Халқ саломатлиги — пировард мақсадимиз

    Давлатимиз раҳбари айни вақтгача амал қилган ордер тизимидан мутлақо воз кечиб, янги, замонавий навбат тизимини жорий этиш бўйича қатъий топшириқ берди. Бу жараёнда инсон омилидан буткул воз кечилиб, электрон навбат тизими жорий этилади.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасига юксак эътибор қаратиляпти. Жумладан, Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, юртимиздаги барча онкология шифохоналаридаги шартшароит, даволаш сифати ўрганилган.

    Онкологик касалликлар бўйича энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти филиалларига тўғри келган. Яъни уларда барча беморларнинг қарийб 37 фоизи даволанган. Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва вилояти шифохоналарини ягона муассаса сифатида бирлаштириш таклифи билдирилди. Бунинг натижасида салоҳиятли мутахассислар ва юқори технологик ускуналар бир жойда жамланиб, даволаш сифати оширилади. Беморлар сарсон бўлишининг олди олинади. Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида Республика онкология ва радиология тиббиёт марказининг янги биноси барпо этилади. Ундан халқаро талабларга жавоб берадиган 650 ўринли стационар, энг муҳими, замонавий аппаратлар билан жиҳозланган радиотерапия бўлимлари ўрин олади.

    Янги марказда позитрон-эмиссион томография, радиоизотоп текширишлар, занжир реакцияли анализаторлар, магнит резонансли томография, ангиография учун замонавий ускуналар ўрнатилади. Иммунотерапия, таргет терапия, чизиқли тезлаткич ёрдамида ва стереотоксик нурли терапия, радиохирургия каби янги даволаш услублари жорий этилади. Биз бир гуруҳ мутахассислар билан бирга Жанубий Кореянинг қатор тиббиёт муассасалари, онкология марказларини кўриб келдик. Ўйлайманки, орттирган тажрибамиз Республика онкология ва радиология тиббиёт марказининг янги биносини ишга туширишда асқотади.

    Президентимиз ҳузурида ўтказилган тақдимотда тиббиётдаги энг муаммоли масалалардан бири кўтарилди. Бу гематология соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш билан боғлиқ. Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан иккита янги қурилган бино гематология хизмати ихтиёрига фойдаланиш учун топширилди.

    Тақдимот асносида қисқа вақтда, бир-бир ярим ойда у ерга Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказидаги беморларни кўчириш масаласи муҳокама қилинди. Мулоқот давомида Президентимиз у ерда ишлаётган тиббиёт ходимлари — раҳбардан тортиб хўжалик бекасигача — янги шароитда ишлашга ўргатилган ва муносиб мутахассислар бўлиши зарурлигини таъкидлади.

    Ҳозир республика миқёсидаги ва ҳудудий ихтисослашган кўплаб марказларда беморларнинг даволаниши учун ордер бериш тизими мавжуд. Афсуски, бу борада коррупция ҳолатлари кузатиляпти. Шу боис, давлатимиз раҳбари айни вақтгача амал қилган ордер тизимидан мутлақо воз кечиб, янги, замонавий навбат тизимини жорий этиш бўйича қатъий топшириқ берди. Бу жараёнда инсон омилидан буткул воз кечилиб, электрон навбат тизими жорий этилади. Ҳеч қандай коррупцияга ўрин қолмайди. Беморлар учун белгиланган вақтда шифохонада ётиб даволаниш имконияти яратилади.

    Бундан ташқари, тақдимотда гематология ва онкология шифохоналарини дори-дармон билан тўлиқ таъминлаш ҳақида ҳам сўз юритилди. Бунинг учун давлат бюджетидан қўшимча 65 миллиард сўм ажратилади. Энди Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика онкология ва радиология тиббиёт марказининг янги бинога ўтказиладиган беморлари давлат томонидан дори-дармон билан тўлиқ таъминланади. Биз, тиббиёт ходимлари тақдимотда белгиланган вазифаларни худди Президентимиз айтганидек бажаришни зиммамизга олдик ва буни масъулият билан адо этамиз.

    Абдуҳаким ҲОЖИБОЕВ,

    соғлиқни сақлаш вазири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates