Ҳозир вазифаларимизни чуқур ва онгли англаш замони

    “Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача — ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур. Ҳар қайси ҳоким, ҳар бир вазир, ҳар қайси маҳалла раиси “Бугун мен ёшлар учун нима иш қилдим? Эртага фарзандларимиз манфаати учун яна нима иш қилишим керак? деган саволларига жавоб берадиган, шундай эътиқод билан яшайдиган вақт келди”.

    Телевизор орқали давлатимиз раҳбарининг бу йилги Мурожаатномасини ҳам катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатдик. Айниқса, 2021 йилнинг мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани кўнглимизга алоҳида ифтихор ва ғурур бағишлади. Шу билан бирга, ёшлар билан ишловчи ташкилот сифатида зиммамизга юкланган масъулият залворини янада оширди.

    Ёшлик — ғайрат, шижоат ҳамда жўшқинлик фасли. Ҳар бир ёш мана шу паллада ўз олдига қўйган мақсадларию режаларини амалга ошириши, юксак марраларни забт этиши умр баҳорининг энг гуллаган даврига тўғри келади. Бугунги кунда юртимизда очилаётган янгидан-янги имкониятлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳам ёшларнинг эртаси ва келажагига қаратилгани айни ҳақиқат.

    Яқинда Ёшлар форумида давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан бўлиб ўтган учрашуви барчани бирдек ҳаяжонга солганди. Унутилмас воқеликка айланган ушбу тантанали маросим йиғилганларнинг қалбу шуурида такрорланмас ва ўчмас кун сифатида муҳрланди.

    Айниқса, пойтахтимиз чиройига чирой бағишлаб турган “Ҳумо” аренасида Ўзбекистон ёшлари форумининг ўтказилиши мажозий маънода йигит-қизларнинг юксак парвозида қанот бахш этди. Юртимизнинг барча ҳудудидан келиб тадбирда бевосита ва онлайн қатнашган зукко ёшларнинг иштироки учрашувга янада кўтаринки руҳ ҳамда ўзгача шукуҳ улашди. Диллардаги ҳаяжон ва кўзлардаги қувончни эса тасаввур этиш мушкул.

    Хусусан, навоийлик ёшларнинг ҳам ушбу форумда қатнашиши, уларнинг таклиф ва ғоялари шу қатламнинг фаол аъзоси сифатида менга ҳам ғурур бағишлади. Вакилларимиз таркибида бугун вилоятимизда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган, турли спорт мусобақаларида юртимиз байроғини кўкка кўтарган, ихтиролари билан дунёни лол қолдираётган, интилувчан, изланувчан ёшларнинг борлиги ва айнан улар билан фаолиятимни олиб бораётганим кўпроқ ишлашга ундайди.

    Давлатимиз раҳбарининг “Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача — ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур. Ҳар қайси ҳоким, ҳар бир вазир, ҳар қайси маҳалла раиси “Бугун мен ёшлар учун нима иш қилдим? Эртага фарзандларимиз манфаати учун яна нима иш қилишим керак? деган саволларига жавоб берадиган, шундай эътиқод билан яшайдиган вақт келди”, деган фикрлари ҳар бир ташкилот раҳбарига алоҳида масъулият юклайди.

    Шу сабаб ҳам бугун биз вазифаларимизни чуқур ва онгли равишда англашимиз, идрок этишимиз, аввало, аниқ мақсадимиз нимадан иборат эканини билишимиз даркор. Зеро, ўз тақдиримизни миллат, Ватан ва халқ орзу-умидлари билан боғлашга бел боғлаганмиз. Ҳар биримизнинг зиммамизда шу юрт фарзандларининг қувонч ва ташвишларига шерик бўлишдек улуғ вазифа бор.

    Дунёда эзгулик деган буюк тушунча мужассам. Бу сўзнинг замирида бир олам маъно ётибди. Унинг таърифу тавсифини тўлиқ англаган ва бу ноёб туйғуни бутун вужудига жо қилган кишигина чинакамига улуғворлик, бунёдкорлик, яратувчанлик хислатларига эга бўлади. Биз мана шу тушунчаларни ёшлар онгига сингдиришимиз, ватанпарвар ўғил-қизларни тарбияламоғимиз лозим. Бунинг учун эса уларга илм ўргатишимиз, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишимиз лозим.

    Форумда сўзга чиққан ёшларнинг салоҳияти, замонамизга мос фикрлаши ва бир-бирини такрорламас дунёқараши эртанги кунга бўлган ишонч ҳиссини янада оширди. Чунончи, форум очилишида етти тилда бемалол гаплаша оладиган, тенгдошларини ҳайратга солган Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Дилшода Ҳакимовани кўриб, ўзбек қизларининг нечоғлик илмга интилувчан эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

    Жумладан, 2021 йилда олий таълим муассасасига кириш имтиҳонида энг юқори балл тўплаган икки юз нафар ёшга тўрт йил давомида Президент стипендияси берилиши, икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити ажратилиши, IELTS, TOEFL, GMAT ва SAT каби имтиҳонларда максимал баллнинг камида 75 фоизини тўплаган ёшларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қопланиши илм олиш истагидаги йигит-қизларнинг кўнглидаги гап бўлди. Шунингдек, ёшларимизнинг янги лойиҳаларини молиялаштириш учун 100 миллион АҚШ доллар йўналтирилиши, ёш мутахассисни ишга олган ташкилотларга имтиёзлар берилиб, ҳудудларда ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилиши, ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ёшлардан гуруҳ ташкил қилиниб, улар дунёнинг гигантлари Facebook, Google каби компанияларнинг тажрибасини ўрганиш учун АҚШдаги Силикон водийсига саёҳатга юборилиши режалаштирилгани мисолида ҳам ҳар жабҳада ёшларнинг эртаси ва келажаги учун аниқ режалар ҳамда эзгу мақсадлар кўзланганининг гувоҳи бўламиз.

    Мурожаатномада мазкур имкониятларни мазмунан бойитувчи, қамрови ва кўламини кенгайтирувчи қатор лойиҳалар хусусида сўз юритилдики, уларнинг рўёби юртимиздаги минглаб ўғил-қизларнинг парвозига қанот бағишлайди. Бу каби имкониятлар, яратилган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда, мамлакатимиз равнақи, халқимиз манфаатларига хизмат қилиш, дадил қадамлар билан улкан марраларни забт этиб, мамлакатимиз довруғини бутун дунёга таратиш — барчамизнинг эзгу мақсадимиз. Бу йўлда давлатимиз раҳбарининг юксак эътибор ва ишончи Ўзбекистон ёшларига мустаҳкам таянч ва суянч вазифасини ўтайди.

    Жамшид ХОЖАЕВ,

    Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги

    Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи,

    сенатор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates