Владимир Норов Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири билан учрашди

    Халқаро ҳамкорлик 4 октябр 2022 2148

    2022 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто билан амалий учрашув ўтказди.

    Ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи доирасидаги музокаралар дастури ва кун тартибини атрофлича муҳокама қилдилар, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқдилар.

    Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари 2021 йилда стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан кейин ушбу олий даражадаги ташриф икки мамлакат ўртасидаги фаол ва кенг қамровли мулоқотнинг, етакчилар ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатларнинг мантиқий давоми эканлиги мамнуният билан қайд этилди.

    Вазирлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам равишда давом эттириш, 2023 йилгача бўлган вазирликлараро ҳамкорлик дастурини сифатли мазмун билан бойитиш муҳимлиги тўғрисида келишиб олдилар.

    Шу кунларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ташқи алоқалар ва савдо институти ўртасида ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши бунинг ёрқин тасдиғидир.

    Шунингдек, автомобилсозлик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали иқтисодий дипломатияни фаол ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

    Вазирлар парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, таълим соҳасидаги алоқаларни, жумладан, «Stipendium Hungaricum » дастури асосида мустаҳкамлаш бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.

    Халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусан, БМТ, ЕХҲТ ва ТДТ доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

    Венгрия томони Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янгиланган битимни тез фурсатларда имзоланишида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

    Мулоқот чоғида халқаро ва минтақавий сиёсатнинг айрим жиҳатлари, хусусан, Афғонистондаги бугунги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

    Учрашув якунида икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates