баннер
30 мар 2025
22:27

    Мактабига сармоя киритган ўқувчи

    Айни пайтда Муҳаммад “Aisha AI” ва “Iqro AI” лойиҳалари устида ишламоқда. Бу лойиҳалар кутилганидек натижа берса, Ўзбекистондаги энг йирик сунъий интеллект тизимига айланади.

    Ҳар қанча машаққатни зиммага олиб, илм ўргатган фарзандимиз ютуқларга эриша бошлагач, сарфлаган харажатимизу қийинчиликлар кўзимизга кўринмайди. Дилбандимизнинг эртасидан хотиржам тортамиз. Муҳаммад Тожибоевнинг ота-онаси бу ёқимли туйғуни анча олдин ҳис этди. Муҳаммад ўсмирлик чоғидаёқ йирик муваффақиятлари билан танилди.

    Юртимизда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Жумладан, Президент соврини учун “President Tech Award” танлови ўтказиб келинмоқда. Мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган танловда Аmazon, Google каби энг йирик компаниялар мутахассислари ҳакамлик қилади. Бу ушбу танловнинг қанчалик аҳамиятга эга эканига яна бир далил. Ана шундай йирик танловда қаҳрамонимиз энг ёш иштирокчи сифатида қатнашди. 15 ёшли қатнашчига тегишли лойиҳа 50 минг АҚШ долларига лойиқ кўрилди. Бу кўплаб ота-оналарнинг ахборот технологияларига қизиқишини кучайтирди.

    Энг яхши инвестиция таълимга йўналтирилган маблағ эканини тушуниб етишига хизмат қилди.

    2021 йилдан буён ахборот технологиялари соҳасини ўрганиб келаётган Муҳаммад Тожибоев турли веб дастурлар ишлаб чиқади. У Python дастурини ўзлаштирган. Энди ўз олдига сунъий интеллект бўйича юртимизни дунёга танитиш мақсадини қўйган.

    — Ўзбекистонни ахборот технологиялари марказига айлантиришдек орзуни рўёбга чиқариш биз, ёшларга боғлиқлигидан доим руҳланамиз. Танловда қўлга киритган маблағимиз эса бунга ҳисса қўшиш учун керакли инвестиция бўлди, — дейди йигит.

    Дарвоқе, Муҳаммад ўзига тегишли мукофотнинг муайян қисмини Намангандаги ўзи 9-синфгача ўқиган мактабга ахборот технологияларини ўқитишни ривожлантириш учун ёрдам тариқасида туҳфа қилди.

    Муҳаммад муаллифлик қилган лойиҳалардан бири — юқоридаги танловда эътироф этилган дастур PCP (Poison Cuts Poison) — “Заҳарни заҳар кесади” деб номланади. Мақсад ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва кибержиноятчиликнинг илдизини қуритишдир. Платформаларда шубҳали ҳаракат бошланганда ушбу дастур ишга тушиб, фойдаланувчининг юзини, яъни жонлиликни текширади. Бунда тизимга реал ҳолатда кираётганларнинг инсон ёки бот экани юзи орқали аниқланади. Агар юзни таниш имкони бўлмаса, фойдаланувчи овози орқали текширилади. Шунингдек, дастур хакерларнинг манзилини топиш ва маълумотларини ички ишлар органларига жўнатиш имконини ҳам беради.

    Мазкур лойиҳа Намангандаги давлат идораларида синаб кўрилганда 86 фоизлик натижа кўрсатди. Ундан исталган веб-сайтларда, компьютер тизимларида фойдаланиш мумкин. Зеро, у барча веб-сайтларга керакли хавфсизлик тизими. Агар дастур ишга туширилса, кўплаб электрон платформалар билан интеграция қилиниши, глобал бозорга чиқиши ортидан ахборот технологиялари экспортига салмоқли ҳисса қўшиши мумкин.

    Муҳаммад Тожибоев БМТнинг қатор онлайн курсларида ҳам муваффақиятли ўқиган. Улардан бири “яшил” саноат сиёсати ва унинг рақобатбардошлик ҳамда тузилмавий ўзгаришлардаги аҳамиятига бағишланган. Яна бири БМТнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббуслари доирасида ташкил этилган. Изланувчан йигит бу курслар орқали глобал муаммолар ҳақида кенг тушунчага эга бўлиб, барқарор ривожланиш йўналишидаги билимини мустаҳкамлади. Айни пайтда Муҳаммад “Aisha AI” ва “Iqro AI” лойиҳалари устида ишламоқда. Бу лойиҳалар кутилганидек натижа берса, Ўзбекистондаги энг йирик сунъий интеллект тизимига айланади.

    Ёш иқтидор эгасининг адабиётга ҳам яқинлиги, адабий тадбирларда миллат фидойилари образини яратиш истаги кучли. Унинг инсон онги, стратегик фикрлаши ва жамиятдаги ўрни ҳақидаги мулоҳазалардан иборат “Ўйин қоидалари” китоби нашрга тайёрланмоқда. Китоб сиёсат, бизнес, шахсий ривожланиш ва инсон психологияси каби муҳим мавзуларни ўз ичига олади.

    Юртимизда Муҳаммад Тожибоев каби иқтидорли, изланувчан ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Мамлакатимизда истеъдодлар ўз вақтида аниқланиб, қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса ёшларда ўзига бўлган ишончни ошириб, ёруғ келажак сари дадил одимлашига сабаб бўляпти.

    Муножат РАҲИМЖОНОВА,

    журналист


    Телеграм каналимиз
    Text to speech