Халқаро баҳолаш тадқиқотлари — таълим сифатида муҳим қадам

    Пойтахтимизда “Халқаро баҳолаш ва таълим сифатини тадқиқ этишнинг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

    Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда халқаро баҳолаш дастурлари тадқиқотларига тайёргарлик натижалари сарҳисоби, таълим сифатини баҳолаш бўйича маҳаллий экспертлар тадқиқотлари натижалари таҳлил этилмоқда.

    Дунёда юздан ортиқ давлат ўз мамлакатида жорий этилган таълим сифатини холисона баҳолаш мақсадида PISA, TIMSS, PIRLS, TALIS, EGRA ҳамда EGMA каби халқаро баҳолаш тадқиқотларида иштирок этади. Жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам биринчи марта PISA ва бошқа халқаро баҳолаш тадқиқотларида иштирок этиши кўзда тутилган.

    Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида 2030 йилга бориб PISA ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш бўйича вазифалар белгиланган.

    PISA, TIMSS ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш мақсадида А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан “Stesting” лойиҳаси доирасида 100 дан ортиқ тренажёр видео яратилди ва “Stesting” платформаси ишга туширилди.

    Бу платформа ўқувчиларнинг халқаро баҳолаш дастурлари доирасидаги топшириқлар билан ишлаш кўникмасини шакллантиришга қаратилган электрон тизим ва видео маҳсулотларни ўз ичига олган. Унга 1500 тадан ортиқ тест жойлаштирилган.

    Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш, тестларни ечиш кўникмасини шакллантиришга қаратилган мазкур электрон платформа сентябрь-октябрь ойларида муайян мактабларда тажриба-синовдан ўтказилди. Энг муҳим жиҳатлардан бири ушбу платформадан фойдаланиш мутлақо бепул. Бугунга қадар ушбу платформада 2,6 миллиондан ортиқ ўқувчи рўйхатдан ўтган ва уларнинг диагностик баҳолаш натижалари таҳлил қилинган.

    Конференцияда эришилган дастлабки натижалар тўғрисида халқаро ташкилотлар, ҳукумат вакилларига маълум қилиниб, ҳамкорликдаги фаолиятни самарали ташкил этиш бўйича фикр алмашилмоқда.

    Аюбхон РАДЖИЕВ, Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот

    институти раҳбари:

    Мамлакатимиз иштирок этадиган халқаро таълим сифатини баҳолаш тадқиқотларига тайёргарлик доирасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Конференцияда кўзда тутилган асосий мақсад “Stesting” платформаси орқали уч ой мобайнида барча маълумотлар таҳлилини кенг оммага етказишдан иборат.

    Конференцияга биз бежиз турли халқаро ҳамкор ташкилотларни таклиф этмадик. Чунки ҳар бири билан таълим сифатини оширишга боғлиқ алоҳида лойиҳаларимиз бор. Математик саводхонликни ошириш, миллий баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш, ўзбек тилининг тўртта кўникмасига асосланган тизимни яратиш, жорий этилаётган янги авлод дарсликлари бўйича ўқитувчилар малакасини ошириш дастурларини ҳамкорликда ишлаб чиқдик. Улар ҳам шу конференция доирасида бу борада эришган ютуқлари ва бажараётган ишлари, истиқболдаги режалар ҳақида тақдимот қилишяпти.

    Лазиз ХЎЖАҚУЛОВ, Халқ таълими вазирлигининг таълим сифати жараёнларини мувофиқлаштириш, педагог кадрларни тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини ошириш бошқармаси бошлиғи:

    — Мамлакатимизда берилаётган таълим сифатига халқаро доирадаги экспертларнинг баҳоси жуда муҳим. Сабаби, ҳеч қайси мамлакат ўз таълим тизимига холис баҳо бера олмайди. PISA тадқиқотлари эса дунёнинг юздан ортиқ мамлакатида стандартлаштирилган тестлар орқали ўтказилади. Таълим ривожланган мамлакатлардаги 14 ёшдаги болаларнинг билим даражасини бир хил мезонда ўлчаш имконини беради. PISA тадқиқотларида Ўзбекистоннинг иштироки мамлакатда таълим сифати нечоғлик даражада эканини халқаро миқёсда кўрсатади. Бу нима учун муҳим? Аввало, таълимдаги ўзгаришларда тўғри йўлдан кетяпмизми, деган саволга жавоб топилади. PISA тадқиқотларида шундай саволлар бериладики, бу қайсидир бир фактга асосланган бўлмайди. Битта саволда бир нечта фанлар элементлари жамланган ва унда кимё, физика, биология ҳам бўлиши мумкин. Тест болаларнинг мустақил ҳаётга нечоғлик тайёрлигини баҳолайдиган синов.

    Ҳозирги кунда миллий ўқув дастури ишлаб чиқилмоқда. Миллий ўқув дастури доирасида болаларга энди назарий билим эмас, ҳаётий кўникма ва малака бериш устида иш олиб борилмоқда. Шу орқали биз халқаро баҳолаш дастурларида натижага эришишимиз мумкин.

    Геоффрей Ижумба, ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси вакили ўринбосари:

    — Ўзбекистон халқаро баҳолаш тизими (PISA)га кириш бўйича хоҳиш билдиргани жуда ҳам муҳим. Чунки PISA таълимни қандай қилиб такомиллаштириш мумкин бўлган барча саволларга жавоб тизими ҳисобланади. Бу, албатта, катта тайёргарлик талаб этади. Жуда кўп мутахассислар бунинг устида ишлайди. Лекин якунда биз обеъктив маълумотни олиш имкониятига эга бўламиз.

    Ўзбекистон таълим тизими 2030 йилга бориб айнан PISA халқаро баҳолаш дастурида биринчи ўттизталикка кириши учун зарур кўмак берамиз. Бундан ташқари, миллий баҳолаш тизимини ҳам ҳозир шакллантириш ҳаракатидамиз. Мазкур миллий тизим жуда ҳам муҳим. Чунки унинг бир нечта компоненти бўлади. Бу сизга қиз ва ўғил болалар кесимида вилоятлар, туманлар, шаҳарларни таққослаш имкониятини яратади. Биз қаерда камчилик, бўшлиқ борлигини билган ҳолда зарур чора-тадбирлар кўрамиз.

    Мазкур халқаро конференция якунида халқаро баҳолаш тадқиқот дастурларига тайёргарлик, эришилган ютуқ ва камчиликларни аниқлаш, халқаро баҳолаш дастури натижалари асосида умумтаълим мактабларида таълим сифатини баҳолаш миллий тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда мактаб ўқувчиларининг келажакдаги халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик даражасини оширишга доир таклифлар тайёрлаш кўзда тутилган.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates