газетамизнинг фаол муаллифларидан бири қўнғироқ қилиб қолди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, мақсадга кўчди:
– Мутахассис сифатида мендан бир лойиҳада жамоатчилик асосида иштирок этишимни сўрашган эди. Сал ёқмайроқ розилик бергандим. Мана, ҳозир ҳаяжон билан сизга қўнғироқ қиляпман. Мендан талабалар ёзган иншолар билан танишиб, баҳолаш, хулоса бериш, фикр билдиришни илтимос қилишганди. Ҳозир кўриб бўлдим. Турли йўналишда таҳсил олаётган талабаларнинг бу қадар теран мушоҳада юритиши, фикрларини аниқ ифодалашидан хурсанд бўлиб кетяпман. Бир кўринг-чи, сизга ҳам юбораман.
Фидойи муаллифимизнинг қўнғироғидан кейин ўйланиб қолдим: у бежиз ҳаяжонланмайди. Демак, ёшларимизнинг дунёқараши ўзгаряпти, тафаккури ўсяпти. Шундай бўлиши ҳам керак-да. Ахир дунёнинг эртаси, тақдири ёшлар қўлида. Давлатимиз раҳбари ёшлар келажаги билан боғлиқ ҳар қандай вазифа бирламчи аҳамиятга эга эканини бежиз таъкидламайди. Бу ёндашув «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам аксини топган. Мисол учун, ушбу муҳим ҳужжатнинг «Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш», деб номланган биринчи йўналиши 44 банддан иборат бўлса, шунинг 25 дан ортиғи бевосита ёшлар манфаатларига қаратилган.
Кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ёш авлод зиммасига залворли масъулият юклайди, ёшларимиздан халқимиз олдида турган юксак мақсадларга эришишда янада фаоллик кўрсатишни талаб этади. 30 июнь санаси мамлакатимизда Ёшлар куни, деб эълон қилинган. Шу далилнинг ўзи ҳам кейинги даврда юртимизда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини яққол тасдиқлайди.
Президентимизнинг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан учрашуви эса ҳукумат ва ёш авлод ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш йўлида муҳим қадам бўлди. Мулоқот аввалида давлатимиз раҳбари ёшлар тимсолида янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги бунёдкорларини кўраётганини таъкидлаб, турли соҳадаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёшларни алоҳида эътироф этди. Шунингдек, ўқимишли, билимли йигит-қизлар сафини кенгайтириш борасида эришилган натижаларга ҳаққоний баҳо берди.
***
Энди иншолар мавзусига қайтсак. Филолог акамиз ўзини ҳаяжонга солган иншолар гулдастасини бизга етказди. Улар Фарғона давлат университети талабаларининг ёзма ишларидан иборат экан. Турли йўналишларда таълим олаётган, келгусида турли соҳаларда фаолият юритадиган ёшларнинг битиклари билан танишиб, биз ҳам хурсанд бўлдик. Ёш ва жасоратли юраклар амри билан ёзилган бу самимий сатрларда ёшлар Ватанимизнинг «олтин фонди» дея ардоқланаётгани асл моҳияти акс этган. Иншолардан олинган иқтибослар муштарийларимизни ҳам бефарқ қолдирмаса керак.
Мубина ТЎЛҚИНОВА, жисмоний маданият факультети талабаси:
«Ватанпарварлик инсонни юксалтирувчи, куч-қувват бахш этувчи буюк фазилат. Бу туйғу инсоннинг авлод-аждодларига, ор-номусига, миллатига чуқур эҳтироми, виждонига, бурчига содиқлигидир. Яна инсон сийратига қўшиб яратилган олий туйғуки, у ўзликка садоқатдан куч олади, юксалади.
Бугун маррани баланд олган халқимиз шундай олижаноб туйғулар билан ёруғ манзилларга интилмоқда. Амалга оширилаётган ҳар бир эзгу иш айнан ватанга дахлдорлик, ўз тақдирини она юрт тақдири билан бир бутун деб билган юртдошларимиз кўнглидан қувват олмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги янгиланишлар ва тарақққиёт шиддатидан дунё ҳайратланаётгани, жаҳон майдонида янги Ўзбекистон деган давлат мустаҳкам мақомга эга бўлгани – бор гап. Барча соҳа ва тармоқлар ислоҳотга юз тутди. Энг муҳими, одамлар тафаккури ўзгарди, ҳаётга муҳаббати ошди, бугунидан розилик, эртанги фаровон ҳаётига юксак умид уйғонди. Давлатимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятини англаб етган юртдошларимиз эса ана шу эзгу ишларга ҳисса қўшиш иштиёқи билан яшамоқда, эл юмушига енг шимармоқда. Бунинг замирида чинакам ватанпарварлик борлиги яққол аёндир».
Турсуной ҲОШИМОВА, табиий фанлар факультети талабаси:
«Ҳозир дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларида ўзбекистонлик 1,5 мингдан зиёд талаба «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағи ҳисобидан таҳсил олаётгани ёки яқинда Бирлашган Араб Амирликларида ўтган катта форумда Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари глобал даражада энг нуфузли номинацияда ғолиб деб топилгани ўз-ўзидан бўлиб қолмади, албатта. Катта ёшдагилар бундан 10 йиллар олдин ўзбекистонлик ёшлар дунёнинг энг илғор олий таълим муассасаларида ўқиши ёки мамлакатимизнинг чекка қишлоқларидан чиққан ўғил-қизларнинг жаҳондаги энг етакчи компанияларда ишлашини тасаввур ҳам қила олмаганларини айтади. Бугун эса бу каби ютуқларга эришиш бизнинг авлод учун ҳеч нарса эмас. Сабаби, ҳозир мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Бу йўналишдаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун ресурс ҳам, вақт ҳам тежалмади».
Нодирахон КОМИЛОВА, жисмоний маданият факультети талабаси:
«Мен ўзимни, ҳеч иккиланмай, энг бахти кулган ёшлар қаторига қўша оламан. Ҳаракат қилиш, илм эгаллаш, озгина қунт орқали барча эзгу мақсадларга эришиш мумкинлигини кўряпман, ўз фаолиятимда ҳис қиляпман. Негадир авваллари барча муваффақият ва натижалар моддиятга боғлиқ, деб ўйлардим. Нуфузли таълим муассасаларида ўқиш, йирик лойиҳа ва дастурларда иштирок этиш фақат пул орқали ҳал этиладигандек туюларди. Президентимизнинг 14 февраль куни ёшлар билан учрашувида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларини ифода этадиган ғоя ва ташаббуслар кўп бўлганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, энди камбағал оиланинг фарзандига таълим кредити фоизсиз берилиши, қўшимча грант ажратилиши, контракт тўловининг бир қисми қопланиши қайд этилди.
Қувонарлиси, иқтидорли, билимга чанқоқ, лекин оғир оилавий шароити сабабли ўқиш имкониятига эга бўлмаган ёшларни хорижда ўқитиш бўйича янги тизим – «Ёрқин истеъдод» лойиҳаси жорий этилади. Ҳар бир маҳалладан ижтимоий ҳимояга муҳтож, билимга чанқоқ ёшлар саралаб олиниб, иқтидори аниқланиши ва салоҳиятига мос хорижий олийгоҳ танланиб, тайёргарлик курсларида ўқитилиши ёшларни руҳлантиради, албатта».
Умидахон ТУРДИМУҲАМЕДОВА, аграр қўшма факультети талабаси:
«Яқинда бир маълумот билан танишиб, қувончим ичимга сиғмай кетди. Мен таълим олаётган Фарғона давлат университети сўнгги йилларда дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасалари ва рейтинг ташкилотлари билан халқаро алоқаларни мастаҳкамлади. Ўтган йилларда Австралиянинг «УниРанк» рейтинг платформасида маҳаллий миқёсда 23-ўринни банд этди. Грузиянинг халқаро университетлар рейтинг ташкилоти – «Роунд Университй Ранкинг» (РУР) рейтингида ўқитиш индикатори бўйича 883-ўринни эгаллади. Буюк Британиянинг нуфузли «ТҲE» рейтинг агентлиги рейтингида эса ФарДУ энг кучли 500 таликка кирди. Бунда олийгоҳ сифатли таълим мезони бўйича алоҳида ўрин тутди.
Мен шу университет талабаси сифатида келгусида бу ютуқ кўрсаткичлари яхшиланиши, таълим муассасаси нуфузи ортиб боришига ишонаман. Негаки, бунинг учун юртимизда барча шароитлар етарли».
Самандар ҚОДИРОВ, ҳарбий таълим факультети талабаси:
«Инсон ҳаётида спорт муҳим аҳамият касб этиб, соғлом турмуш тарзи, интизом, ирода, ғалаба иштиёқи, жамоавийлик, соф рақобат, жисмоний ҳамда маънавий тарбиядир. Бутун дунёни бирлаштирувчи, элларни элларга, дилларни дилларга туташтирувчи куч ҳам спорт. Спортчи ёшларимизда ҳам жисмоний, ҳам чинакам инсоний фазилатлар тўғри шаклланиб бориб, улар ўзгача ватанпарварлик, юртга ва миллатга садоқат руҳида униб-ўсмоқда.
Мамлакатимизда оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотлар натижасида шу ўзгаришлардан баҳраманд бўлиб улғаяётган ёшларимиз жаҳон ареналарида муносиб ўрин эгалламоқда, юртимиз байроғини дунё узра баланд кўтармоқда. Чунки ёшларимиздаги спортга бўлган қизиқиш доимо қўллаб-қувватланмоқда ва спорт соҳасини дунё миқёсида ривожлантириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
Спорт – биз ёшларнинг жону дилимиз. Мамлакатимизда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, имкониятлари чекланган шахсларнинг жисмоний реабилитацияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида катта ишлар амалга ошириляпти. Бу ФарДУ талабаларини спортга кенг кўламда жалб этиш, хусусан, футболнинг оммавийлигини ошириш борасида йўлга қўйилган истиқболли лойиҳаларда ҳам акс этяпти. Мен негадир Европанинг номдор клубларига эмас, кўпроқ ўзимизнинг «Нефтчи» ва университетимиз футбол жамоаларига ишқибозлик қиламан. Ўзимизда ҳам иқтидорли спортчилар кўплигидан, уларнинг имкониятлари кўз очиб бораётганидан доим мамнуният хис қиламан».
Муштарий МЕЛИҚЎЗИЕВА, физика-математика факультети талабаси:
«Тарихга назар ташласак, бугунги ёш авлод учун чинакам ватанпарварлик тимсолига айланган сиймолар ҳаёти, уларнинг ватан ва эл шаъни, қудрати, тинчлиги, маърифати, маънавияти йўлида кўрсатган улкан фидойиликлари хотирамизда қайта-қайта жонланади. Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳару қишлоқни севади, уни обод этади, шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади.
Бугун янги Ўзбекистоннинг янги даври яратилаётган экан, биз – ёшлар қалбимизга ватанпарварлик туйғусини сингдиришимиз, ватанга муносиб фарзанд бўлишни олий мақсад, деб билишимиз, юксак салоҳиятимизни юрт равнақи ва ривожига йўналтиришимиз зарур. Ахир биз ватан тараққиётининг олтин пиллапояларимиз.
Ватанпарвар халқ, юртсевар авлод ўз-ўзидан шаклланмайди. Қонида оқаётган бобомерос хислатлар билан бирга, бугунги миллий-маънавий тарбия, бугунги намуна ва ибрат уларни камолга етказади. Зотан, Ўзбекистоннинг янги даврини ҳам ана шундай ватанпарварлар яратмоқда».
Ўғилой УБАЙДУЛЛАЕВА, иқтисодиёт факультети талабаси:
«Миллат тараққиёти, жамият ривожи учун аёлларимизнинг таълим олиши, илм билан шуғулланиши ва ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришга эҳтиёж катта эди. Бу эҳтиёжни қондириш учун нафақат ўқишда, балки ишда ҳам, оилада ҳам, умуман, барча жабҳада аёллар қадрланди, уларнинг илм олиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига муносиб шарт-шароитлар яратилди. Зеро, хотин-қизлар, аёлларимизга кўрсатилаётган меҳр, эҳтиром эртага мамлакат тараққиёти, билимли авлод камолоти учун пойдевор бўлади.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, олий таълим муассасалари, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пулларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилиши Ўзбекистонда амалга оширилган энг инсонпарвар ислоҳотлардан бири, десак муболаға бўлмайди».
***
Бугун сайёрамиз аҳолисининг 25 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Мамлакатимизда эса жами аҳолининг 60 фоизи ёшлардир. Ўзбекистонни бемалол ёшлар мамлакати сифатида эътироф этиш мумкин.
Яқин ўн йилликларда ёшлар давлат ва жамият бошқарувида ҳал қилувчи кучга эга бўлишини тасаввур қилсак, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш, муаммоларини вақтида ҳал этиб, шахс сифатида ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, профессионал касб маҳоратини шакллантириш каби вазифалар ниҳоятда долзарб экани ойдинлашади. Зеро, бу мавзулар иншоларда ҳам ўз аксини топгани билан аҳамиятли.
Нодир МАҲМУДОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири