Жорий йил 18-20 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Б.Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Ветнам пойтахти Ханой шаҳрига бўлиб турибди.
Ташриф доирасида 19 март куни икки давлат ишбилармон доира вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Ветнам бизнес форуми ҳамда B2B форматидаги икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.
Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда 100 дан ортиқ йирик ветнам ва ўзбек компаниялари вакиллари қатнашди.
Форум доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, саноат кооперациясини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди.
Тадбир якунлари бўйича, икки давлат ишбилармон доира вакиллари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди.
Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ветнам Савдо-саноат палатаси ўртасида Ветнамнинг Хошимин шаҳрида Ўзбекистон-Ветнам қўшма савдо уйини очиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.